Тиллерсон: «Сочи конференциясидан сўнг Сурия масаласида муҳим қадамлар қўйилди»

Тиллерсон: «Сочи конференциясидан сўнг Сурия масаласида муҳим қадамлар қўйилди»

Рекс Тиллерсон — АҚШ давлат котиби.

Фото: «Inosmi.ru»

Сочида бўлиб ўтган Сурия миллий мулоқотининг конгрессидан кейин мамлакатдаги аҳволни яхшилашга доир муҳим қадамлар қўйилди. Бу ҳақда чоршанба куни АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафадий билан Амманда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.

«Иордания Ташқи ишлар вазири таъкидлаганидек, биз Женева тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш учун яқин ҳамкорликда ҳаракат қилмоқдамиз ва Россия томонидан уюштирилган Сочи конференциясидан сўнг муҳим босқичларга эришилганига ишонамиз», — деди у.

Сочида бўлиб ўтган форум иштирокчилари сурияликларнинг ўз мамлакати келажагига бўлган нуқтаи назарини акс эттирган 12 банддан иборат баёнотни қабул қилишди. Ҳужжат Сурия суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш кераклигини ва унинг келажаги фақат Сурия халқи томонидан сайлов орқали белгиланиши шартлигини таъкидлайди.

Сурияликлар, шунингдек БМТ Бош котиби Антонио Гутеррешдан Конституциявий комиссияни ташкил этишда ёрдам беришни сўраган эдилар.

Ташкилотчиларга кўра, конгрессда Сурия халқининг барча қатламлари вакили бўлган 1511 делегат иштирок этди. Миллий таркибга кўра, иштирокчиларнинг аксарияти араблар (94,5 фоиз), аммо таклиф этилганлар орасида курдлар, язидлар, ошшурлар, арманлар, черкаслар, чеченлар, абхазлар, туркманлар ва друзлар ҳам бор. Шунингдек, барча йирик минтақавий ва халқаро ташқи «ўйинчилар» кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф қилинди. Форумнинг вазифаларидан бири Сурия учун янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича комиссия тузиш эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг