Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«The New York Times»: «Шавкат Мирзиёев кутилмаганда бутунлай бошқа ва ҳозирча яхши йўлни танлади»

«The New York Times»: «Шавкат Мирзиёев кутилмаганда бутунлай бошқа ва ҳозирча яхши йўлни танлади»

Фото: «Газета.uz»

«The New York Times» газетаси 13 апрель, жума куни Ўзбекистондаги ўзгаришларга бағишланган таҳририят мақоласини чиқарди (A Hint of Spring in Uzbekistan «Ўзбекистонда баҳорга ишора»). «Газета.uz»га таяниб «Дарё»нинг хабар беришича, газета таҳририят кенгаши номидан тайёрланган мақола эълон қилиниши арафасида шу ой Ўзбекистонга ташриф буюрган «The New York Times» мухбирларининг бир қатор бошқа материаллари чиққан эди.

Нашрнинг ёзишича, «собиқ совет салтанатининг аксарият қисмида ва жаҳоннинг бошқа минтақаларида демократия ортга чекинаётган бир вақтда президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари эътибор ва қўллаб-қувватлашга арзийди».

Янги давлат раҳбари Ислом Каримов сиёсатини давом эттиради, деб тахмин қилинган эди, боз устига ўзи ҳам унинг даврида узоқ вақт бош вазир бўлган, бироқ Шавкат Мирзиёев «кутилмаганда бутунлай бошқа ва ҳозирча яхши йўлни танлади», деб қайд этади газета.

«Қўрқув солувчи хавфсизлик девонининг улкан қудрати ва кўламини чеклаш бўйича унинг қадамлари айниқса эътиборга молик», — деб ёзади «The New York Times». —  «У бир қатор сиёсий маҳбусларни, хусусан, журналистларни озод этди, у 18 минг кишини хавфсизлик хизматининг ўша машҳур “қора рўйхати”дан ўчиртирди, у пахта майдонларида мажбурий меҳнатдан фойдаланилишини чеклади, у ОАВ устидан ўрнатилган назоратни бироз юмшатди, у Ўзбекистоннинг қўшнилари билан дўстона муносабатлар ўрнатиш устида ишламоқда».

«Демократия кузатувчиси ҳисобланган “Freedom House” ташкилоти ўзининг янги «Транзитдаги халқлар» ҳисоботида, бошқа ташкилотлар қатори ҳали олдинда қилинадиган оғир ишлар кўплигини қайд этгани ҳолда, “Ўзбекистоннинг ўз ўтмишидан сезиларли илгарилаб кетгани” ва унда “баҳорнинг илк, камтарона ғунчалари” кўз очаётганига эътибор қаратган. Хавфсизлик девони ҳали ҳам кўп жиҳатдан ўзгаргани йўқ, жаноб Мирзиёев ҳали ҳам авторитар ваколатлардан фойдаланмоқда ва, яқинда Human Rights Watch маълум қилганидек, цензура ҳали ҳам қудратда ва журналистлар ҳали ҳам ҳибс этилмоқда», — деб ёзади газета.

«Бироқ бутун жаҳон бўйлаб қонун устуворлиги ва мустақил тузилмаларга ҳурматсизлик авж олаётган бир вақтда жаноб Мирзиёевнинг ушбу тенденцияни ўзгартириш йўлидаги камтарона уринишлари ҳам аҳамиятлидир», — дея қайд этади «The New York Times».

«Етмиш йиллик совет ҳокимияти ва Ислом Каримовнинг қаттиқ қўли остида ўтган 27 йилдан кейин ҳам Ўзбекистон фуқаролари орасида қўрқув, ўзини цензура қилиш ва журъатсизлик ҳали кучли», — деб ёзади газета. Бироқ «жаноб Мирзиёев ўзгаришларни бошлаб берди ва энди АҚШ ва Европа Иттифоқи Ўзбекистон бўладиган ҳар қандай муносабатларни, у хоҳ инвестиция, хоҳ тараққиёт дастурлари бўлсин, мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволининг янада яхшиланиши билан боғлаши ниҳоятда муҳимдир», дейилади мақолада.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг