Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Мен депутатлар таклифи маъқулланмаган бюджетга қўл қўймайман»

Шавкат Мирзиёев: «Мен депутатлар таклифи маъқулланмаган бюджетга қўл қўймайман»

Шавкат Мирзиёев: «Менга Ватанни севадиган, ўзбек миллатини севадиган, эртанги кунимизга бефарқ бўлмаган молия бошлиғи керак».

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев халққа мурожаат қилмоқда.

— Мен нима учун ҳар сафар олдиларингизга келяпман, ҳисобот беряпман? Айтинглар, нима қилай, қандай қарор чиқарайлик одамлар бизга ишониши учун? Таклиф беринглар. Мана, орадан бир йил ўтиб кетди, бирорта депутат менга хат ёзмайди. Ёзинглар, таклиф беринглар. Бу ерда фалон бўляпти, бу ерда пистон деб айтинглар, — дея таъкидлади Президент.

— Кеча телевизорда кўрдим — депутатларнинг, сенатнинг бюджетни муҳокама қилганини. Мен сизлардан розиман. Розиман. Олдиларингда айтаман, қайси депутат чақиб-чақиб олганини, жаноб Қўчқоров. Тўғри чақдиларинг. Қачонгача индамай ўтирасизлар? Мен депутатлар таклифи маъқулланмаган бюджетга қўл қўймайман, сизлар айтгандан кейин қўл қўяман. Молия вазирлигида ўтирган ноинсофлар бюждетга эга эмас. Халқимизга осон бўлган бюджетга қўл қўяман. Сизлар маъқуллайсизларми-йўқми шуни?

— Мен нима учун 15-20 йилдан бери ишлаётган молиянинг «м» ҳарфини тушунмайдиган одамларини ҳайдаб юбордим? Олдин ҳар бир одамни бой қилайлик, кейин ўзи тўлайди солиғини. Яна ўша гап. У бечораларни олдин тарож-торож қилиб, кейин қандай солиқ тўлайди? Энди-энди одамлар ўзгаряпти, энди-энди ишоняпти. Ақлли молия вазири бўлсанг, ўйла, ноинсоф, атрофингдагиларни ҳаммасини ҳайдавор. Қўчқоров шу ердами? Мен сизларнинг олдингизда айтяпман, агар бир ой ичида ўзгариш қилмаса, ишдан оламан. Менга бунақа молия керак эмас. Молияда ўтирганларнинг ҳаммасини ҳайдайди. Битта Острагорский деган ноинсофни ҳайдаганман, ҳалиям унинг ҳиди келиб турибди. Ташқаридаги бир-иккитаси ишлаяпти. Менга Ватанни севадиган, ўзбек миллатини севадиган, эртанги кунимизга бефарқ бўлмаган молия бошлиғи керак. Депутатларга келсак, мен сизлар билан нега учрашяпман? Уйғонинглар энди, сизлар ҳам обрў қозонинглар энди, — деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг