Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Australian Open» ҳақида 6 қизиқарли факт

«Australian Open» ҳақида 6 қизиқарли факт

Фото: Sky Sports

Мелбурн шаҳрида давом этаётган теннис бўйича дунёнинг энг йирик тўрт турниридан бири – Австралия очиқ чемпионати қизғин паллага кирди. Унинг биз учун қизиқарли жиҳатларига эътибор қаратамиз...

Жазирама

«Australian Open» турнирининг ўзига хос жиҳатларидан бири унинг жазирама маҳали бўлиб ўтишидир. Ҳар йили метеорологлар об-ҳавонинг иссиқлиги ва рекорд ҳарорат ҳақида бонг уришади. Мусобақа давомида спортчилар муз тўлдирилган пакетлардан нажот излашади, суюқликни кўп истеъмол қилиб, соя жойларни қидириб қолишади. Томошабинлар ҳам кўпинча иссиқдан жабр кўради. Баъзан «тез ёрдам» чақиришга ҳам тўғри келади. Ҳарорат ўлчагич 40 даражани кўрсатиши одатий ҳол. Шунинг учун ҳам ҳакам исталган вақтда ўйинни тўхтатиб, спортчиларга дам бериши мумкин, бу қоидаларни бузиш ҳисобланмайди.

Корт қопламаси

Илгари барча катта дубулға турнирларини нуфузлироқ саналган «Уимблдон»га мослаштиришга ҳаракат қилишган. Яшил қитъадаги баҳслар ҳам 83 йил давомида чимли кортларда ўтказилган. Австралиядаги илк турнир 1905 йилда бўлиб ўтган бўлса, то 1988 йилгача теннисчилар табиий чимда ўйнашди. Шундан сўнг қаттиқ қопламали кортларга (хард) рухсат берилди. Матс Виландер ҳар иккала турдаги кортларда ғалаба қозонган ягона теннисчи ҳисобланади.

Биринчилар

ХХ аср бошида бошқа спорт турлари каби теннисда ҳам аёллар иштирок этмасди. Фақат эркаклар иштирок этган Австралиядаги дастлабки мусобақаларда Родни Хит ғалаба қозонган. 1922 йилга келиб турнирда аёллар ҳам иштирок эта бошлади. Маргарет Моулсворт Австралия очиқ чемпионатида ғалаба қозонган илк аёл теннисчи сифатида тарихга кирган. Дастлабки чемпионларнинг ҳар иккиси ҳам австралиялик эди.

Оммавийлик

Ҳар йили турнирда 40 мингта теннис коптогидан фойдаланилади. Спортчиларга қулайлик яратиш мақсадида 300 дан ортиқ копток олиб берувчи ўсмирлар (болбой) мусобақага саралаб олинади.

Рекордлар

Мартина Хингис «Australian Open» тарихидаги энг ёш чемпион ҳисобланиб, ғалаба қозонган йили бор-йўғи 16 ёшда эди. Эркак спортчилар орасида Кен Роузволл яққол рекорчидир. У 18 ва 37 ёшида ғалаба қозониб, «Australian Open»нинг энг ёш ва энг ёши катта ғолиби сифатида тарихга кирган. Рожер Федерерда «энг ёши катта ғолиб» рекордини янгилаш имконияти бор. Бунинг учун у 2019 йилдаги турнирда ғалаба қозониши керак. Турнирда ҳаммадан кўп ғолибликни қўлга киритган спортчи Маргарет Корт саналади. У 11 марта зафар қучган.

Рафаэл Надал ва Фернандо Вердаско иштирокидаги 2009 йилги баҳс турнирнинг энг узоқ давом этган ўйини сифатида тарихда қолган. 5 соату 14 дақиқа давом этган ўйинда Надал 6:7, 6:4, 7:6, 6:7, 6:4 ҳисобида ғалаба қозонган.

Бизникилар

Ўзбекистонлик спортчилар орасида энг яхши кўрсаткич Денис Истоминга тегишли. У ўтган йилги турнирда нимчорак финалгача етиб борди. Илк баҳсда хорват Иван Додични мағлубиятга учратган ҳамюртимиз иккинчи босқичда Австралия очиқ чемпионатининг амалдаги ғолиби саналган сербиялик Новак Жоковични 5 сетда 7:6, 5:7, 2:6, 7:6, 6:4 ҳисобида таслим этди. Денис кейинги босқичларда испан Каррено-Бустани қийинчилик билан енгиб, нимчорак финалда болгариялик Григор Димитровга ютқазиб қўяди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг