Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Туркистон — Америка уюшмаси президентини орден билан тақдирлади

Шавкат Мирзиёев Туркистон — Америка уюшмаси президентини орден билан тақдирлади

2018 йилнинг 15 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги элчиси Жавлон Ваҳобов Туркистон — Америка уюшмаси президенти Абдулла Хўжага давлатимизнинг «Дўстлик» орденини тантанали равишда топширди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 декабрь куни Абдулла Хўжани миллий қадриятларимиз ҳамда анъаналаримизни авайлаш, АҚШдаги ватандошларимизни жипслаштириш, Ўзбекистон ва Америка халқдари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги фидокорона хизматлари учун «Дўстлик»  ордени билан тақдирлашга оид Фармонни имзолаган эди.

Абдулла Хўжа Ўзбекистон Республикаси мустақиликка эришган кунни Америкадаги ватандошларимизнинг узоқ йиллик орзуси ушалган сана сифатида қабул қилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. У хориждаги ватандошлар билан олиб борилаётган фаол мулоқот, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оғирини енгиллаштиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар учун Ўзбекистон раҳбарига чуқур ва самимий миннатдорлик изҳор этди.

Нью-Жерси штатининг Довер шаҳрида Туркистон — Америка уюшмаси ташкил этилганлигига 60 йил тўлиши муносабати билан 250 га яқин ватандошларимиз иштирокида ўтказилган тадбирда нутқ сўзлаган элчи Жавлон Ваҳобов ушбу уюшма президенти давлатимизнинг юксак мукофоти — «Дўстлик» ордени билан тақдирланганлиги ватандошларимизга қаратилаётган эътиборнинг яққол исботи эканлигини таъкидлади ва «Ўзбекистонни жонажон Ватани деб билган, юртини дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторида кўриш, бундан кейин ҳам жаҳондаги нуфузи ва обрўси янада юксалишига хайрихоҳ бўлган ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш» Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарининг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолишини қайд этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг