Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги хусусий клиникага ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги хусусий клиникага ташриф буюрди

Фото:Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида Мирзо Улуғбек туманидаги DMC хусусий клиникасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Мазкур шифо масканида офтальмология, нейрожарроҳлик, пластик жарроҳлик, кардиология, педиатрия, реабилитация каби ўн бешдан ортиқ ихтисослик бўйича ташхислаш ва даволаш йўлга қўйилган. Бу жараёнга тиббиёти ривожланган давлатларда қўлланилаётган амалиёт ва технологиялар жорий этилган.

Хусусан, клиника АҚШ, Германия, Австрия, Японияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Шифокорлар Германия, Австрия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япониядаги етакчи тиббиёт марказларида малака оширган.

Беморлар биринчи қаватда ташхисдан ўтказилиб, мутахассислар маслаҳатини олади. Иккинчи қаватда жарроҳлик амалиётлари бажарилади. Зарур ҳолларда юқори қаватларда ётиб даволанади.

Президент инновацион клиникадаги шароитларни кўздан кечирди, шифокорлар билан суҳбатлашди. Касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш, сифатга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

- Биз нима учун тиббиётда хусусий тармоққа шароит яратяпмиз? Рақобат бўлиши керак. Рақобат бўлса, сифатга интилиш бўлади, даволаш, хизмат кўрсатиш яхшиланади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Клиника кўриш қобилиятини тиклаш бўйича етакчи марказлардан биридир. Бу ерда кўз тўр пардаси касалликлари ва патологик ҳолатларни ташхислаш имконини берадиган «Topcon» тамограф-ангиограф текшируви, нейрофизиологик реабилитация, компьютерли биобошқарув каби ноёб даволаш усуллари қўлланилади.

Президентимиз компьютерли биобошқарув хонасида ҳам бўлиб, бу усул орқали медикаментларсиз даволаш, руҳий ва нутқий нуқсони бор беморларни соғлом ҳаётга қайтариш мумкинлигига эътибор қаратди.

Шу ерда кўз микрожарроҳлиги бўйича ўқув симулияцион марказ ташкил этиш лойиҳаси тақдим қилинди. Давлатимиз раҳбари лойиҳани маъқуллаб, кадрлар малакасини оширишга хизмат қиладиган бундай симулияцион марказларни тиббиётнинг бошқа йўналишлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Фото:Президент матбуот хизмати
Фото:Президент матбуот хизмати
Фото:Президент матбуот хизмати
Фото:Президент матбуот хизмати
Фото:Президент матбуот хизмати

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг