Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Суд «майдон» воқеалари юзасидан Янукович иши бўйича сиртдан текширув ўтказишга рухсат берди

Суд «майдон» воқеалари юзасидан Янукович иши бўйича сиртдан текширув ўтказишга рухсат берди

Фото: «Riafan.ruk»

Киевнинг Печерский туман суди Украина Бош прокуратурасининг собиқ президент Виктор Януковичнинг 2014 йил февраль ойида Киевда юз берган «майдон» воқеаларига алоқадорлиги хусусида махсус (сиртқи) тергов ўтказиш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирди. Чоршанба куни шу ҳақдаги қарор судья Светлана Шапутко томонидан эълон қилинди. «Суд қарори устидан шикоятга ўрин йўқ», — деган судья. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Прокуратура 2014 йилнинг қишида Киев марказидаги воқеалар вақтида Янукович ҳокимият ва хизмат ваколатини суиистеъмол қилган деб гумон қилмоқда. Ўшанда намойишлар вақтида одамлар ҳалок бўлган эди. Шунингдек, собиқ президент «майдон»да қасддан одам ўлдиришни ташкиллаштиришда айбланмоқда. Янукович билан бирга, собиқ ички ишлар вазири Виталий Захарченко, унинг ўринбосари Виктор Ратушняк, Украина хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Александр Якименко, унинг биринчи ўринбосари Владимир Тоцкий ва Киев шаҳар ички ишлар бошқармасининг жамоат хавфсизлиги полицияси бошлиғи Петр Федчук ҳам шу ишда айбланмоқда.

Януковичга қарши яна бир иш ҳозирги пайтда Киевнинг Оболон туман суди томонидан кўриб чиқилмоқда. Собиқ президент давлатга хиёнат қилишда айбланаяпти. Суд бугун бу иш бўйича гувоҳларни сўроқ қилишда давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг