Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тожикистон президенти ҳақида нималарни биламиз?

Тожикистон президенти ҳақида нималарни биламиз?

Фото: «Спутник»

Қардош ва қўшни Тожикистон билан алоқаларимиз узоқ йиллар мобайнида қониқарсиз бўлди. Ҳар икки мамлакат аҳолиси ўртасида борди-келди батамом тўхтаб қолди. Аҳвол шу даражага бордики, биз тожикистонликларни, тожикистонликлар бизни душман ўрнида кўра бошладилар. Аммо шундай бўлса-да биз ҳам, тожикистонликлар ҳам ўртадаги тўсиқлар олиб ташланишини ва ҳар икки мамлакат аҳолиси бир-бирлариникига олдингидай бемалол, эмин-эркин бориб келса бўладиган замонлар келишини ҳис қилиб яшадик. Ниҳоят бугун ўша биз орзу қилган замонлар келди. Энди ҳар икки юрт одамлари бир-бирлариникига ҳеч қандай тўсиқсиз, бемалол бориб кела оладилар. Аммо узоқ йиллар мобайнида тожикистонликлар мамлакатимиздаги, биз Тожикистондаги ўзгаришлардан бехабар қолдик. Шу жумладан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳақида ҳам аксарият юртдошларимиз ҳеч нарса билишмайди.

Эмомали Раҳмон (Эмомали Шарипович Раҳмонов) 1952 йилда, Кўлоб вилоятининг Данғара тумани Данғара шаҳарчасида таваллуд топган.

1977 — 1982-йилларда Тожикистон давлат университетининг иқтисод факултетида ўқиган. Шундан сўнг Данғара шаҳарчасида турли вазифаларда ишлайди.

1988 йилда Данғара туманидаги Ленин номли совхозга директор этиб тайинланади ва 1992 йилнинг ноябрь ойигача шу вазифада ишлайди.

1992 йилда Тожикистон Олий кенгашига депутат этиб сайланади.

1992 йилда Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролар уруши даврида у маълум муддат Кўлоб вилоятини бошқаради.

1992 йилнинг ноябрь ойида Хўжандда ўтказилган Тожикистон Олий кенгашининг шошилинч сессиясида у Тожикистон Олий кенгашининг раиси этиб сайланади.

1994 йилда Тожикистонда президент сайлови ўтказиши белгиланди. Эмомали Раҳмон бу сайловда ўз номзодини қўйди ва 58,7 фоиз овоз билан хўжандлик рақиби Абдумалик Абдуллажоновни енгиб, мамлакатнинг янги президенти этиб сайланди.

Эмомали Раҳмон 1999 ва 2006 йиллардаги президент сайловида ҳам кўпчилик овоз билан президентликка қайта сайланган.

1999 йилнинг сентябрь ойида у БМТ Бош ассамблеясида бир йилга раис ўринбосари этиб сайланади.

2015 йилда у «Тожикистон миллий бирлик раиси ва миллат раҳнамоси» деб эълон қилинади.

Эмомали Раҳмоннинг оиласи серфарзанд оила ҳисобланади. Унинг бир ўғли ва етти қизи бор.

Ўғли Рустам Эмомали бугунги кунда Душанбе шаҳри ҳокими ва Тожикистон футбол федерациясининг президенти ҳисобланади.

Эмомали Раҳмон ҳақида, унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўнга яқин китоб ёзилган. Шунингдек, унинг ўзи ҳам ўнлаб китоблар муаллифи ҳисобланади.

Эмомали Раҳмон шахсиятига турлича қарашлар мавжуд. Масалан, танқидчилари уни мамлакатнинг хамма жойида ўз ҳамюртлари бўлган кўлобликларни ишга тайинлаганликда ёки мамлакатда тўй-маросимларни қисқартириш ҳақида қарор чиқариб, ўзи эса ўғли Рустами Эмомалини уйлантиришда, қизларини узатишда дабдабабозлик қилганликда, мамлакатда демократик қарашларни батамом йўқ қилганликда айблайдилар. Лекин кўпчилик уни фуқаролар урушида фалажланган Тожикистонни ўша қийинчиликлардан олиб чиқиб кета олган раҳбар сифатида билишади.

Унга икки марта суиқасд уюштирилган. Бирида у енгил жароҳатланган бўлса, иккинчисида зарар кўрмайди.

Умуман олганда мустақиллик йилларида Тожикистон анча қийин синовларни бошидан кечирди. Фуқаролар урушида вайронагарчиликлар, қурбонлар бўлди. Иқтисодиёт батамом фалажланди. Ундан кейин ҳам турли жангари гуруҳлар бир Тоғли Бадахшонда, бир мамлакатнинг Афғонистон билан чегара ҳудудларида кўтарган исёнлар мамлакат учун оғир асоратлар қолдирди. Аммо Эмомали Раҳмон анча совуққонлик билан ўша қийинчиликларни енга олди.

Шунингдек, Тожикистон ҳудудининг 93 фоизи тоғлардан иборат эканлиги, мамлакатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ер захирасининг чекланганлиги, табий бойликларнинг камлиги мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун жиддий тўсиқлардир. Аммо Тожикистоннинг ҳар йили камида 0,5-0,6 фоиз иқтисодий ривожланиб бораётгани тожикистонликлар анча машаққатли ва заҳматли меҳнат қилаётганини билдиради. Бунда эса Эмомали Раҳмон бошчилигида ҳукумат олиб бораётган иқтисодий сиёсатнинг ҳам роли катта.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг