Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент: «Ташқи ишлар вазирлиги тизимида бюрократия борлигини яхши биламан»

Президент: «Ташқи ишлар вазирлиги тизимида бюрократия борлигини яхши биламан»

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатнинг хориждаги элчихоналари фаолияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

«Бугунги мажлисга тайёргарлик кўриш жараёнида мен вақтимни аямасдан, ҳар бир элчихона юборган ҳисоботларни диққат билан ўрганиб чиқдим, — деди Президент ўз нутқида. — Бу ҳисоботлар жуда чиройли, силлиқ қилиб ёзилган. Аммо амалда вазият бутунлай бошқача.

Мана, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар ва Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмиталарининг 2017 йил якунлари бўйича маълумотлари қўлимда турибди. Уларда сизлар фаолият кўрсатаётган мамлакатларга оид амалдаги экспорт ва хорижий инвестициялар ҳажми, юртимизга келаётган сайёҳлар сони аниқ акс эттирилган. Бу маълумотлар сизларнинг ҳисоботингиздаги рақамлардан бутунлай фарқ қилади. Ҳақиқий вазият фаолиятингиз бўйича реал натижаларни яққол кўрсатиб турибди.

Кўпчилик элчи ва дипломатлар бугун амалий иш ўрнига интернетдан олинган, долзарб бўлмаган маълумотлар, «таҳлиллар» ва ҳисоботлар тайёрлаш билан шуғулланиб ўтирибди. Бундай номақбул иш услубининг турлича сабаб ва омиллари бор, албатта.

Айрим элчилар енгил-елпи иш юритишга, халқимиз таъбири билан айтганда, оғирнинг — устидан, енгилнинг — остидан юришга ўрганиб қолган. Улар даврнинг қатъий талабларини ҳисобга олишни, ўзини, иш услубини ўзгартиришни истамаяпти. Биз бундай элчилар билан хайрлашамиз.

Ташқи ишлар вазирлиги тизимида бюрократия ва ортиқча қоғозбозлик билан боғлиқ ҳолатлар борлигини ҳам яхши биламан. Бугунги кунда ҳаётнинг ўзи ушбу тизимни чуқур қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштиришни талаб этмоқда. Бу биринчи навбатда хориждаги элчихоналаримиз томонидан ҳисобот тақдим этиш, уларни молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш масалаларига тааллуқлидир.

Вазирлик ва унга қарашли муассасаларда ташкилий-штат тузилмасини такомиллаштириш, уларнинг фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш зарур», дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг