Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тухум революцияси». Эронда нималар рўй беряпти?

«Тухум революцияси». Эронда нималар рўй беряпти?

Фото: «Newsland.com»

Олти кундан бери Эронда давом этаётган ҳукуматга қарши норозилик намойишлари натижасида расмий маълумотларга қараганда 20 киши ҳалок бўлди, улар орасида полициячилар ҳам бор.

Оятуллоҳ вазиятга изоҳ берди

Эрон Ислом Республикасининг олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий намойишлар бошланганидан буён биринчи марта вазиятга изоҳ берди.

«Охирги кунларда Эрон душманлари Ислом Республикасида муаммо юзага келтириш учун ҳар хил воситалардан, жумладан пул, қурол, сиёсат ва жосусликдан фойдаланишди», — деди Хоманаий.

Намойишлар ҳали бери тўхтайдиганга ўхшамайди

Олти кунлик оммавий намойишлардан сўнг ҳам аҳоли ҳали бери уй-уйига тарқаладиганга ўхшамайди. Бу ҳаракат ҳукуматнинг қатъий чораларига қарамай, сусаймаяпти.

Бундай оммавий намойишлар 2009 йили ҳам кузатилган эди: ўшанда одамлар сайловлардаги сохталиклардан норозилик билдириб кўчага чиқишганди. Бироқ бугун, орадан саккиз йил ўтиб, одамлар бошқа сабаблар туфайли намойишга чиқишган, унинг кўлами ҳам, мақсадлари ҳам ўзгача.

Ҳудудлардаги намойишлар

2009 йили норозилик ҳаракатлари асосан йирик шаҳарлар: Теҳрон, Табриз ва Исфаҳонда содир бўлган эди.

Декабр охирларида бошланган норозилик намойишлари эса бутун мамлакатни қамраб олди. Биринчи бўлиб кўчага Машҳад (Эроннинг шимоли-шарқидаги аҳолиси 3 млн.га яқин шаҳар) аҳолиси чиқди. Кейин намойишлар бутун мамлакатга тарқалди. Одамлар катта шаҳарларда ҳам, кичик шаҳарларда ҳам кўчага чиқишди. Ҳатто айрим шаҳарчаларни эронликлар ҳам харитадан топиб бера олишмайди, аммо айнан шундай катта бўлмаган маъмурий марказларда норозилик ҳаракатлари оқибатлари жиддий тус олди.

Агар 2009 йилда сиёсий талаб илгари сурилиб, ҳукуматни истеъфо бериши талаб қилинмаган бўлса, ҳозир вазият бутунлай ўзгача. Норозиликларнинг сабаби сифатида жиддий иқтисодий муаммолар кўрсатилмоқда. Шунингдек, жамиятда коррупция натижасида юзага келган табақаланиш ҳам халқнинг Эрон ҳукуматида ўзгаришлар бўлишини талаб қилишига сабаб бўляпти.

Ишсизлик ва коррупция

Обама президентлигида АҚШ санкцияларининг бекор қилиниши мамлакатга анча енгил нафас олишига имкон яратди. Бироқ иқтисодий ўзгаришлар биринчи навбатда нефт-газ секторига таъсир қилди. Мамлакатда ишсизлик 12 фоиздан ошади, ёшлар ўртасида бу кўрсаткич бундан икки баробар юқори.

Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг ислоҳотлари инфляциянинг пасайишига ёрдам берди, аммо айрим маҳсулотлар нархи кўтарилди. Жумладан, тухумлар нархи икки баробарга ошди.

Машҳадда сўзга чиққан намойишчилардан бири ишсизликка урғу берган: «Ишсиз ва пулсиз ҳаётдан чарчадик», —  деган у ижтимоий тармоққа жойлаштирилган видеода.

Оммавий норозилик намойишларининг янги тўлқини фақат ишсизлик билан боғлиқ эмас. Коррупцияда айблов, давлат бюджетини талон-тарож қилиш, ҳарбийларнинг иқтисодий масалаларда қатнашиши каби масалалар ҳам сабаб сифатида кўрсатиляпти. Бугун кўчаларда анча жиддий сиёсий чақириқлар янграяпти.

Ёшлар ва камбағал-шаҳарлар эътирози

Оммавий намойишлар авжига чиққан шаҳарларнинг кўпчилиги Эроннинг энг камбағал шаҳарлари ҳисобланади.

Теҳрон вице-губернатори сўзларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб бир неча кунлик намойишларда 450 киши ҳибсга олинган. Эрон ички ишлар вазири ўринбосари маълум қилишича, қўлга олинганларнинг 90 фоизи 25 ёшдан ошмайди.

Интернет ва «Telegram»

Намойишларнинг янги тўлқини ижтимоий тармоқлар таъсирида кучайди. Эронда, айниқса, «Telegram» тармоғидан оммавий фойдаланилади. Бироқ 31 декабр куни ҳукумат «Telegram» ва «Instagram»ни қулфлаб қўйди. Бу ҳақида «Telegram» асосчиси Павел Дуров ҳам маълум қилди.

Интернетга кириш ҳам кунига бир неча бор ёпиб қўйиляпти. Шу сабаб бугунги намойишларда ташкилотчилар кейинги тўпланиш жойлари ҳақида варақалар тарқата бошлашган.

Намойиш сабабларининг ўзгача талқини

Айрим сиёсий шарҳловчилар Эронда бўлаётган оммавий намойишларни фақат иқтисодий сабабларга боғлашмаяпти. Бунинг ортида ташқи сиёсий кучларнинг таъсири ётгани ҳам баён қилинмоқда. Айниқса, АҚШ президенти Доналд Трампнинг баёноти бундай талқин тарафдорлари сонини анча ошириб юборди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг