Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зайд Раад Ал Ҳусайн энди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилмайди

Зайд Раад Ал Ҳусайн энди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилмайди

Уни «БМТдаги оқ отли рицар» ҳам деб аташади.

Фото: «France 24»

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари — иорданиялик Зайд Раад Ал Ҳусайн ҳозирги геосиёсий вазиятда ўз хатти-ҳаракатларининг дахлсизлигини сақлаб қолишнинг имкони йўқлиги сабабидан иккинчи муддатга ушбу лавозимда қолмаслигини эълон қилди. Бу ҳақда «France 24» телеканали «AFP»га таяниб хабар берди.

Олий комиссарнинг амалдаги муддати 2018 йилнинг сентябр ойида ниҳоясига етади. 20 декабр куни ўз қўл остидагиларга қилган мурожаатида ҳозирги геосиёсий вазиятда қандайдир истисноларсиз инсон ҳуқуларини ҳимоя қила олмаслигини маълум қилган.

53 ёшли дипломат ўз вазифасига киришиш чоғида турли босимлардан қочиш мақсадида ушбу лавозимда фақат бир муддат ишлашини маълум қилган эди. Иордания қироллик оиласи аъзоси бўлган Ал Ҳусайн БМТ олий комиссари лавозимига ўтирган биринчи мусулмон ва араб кишиси ҳисобланади. 1990 йилларда у собиқ Югославияда мовий каскалар сафида воситачилик миссиясида иштирок этган. Кейинчалик, 2000 йилдан ўз мамлакатининг БМТдаги доимий вакили сифатида иш бошлаган ва бу лавозимда 10 йилдан ортиқроқ фаолият юритган.

Инсон ҳуқулари олий комиссари лавозимида ишлаган пайтида Ал Ҳусайн ўзининг матонати билан танилган эди. У инсон ҳуқуқлари бузиладиган ҳар қандай катта-ю кичик давлат ҳукуматини танқид қилишга иккиланмас эди. Уни «БМТдаги оқ отли рицар» ҳам деб аташади.

У Мянмадаги роҳинжа мусулмонлари қатлиомини қоралаган, Суриядаги Башар Асад ҳукуматининг Россия томонидан дастакланишини танқид остига олган эди. Шунингдек, европаликлар ҳам унинг танқидидан четда қолишмаган. 2016 йили Гаагада қилган нутқида Франция Миллий Фронт раҳбари Марин Ле Пен, британиялик «BrExit» тарафдори Найжел Фараж, нидерландиялик ўнгчи, хорижликларни ёқтирмайдиган Геэрт Вилдерсларнинг хатти-ҳаракатларини ИШИД террорчиларининг хатти-ҳаракатларига тенглаштирган эди.

У шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трампни ҳам бир неча бор танқид остига олган. Хусусан, Трампнинг сайловолди дастури доирасида мигрантлар ҳақидаги баёнотларини «масъулиятсиз қарорлар» дея баҳолаган эди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, БМТ инсон ҳуқулари бўйича олий комиссари лавозими 1993 йили ташкил этилган ва комиссар ўз фаолиятида мустақил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уни фақатгина БМТ бош котиби тайинлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг