ЮНИCЕФ: БМТ Хавфсизлик кенгашининг санкциялари КХДРдаги гуманитар вазиятни ниҳоятда оғирлаштирди

ЮНИCЕФ: БМТ Хавфсизлик кенгашининг санкциялари КХДРдаги гуманитар вазиятни ниҳоятда оғирлаштирди

ЮНИCЕФ 2018 йилда КХДРда 60 минг бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекишини тахмин қилмоқда.

Фото: «LiveJournal»

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИCЕФ) КХДРда фаолиятини давом эттираётган кам сонли гуманитар ташкилотлардан бири бўлиб, доимо қийинчиликларга дуч келмоқда. ЮНИCЕФ ижрочи директори ўринбосари Умар Абди сўзларига кўра, инсонпарварлик ёрдамига БМТ санкцияларининг дахли йўқ, лекин товарларнинг пулини тўлаш ва уларни ташиш билан шуғулланадиган банклар ва компаниялар эҳтиёткорлик билан иш тутмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Тижорий тузилмалар кейинчалик қонунбузарликда айбланишни исташмаяпти. Болаларни озиқ-овқат, сув ва тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида ЮНИCЕФ бу йил ҳомийлардан 16,5 миллион доллар сўраган, аммо бу пулни тўплашнинг ҳалигача иложи бўлмади. «Болалар ўлимининг асосий сабаблари тўйиб овқатланмаслик ҳамда ёмон ҳолатдаги санитария ва гигиенадан келиб чиқадиган ўткир диареядир», — деди Умар Абди.

ЮНИCЕФ 2018 йилда КХДРда 60 минг бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекишини тахмин қилмоқда. «Оқсил ва калориянинг етишмаслиги ўлимга олиб келиши мумкин», — дея огоҳлантиради Абди.

Вазият КХДРга ёқилғи етказиб бериш чекланиши билан оғирлашиб боради, бу унинг етишмовчилиги ва нархининг ўсишига олиб келади.

КХДРнинг БМТдаги доимий вакили БМТ Хавфсизлик кенгашининг Пхенянга қарши қаратилган санкцияларини Шимолий Корея жамиятини «қоронғи ўрта асрларга» қайтариш ва республика аҳолисини «яшаш ва ривожланиш ҳуқуқидан» бутунлай маҳрум қилиш дея баҳолаб, уларни қамалга тенглаштирди. Бу мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Ча Сон Намнинг ташкилотдаги ёзма баёнотида қайд этилган.

Шимолий Корея дипломати БМТ Хавфсизлик кенгашининг санкциялари КХДРни барча соҳаларда, жумладан, иқтисодиёт, фуқароларнинг фаровонлиги, соғлиқни сақлаш, спорт соҳасида сиқувга олишга ҳамда инсонпарварлик ёрдамини тўхтатишга қаратилганини таъкидлади.

Февраль ойининг бошида БМТ Хавфсизлик кенгашида сўзлаган нутқида Россиянинг КХДРдаги элчиси Александр Мацегора ҳам мамлакатдаги гуманитар вазият ёмонлашаётганини таъкидлаган эди. «Бугунги кунда Шимолий Кореянинг азоб чекаётган аҳолисига инсонпарварлик ёрдами, жумладан, озиқ-овқат етказиб беришнинг деярли имкони йўқ», — деди Россия элчиси.

2017 йилнинг декабрь ойида БМТ Хавфсизлик кенгаши бир овоздан КХДРга қарши санкцияларни оғирлаштириш тўғрисидаги навбатдаги қарорни қабул қилди. Ҳужжатда нефть хомашёси ва қайта ишланган маҳсулотларини етказиб бериш бўйича янги чекловлар жорий этилган, шунингдек барча мамлакатлардан 24 ой мобайнида КХДР меҳнат мигрантларини чиқариб юбориш талаб қилинган. Қарорда КХДРга саноат ускуналари, оғир ускуналар ва транспорт етказиб бериш, шунингдек, республикадан асосий экспорт товарларини харид қилиш бўйича бошқа чекловлар ҳам назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Хавфсизлик кенгаши баллистик ракеталар ва ядровий қуроллар синовига жавобан Пхенянга нисбатан чекловларни уч марта кучайтирди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг