Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев МДҲ давлатлари мудофаа вазирлари билан учрашди

Шавкат Мирзиёев МДҲ давлатлари мудофаа вазирлари билан учрашди

Фото: Пресс-служба Президента

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган МДҲга аъзо давлатлар мудофаа идоралари раҳбарларини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Озарбайжон мудофаа вазири З.Гасанов, Арманистон мудофаа вазири Д.Тоноян, Беларусь мудофаа вазири А.Равков, Қозоғистон мудофаа вазири Е.Ермекбаев, Россия мудофаа вазири С.Шойгу, Тожикистон мудофаа вазири Ш.Мирзо, Қирғизистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Р.Дуйшенбиев ва МДҲ Мудофаа вазирлари кенгаши котиби Ю.Дашкин иштирок этди.

Президентимиз делегациялар раҳбарларини қутлар экан, МДҲ Мудофаа вазирлари кенгашининг мажлиси илк бор Тошкентда ўтказилаётгани мамлакатимизнинг Ҳамдўстлик фаолиятидаги иштироки янги босқичга кўтарилганидан далолат эканини таъкидлади.

Ўтган йилда Ўзбекистон Ҳамдўстликнинг иқтисодиёт, энергетика, фан ва инновациялар, жиноятчиликка қарши курашиш каби соҳаларда ҳамкорлик бўйича 10 дан ортиқ тармоқ органларига қўшилди.

Учрашувда МДҲ доирасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни, шу жумладан, идоралараро шерикликни янада кенгайтириш, икки ва кўп томонлама тадбирлар ўтказиш, ҳарбий кадрларни профессионал тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.

Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг, жумладан, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

МДҲ мамлакатлари мудофаа идоралари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўз давлат раҳбарларининг саломи ва эзгу тилакларини етказди. Ўзбекистонда Қуролли Кучларни модернизация қилиш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга, шунингдек, мамлакатимизнинг минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга доир ташаббусларига юксак баҳо берилди.

Мудофаа идоралари ўртасида томонларни қизиқтираётган масалалар бўйича конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлик билдирилди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари МДҲ Мудофаа вазирлари кенгаши мажлиси ишига муваффақият ва самарали натижалар тилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг