Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мусалласхўр мураббийлар. Арсен Венгер нега Фергюсонга рад жавобини берган?

Мусалласхўр мураббийлар. Арсен Венгер нега Фергюсонга рад жавобини берган?

Фото: «Evening Standart»

 Фергюсоннинг «кашфиёти»

Англия премер-лигасида шундай анъана бор: одатда ҳар бир ўйиндан кейин мезбон мураббийнинг хонасида икки жамоа устозлари мусалласхўрлик қилишади. «Кадр ортида» тахминан 20 дақиқа давом этадиган маросимда мураббийлар ўйин таассуротлари билан ўртоқлашишади; тактика, келажакдаги режалар муҳокама қилинади ёки умуман ҳаёт ҳақида суҳбат қуришади.

Мусаллас ичиш маросими ҳеч қандай регламентда кўрсатилмаган. Шунчаки одат тусига кириб қолган, холос. Баъзилар буни тан олиб, амалга оширса, бошқалари турли баҳоналар ўйлаб топади. Масалан, Конте ва Гвардиола бу анъанани бажонидил қабул қилишган. Ван Гал эса бундан «меҳмондорчилик»ни ўзига эп кўрмаган ва ҳатто Сэм Эллардайсни хафа қилиб қўйган.

Роберто Манчини «Манчестер Сити»да иш бошлаганида футболчиларни парҳез тутишга мажбур қилиб, уларнинг кунлик рационига бир қадаҳ мусаллас қўшади. Ўша пайтлар у ўзининг мусалласи билан сэр Алексни ҳайратга солганди: «Энг ширин мусаллас? Унақаси билан мени Манчини меҳмон қилган – ажойиб Sassicaia (италян мусалласи номи, тарж.)».

Анъана қаердан пайдо бўлган?

Алекс Фергюсон 1986 йили «Юнайтед»га келганидан сўнг рақиб жамоа мураббийларини ўз хонасига «бир пиёла мусаллас устида» суҳбатга таклиф қилган. «Мен ўйиндан кейинги мусаллас ичиб, суҳбатлашиш анъанасини бошлаб берганман», — деган эди сэр Алекс 30 йилдан сўнг «Telegraph»га берган интервюсида. Умуман олганда, бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Ферги ёшлигидан мусалласни хуш кўрган, бир пайтлар ўзининг хусусий мусалласхонаси ҳам бўлган. «Мусаллас мен учун футболдан кейинги энг қадрли нарса», — деган эди сэр Алекс журналистларга.

Алекс тўйининг бир йиллигини нишонлаш чоғида 15 фунтга бир шиша мусаллас сотиб олади. Ўшанда унинг хотини Кэтининг жаҳли чиққан. Баъзида Кэти эрига футболдан ташқари қандайдир хобби топишни маслаҳат берарди: «Ўйинга шунчалик берилиб кетасанки, бу кетишда ўзингга жабр қиласан». Фергюсон мусалласчиликка 1991 йили — «МЮ» Европа кубок эгалари кубоги чорак финал баҳсида Монпельега борганида жиддий қизиқиб қолган. Бугунги кунда унинг Жанубий Африкада узумзорлари бор.

2014 йили Фергюсон ўзининг шахсий коллекциясидаги мусалласларнинг беш мингтасини «кимошди» савдосига қўйди. Унинг мақсади омбор токчаларини янги турлар билан тўлдириш эди. Ўша куни жами 3 миллион фунтлик ичимликлар орасида 1997 йилнинг «Domaine de la Romanée-Conti» номли Бургундия мусалласи деярли 160 минг фунтга сотилди. Савдодан тушган маблағнинг 250 минги онкология соҳасидаги тадқиқотларга сарфланди.

Жозе Моуринио ҳам худди Алекс Фергюсон каби «ўтириш»ларни ёқтиради. «Биринчи учрашувда у ҳаяжонга тўла эди. Мени ҳурмат қилиб, «босс» деб чақирди», — деб эслайди сэр Алекс. «Тўғри, Жозе мусалласнинг фарқига бормасди. У мени «бўёқни ўчиришда ишлатиладиган» ичимликка таклиф қилди...».

Алекс Фергюсон бу ҳақда Роман Абрамовичга айтганидан бир ҳафта ўтиб, Тосканиянинг энг сара мусалласи «Tignanello»нинг бир қутисини қабул қилиб олди.

Афтидан сэр Алекс Жозенинг мусаллас борасидаги дидига йиллар давомида таъсир ўтказган. Улар доимий равишда ўйиндан кейин қизил мусалласдан ичишарди. «Юнайтед» билан шартнома тузгач, Жозе янги ишини Алекс билан биргаликда россиялик бизнесмен Евгений Чичваркиннинг Лондондаги машҳур мусаллас бутиги – «Hedonism Wines»да «ювди».

Кимдир мусаллас ичишдан бош тортганми?

Фергюсон анъанасини қабул қилмаган мураббийлардан бири — Арсен Венгер. Сэр Алекс бир пайтлар шундай деганди: «Арсен бу анъанани ҳеч қачон қабул қилмайдиган премер-лигадаги ягона мураббий. У яна бир марта ўйлаб кўрса яхши бўларди». Оммавий ахборот воситалари бу ҳақда француз мураббийидан бир неча бор сўрашган бўлса-да, у шунчаки кулиб: «Мен виски ичмайман», деб қўйган, холос.

Арсен мусалласни ёқтиришини 1998 йил баҳоридаги Чемпионлар лигасининг чорак финал баҳсида билдириб қўйган. Ўшанда у «МЮ» – «Монако» учрашувини томоша қилар экан, бир оз кўпроқ ичиб юборди ва Давид Трезегенинг «Юнайтед»ни турнирдан чиқариб юборган голини телбаларча нишонлади. Кейинги кун мураббийнинг боши оғриб, мазаси бўлмагач, машғулотларни бекор қилган.

Нохуш ҳолатлар ҳам бўлганми?

Баъзида бир қадаҳ мусаллас ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. 2011 йилнинг майида «Блэкберн» бош мураббийи Стив Кин Фергюсон билан яхшигина суҳбат қурди. «Ивуд Парк»даги ўйинда қайд этилган дуранг «МЮ»га муддатидан аввал чемпионликни олиб келган бўлса, Кин жамоасини қуйи лигага тушиб кетишидан асраб қолди. «Блэкберн» мураббийи икки бокал қизил мусалласни ичганидан кейин ширакайф ҳолатда «Мерседес»ига ўтириб, тезликни 145 км/соатга оширди. Полиция томонидан тўхтатилган Стив 18 ойга автомобил бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 1800 фунт жаримага тортилди.

Фақат Англияда мураббийлар ўйиндан кейин ичадими?

Шунақага ўхшайди. «Юнайтед»даги ишлари ўхшамагач, «Реал Соседад»га борган Дэвид Мойес испанларга мусаллас ичишни ўргатмоқчи бўлди: «Бир неча мураббийларни ўйиндан кейинги мусалласхўрликка таклиф қилдим. Афсуски, уларнинг ҳеч бири менинг таклифимни қабул қилмади. Бу ерда мураббийлар билан алоқа қилиш жуда қийин экан».

Мусалласлар макони Францияда ҳам бундай анъана йўқ. 2008 йилда «Юнайтед» ва шахсан сэр Алекс «Лион»дан Бенземани Англияга кўчиб ўтишга ундади. Ҳужумчини ҳар қандай маблағ эвазига қўйиб юбормасликни мақсад қилган француз клуби президенти Жан-Мишел Ола вазиятдан чиройли усулда чиқиб кетди: «Биз британ анъаналарни ҳурмат қилганимиз учун ҳам Фергюсонга Бензема туғилган йилдаги мусалласдан бир шиша ҳадя қиламиз».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг