Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев инвестиция бўйича ўтган йиллардаги асосий камчиликларни санаб ўтди

Шавкат Мирзиёев инвестиция бўйича ўтган йиллардаги асосий камчиликларни санаб ўтди

Фото: «President.uz»

Аввал хабар берганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 17 январь куни Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштириш бўйича жорий этилган янги тартиб асосида ишларни ташкил этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Илгари ушбу соҳа раҳбарлари юқори рақамлар ортидан қувиб, инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш бўйича кўрсаткичларни ошириб кўрсатишни касб қилиб олган эди. Бунинг оқибатида ҳокимликлар ва тармоқ раҳбарлари ушбу «юк»ни бажариш учун молиялаштириш манбаси кафолатланмаган ва ташаббускори аниқ бўлмаган, ҳудудлар ва тармоқлар ривожланишига мос келмайдиган самарасиз лойиҳаларни Инвестиция дастурларига киритишга мажбур бўлар эди.

Масалан, 2012-2017 йиллар давомида «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти томонидан умумий қиймати 3,3 миллиард АҚШ доллари бўлган 14 та лойиҳа инвестиция дастурларига киритилган. Кейинчалик уларнинг барчаси мақсадга мувофиқ эмас деб топилган ва ҳукумат қарорлари билан тўхтатилган. Энг ачинарлиси, мазкур лойиҳалар ҳужжатларини тайёрлашга 185 миллион АҚШ доллари сарфланган.

Инвестиция дастурларини шакллантириш ва лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш борасида ҳам қатор муаммолар бор. Бу жараён 15 йил аввал қабул қилинган қарорларда белгиланган мезон ва тартиблар асосида амалга ошириб келинган. Жумладан, лойиҳанинг техник иқтисодий асослари, бизнес режаси ва тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилгандан сўнг ваколатли органлар билан такрор ва такрор келишилиши оқибатида унинг экспертизаси белгиланган 15 кун ўрнига 6 ойгача чўзилиш ҳолатларига кўп маротаба йўл қўйилган. Бу инвестиция лойиҳасининг қимматлашиши ва рентабеллиги пасайишига олиб келган.

Лойиҳалар пухта ҳисоб-китоб қилинмагани, уларни амалга оширишга инвесторларнинг ўз маблағлари жалб этилмагани оқибатида кўплаб корхоналар банкрот бўлган. Уларни соғломлаштириш вазифаси зиммасига юкланган тижорат банклари ҳам катта зарарлар кўрган. Шу боис жорий йилдан бошлаб банкрот корхоналарни банклар балансига бериш амалиётига чек қўйилди.

Юзаки ўтказилган иқтисодий таҳлил оқибатида лойиҳалар фойдаланишга қабул қилинганидан кейин ҳам ўзини оқламаган — хомашё йўқлиги, энергия ва газ билан таъминланмагани, иқтисодий жиҳатдан самарасиз бўлгани сабабли маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилмай қолган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг