Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев «Экокерама» корхонасига ташриф буюрди: бу ерда кластер ташкил этилади (фото)

Шавкат Мирзиёев «Экокерама» корхонасига ташриф буюрди: бу ерда кластер ташкил этилади (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташрифи доирасида «Экокерама» масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари юртимиз фойдали қазилмаларга бойлиги, лекин улар асосида тайёрланадиган материаллар катта миқдорда четдан келтирилаётганига эътибор қаратди.

Масалан, Андижон вилоятида кальцит, Самарқандда кварц, Тошкент вилоятида каолин, Қашқадарёда дала шпати ва Фарғонада доломит хомашёси бор. Лекин йилига қарийб 650 минг дона сантехника товарлари импорт қилиб келинган.

«Шунча имконият бўла туриб, биз кимни боқяпмиз? Халқимизни боқсак бўлмайдими? — дея ҳақли савол қўйди Президент. — Мамлакатимизнинг ҳар бир қарич ери, ҳар бир бойлиги аҳоли жон бошига даромадни кўпайтиришга хизмат қилиши керак».

«Экокерама» йилига 500 минг дона 20 турдаги сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Яъни, импортнинг аксарият қисми ўрнини тўлдиради. Бундан ташқари, минтақамиз давлатларида 50 миллион долларлик бозор бор. Корхона қувватини ошириб, маҳсулотларнинг 60 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган. 100 фоиз маҳаллий хомашёдан фойдаланилиши ҳамда энергия тежовчи технологиялар қўлланилиши сабабли «Экокерама» маҳсулотлари хорижий муқобилларига нисбатан арзон бўлади.

Корхонанинг лойиҳа қиймати 15 миллион доллар. Жумладан, 11 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилган. Ҳозирда 500 киши иш билан таъминланиб, тест режимида дастлабки буюмлар тайёрланган.

Давлатимиз раҳбари бу корхонани кластерга айлантириш, карьерлар ажратиб бериб, камида 30 йиллик хомашё захираси билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Корхонага маҳсулотларини сотишда кўмаклашиш, хусусан, қурилиш материаллари бозорларида дўконларини ташкил этиш, давлат томонидан қурилаётган объектларда бу сантехника буюмларидан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди. Ўз навбатида, компания раҳбариятига маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш, бошқа вилоятларда ҳам шундай корхоналар очиб, янада кўп ёшларни иш билан таъминлаш тавсия қилинди.

Шу ерда Фарғона вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Хусусан, енгил саноатдаги проектлар самарасида пахта толасини қайта ишлаш ҳажми кескин ошади. Жорий йил якунида калава ип қайта ишлаш даражаси 56 фоизга, келгуси йили 71 фоизга етади. Илгари вилоятда жами 80 миллион долларлик пахта толаси оддий хомашё сифатида сотилган бўлса, бу йил қарийб 314 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинади. Бу кўрсаткични 2021 йилда 540 миллионга, келгусида 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг