Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев ёшларни хорижда ўқитиш учун катта маблағ ажратишни топширди

Шавкат Мирзиёев ёшларни хорижда ўқитиш учун катта маблағ ажратишни топширди

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 декабрь куни замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозирги пайтда хорижда докторантура ва магистратурада ўқитиш, малака ошириш ва стажировкани ташкил қилиш бўйича дастлабки эҳтиёж 3,5 мингдан ортиқ. Юртимизда халқаро илмий ва амалий тажриба эга 600 нафардан зиёд ватандошларимизга эҳтиёж мавжуд. 1000 га яқин хорижий олимлар ва экспертларни жалб этишга талаб бор.

Яъни, бугун кечиктириб бўлмайдиган, оддий илмий ва илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёж 5 мингдан зиёдни ташкил этади. Агар ишлаб чиқаришдаги талаб ҳам инобатга олинса бу рақам камида 50-100 бараварга ошади.

– Бу ҳали бугунги эҳтиёж. Яқин ва узоқ истиқболдаги иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан бизга қайси соҳа учун қандай мутахассис керак бўлади? Шуни ҳозирдан чуқур ўйлашимиз, замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрларни тарбиялашимиз керак. Бу масала бизнинг келажагимиз, бизнинг эртанги кунимиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг жорий йил 25 сентябрдаги фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилган эди.

Жамғарма олдига ўзбекистонлик иқтидорли ёшларни докторантура ва магистратура дастурлари бўйича ўқитиш, турли соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ва стажировкасини ташкил этиш, хориждаги ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни мамлакатимизда бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга жалб қилиш, чет элдаги университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорликда юқори малакали кадрларни тайёрлашга қўмак бериш вазифалари қўйилган.

Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун 2019 йилда давлат бюджетидан 45 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, бу маблағ янада ошириладиган бўлди.

Йиғилишда шу йўналишдаги ишларни тўғри ташкиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Вазирлар Маҳкамасига “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан биргаликда барча вазирлик ва идоралар кесимида хорижда кадрлар тайёрлаш, стажировкасини ташкиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Олий таълим вазирлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармасига кадрларни хорижга юбориш бўйича устувор йўналишларни аниқлаб, танлов эълон қилиш бўйича топшириқ берилди.

Жамғарма Ташқи ишлар вазирлиги, Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда хорижда қимматли тажрибага эга бўлган ватандошларимиз тўғрисидаги маълумотларни шакллантириб бориши, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мамлакатлар ва мутахассисликлар кесимида ватандошлар тўғрисида маълумотлар реестрини тезроқ ишга тушириши зарурлиги қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга жалб этилаётган ҳар қандай хорижий инвестициянинг маълум бир қисмини малакали мутахассислар тайёрлашга йўналтириш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда яна бир масала – истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш, уларнинг касб малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Республика бўйича вазирлик, идора ва ташкилотларда раҳбар кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида ўтказилган танловнинг дастлабки босқичидан сўнг 8 минг 334 талабгордан 3 минг 825 нафари кейинги босқичларга тавсия этилди. Якунда 50 нафар юқори малакали кадр танлаб олинади.

Президент танловнинг финал босқичи иштирокчиларини қисқа муддатли курслар орқали малакасини ошириш кераклигини таъкидлади. Танлов ғолибларининг стажировкаси қайси ривожланган мамалакатда, қайси ташкилотлар ва қандай мезонлар асосида ўтказилишини аниқ белгилаш бўйича топшириқлар берди.

Президент кўрсатиб ўтган масалалар ижроси юзасидан мутасадди раҳбарлар ҳисобот берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг