Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия ва АҚШ виза беришни қайтадан йўлга қўяди

Туркия ва АҚШ виза беришни қайтадан йўлга қўяди

Режеп Таййип Эрдўғон ва Доналд Трамп

Фото: «Huffington Post»

Октябр ойида АҚШ консуллиги ходимининг Истанбулда Туркия ҳукумати томонидан қўлга олиниши ортидан юз берган сиёсий инқироз пайтида икки мамлакат ўртасидаги виза бериш вақтинча тўхтатиб қўйилган эди. Бу ҳақда «Le Monde» нашри хабар бермоқда.

Туркиядаги АҚШ консуллиги 28 декабр куни Анқара шаҳрида туркиялик фуқаролар учун АҚШ визасини олиш қайтадан йўлга қўйилишини эълон қилди. Ўз навбатида, Туркия ҳукумати ҳам америкаликлар учун виза расмийлаштиришни қайтадан йўлга қўйишини эълон қилди. Қачондан виза расмийлаштириш бошланиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ.

Октябр ойи бошида АҚШ Туркия фуқароларига виза беришни тўхтатган, бунга жавобан Туркия ҳам америкаликлар учун виза беришни бас қилган эди. Ўшанда, яъни 4 октябр куни Истанбулдаги АҚШ консуллиги ходими Метин Топуз Туркия ҳукумати томонидан «жосуслик» ва Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги гуруҳга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.

Бунга қарши АҚШнинг Анқарадаги элчиси Жон Бас Туркия ҳукуматининг ҳаракатини «адолатдан кўра кўпроқ қасд олишга» бўлган уриниш дея баҳолаган ҳамда айбловни асоссиз деб топган эди.

АҚШ элчисининг сўзларига кўра, бундан буён консулликнинг маҳаллий ходимлари «келажакда» ҳибсга олинадиган бўлса, турк расмийлари бу ҳақда олдиндан огоҳлантириб қўйишади.

Топуз ишидан ташқари, расмий Анқара ва Вашингтон ўртасидаги алоқаларга соя солиб турган бошқа масалалар ҳам бор. 2016 йилда Туркияда амалга ошмай қолган давлат тўнтаришида бош айбдор деб ҳисобланаётган Фатҳуллоҳ Гуленнинг Туркияга экстрадицияси масаласи шулар жумласидандир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг