Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия Президенти Шавкат Мирзиёевга раҳмат айтди

Туркия Президенти Шавкат Мирзиёевга раҳмат айтди

Фото: «Анадолу» АА

Бугун, 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистонда Туркия фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этиш бўйича қарор қабул қилинганини юқори баҳолаб, Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлигини билдирди.

Ўзбекистон Президенти мазкур қарор олий даражадаги учрашувлар доирасида эришилган келишувларнинг амалий натижаси эканини алоҳида қайд этди. Бундай қарорнинг қабул қилиниши савдо-иқтисодий, инвестиция ва туризм соҳаларида янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши ва энг асосийси, қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, турк фуқароларининг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун кенг йўл очиб бериши таъкидланди.

Суҳбат давомида халқаро ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари минтақада тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича халқаро конференцияга Туркия Республикасининг делегациясини таклиф этди.

Ўз навбатида, Режеп Таййип Эрдоған ушбу ташаббусни юксак баҳолаб, уни амалга оширишни тўлиқ қўллаб-қувватлаши ҳамда мазкур тадбирда Туркиядан юқори даражадаги вакиллар иштирок этишини билдирди.

Мулоқот сўнгида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик алоқалари ҳамда анъанавий яқин ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканларини яна бир бор тасдиқладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғанни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг