Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилдик»

Шавкат Мирзиёев: «Сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилдик»

Фото: Президент матбуот хизмати

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев музокаралар анъанавий дўстлик ва ўзаро англашув руҳида ўтганини, давлат раҳбарларининг минтақада ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлашга бўлган интилиши ва қатъий сиёсий иродасининг яққол ифодаси бўлганини таъкидлади.

– Биз ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилдик. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш йўлида бутунлай ҳамфикр эканимизни яна бир бор тасдиқладик. Учрашув долзарб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича бизнинг қараш ва ёндашувларимиз, ўзаро жуда яқин эканини намойиш этди, – деди давлатимиз раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда савдо тўсиқларини бартараф этиш, саноат кооперациясини янада кучайтириш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва минтақанинг транзит имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилгани маълум қилинди.

Томонлар ҳудудлар даражасида фаол алмашинувлар ва  мулоқотни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, илм-фан, таълим, туризм, маданият ва спорт соҳаларида қўшма тадбирларни мунтазам ўтказишга келишиб олдилар.

Музокаралар чоғида минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун кўп томонлама ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратилгани айтилди.

Саммит якунида Қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда Маслаҳат учрашувларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш регламенти маъқулланди.

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев бир овоздан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг Фахрий раиси этиб сайланди.

– Бизни муштарак тарих ва маданият, ягона муқаддас дин, ўхшаш менталитет, маънавий-ахлоқий қадриятлар ва анъаналар, ҳамда ажралмас дўстлик чамбарчас боғлаб туради. Буларнинг барчаси, халқларимиз фаровонлиги ва равнақи йўлида Марказий Осиё давлатлари салоҳиятини бирлаштиришга қаратилган ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви келгуси йили Қирғизистонда ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг