Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Барселона» ва «Ливерпул» қозонида тобланган юлдузлар

«Барселона» ва «Ливерпул» қозонида тобланган юлдузлар

Филипе Коутино

Sportbox

Каталониянинг «Барселона» клуби «Ливерпул»нинг 25 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячиси Филипе Коутинони ўз сафига қўшиб олиш ниятидан қайтмаяпти. Жорий йилнинг ёзида каталонияликларнинг бир неча таклифини рад этган Англия клуби вакиллари ниҳоят бразилиялик футболчини сотишга тайёр кўринади. Сўнгги пайтларда пайдо бўлган хабарларга кўра, мерсисайдликлар ярим ҳимоячини 145 миллион еврога сотишга тайёрлар. Бордию ана шу трансфер амалга ошгудек бўлса, бу икки клуб сафида порлаган юлдузларнинг сони яна биттага кўпаяди.

Биз ана шундай юлдузларнинг бир нечтасини эслашга қарор қилдик.

Будевейн Зенден

Дзюдо спорт турида қора белбоғ соҳиби – Будевейн Зенден 1976 йили Голландиянинг Маастрихт шаҳрида дунёга келган. 1998 йили «Барселона»га Эйндховеннинг «ПСВ» клубидан келиб қўшилган голланд каталонияликлар сафида 2001 йилгача жами 64 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасига бор-йўғи 2 та тўп киритди. Шундан сўнг 2001-2005 йиллар давомида Англиянинг «Челси» ва «Мидлсбро» клублари сафида ҳаракат қилди.

Будевейн Зенден
Фото: Daily Mirror

«Ливерпул»га ўтганида анча тажрибали ва маҳоратли деб ҳисобланган Зенден уч йил давомида бор-йўғи 23 ўйинда ҳаракат қилиб, клублар сафидаги энг катта ютуқларини ҳам айнан Мерсисайд жамоаси билан қўлга киритди. У Англия кубоги ва суперкубоги, шунингдек, Европа суперкубогини қўлга киритган.

Луис Гарсия

Луис Гарсия «Барселона» футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. У Испанияда Каталония суперклубидан ташқари яна «Тенерифе», «Атлетико» ва «Валядолид» жамоалари сафида ҳаракат қилган. Одатда ҳужумкор ярим ҳимоячи ролида тўп тепган Луис Англияда тезда ўз ўрнини топди. «Ливерпул»га уни 2004 йилда «Тенерифе»даги устози Рафаэл Бенитес таклиф қилган эди.

Луис Гарсия «Ливерпул» сафида 2004 йилнинг 29 августида «Болтон»га қарши баҳсда илк бор майдонга тушиб, мавсум давомида рақиблар дарвозасига 8 та тўп киритди. «Ливерпул»нинг 2004/05 йилги Чемпионлар лигасидаги ғалабасида унинг ўрни ҳам беқиёс. Гарсия «Ювентус» (1/4 финал) ва «Челси»га (1/2 финал)  қарши баҳсларда ғалаба тўпини киритди ва финалда «Милан»га қарши баҳснинг асосий қаҳрамонларидан бири бўлди.

Пепе Рейна

Испания пойтахти Мадридда туғилган Пепе Рейна номини Ливерпулда жуда қадрлашади. У мерсисайдликлар таркибида тўрт бор Премер-лиганинг энг яхши дарвозабони деган номга сазовор бўлган. Рейна, шунингдек, Испания, Англия, Италия ва Германияда фаолият юритган дастлабки дарвозабон саналади.

Пепе Рейна
Фото: www.myliverpool.ru

13 ёшида «Барселона» академиясига келган дарвозабоннинг каталонияликлар таркибидаги дебюти беш йил ўтгач содир бўлди. 2000-2002 йиллар давомида у жамоаси учун премерода 30, евролигада 11 та ўйин ўтказди. Жумладан, 2001 йил УЕФА кубогининг ярим финалида «Ливерпул»га қарши иккита ўйинда иштирок этиб, гол ўтказиб юборишга ҳам улгурди.

Рейна «Ливерпул»га 2005 йилда – испаниялик мураббий Рафаэл Бенитеснинг ташаббуси билан «Вилярреал»дан трансфер қилинди. У жамоага келгач, 2005 йилги чемпионлар лигаси қаҳрамонларидан бири ҳисобланган Ежи Дудекни захира ўйинчисига айлантира олди.

Хавер Маскерано

«Ливерпул»га аввалига ижара асосида келган футболчи 2008 йилнинг февралида илк шартномасини имзолади. Маскерано Ливерпулдаги фаолиятида умумий ҳисобда 94 ўйинда иштирок этди ва жамоанинг етакчилардан бирига айланди.

Хавер Маскерано
Фото: Sports.ru

2010 йилнинг 30 августида «Барселона» билан шартнома имзолаган футболчи 10 кундан сўнг Испания чемпионати доирасидаги илк ўйинда захирадан майдонга тушди. Аммо унинг кейинги баҳсларда асосий таркибга кириши анча қийин кечди. Хави ва Бускетс билан майдон марказидаги рақобатга киришишга тайёр турган Маскерано учун бош мураббий ҳимоя марказидан жой ҳозирлади. Жароҳат олган жамоа сардори Карлес Пуйол ўрнига муносиб номзод керак эди...

Луис Суарес

Уругвайнинг «Насионал» клубида тарбия топган Луис Суарес 19 ёшида Европага йўл олади. 2011 йилнинг январида Амстердамнинг «Аякс» клубидан 26,5 миллион евро эвазига «Ливерпул»га ўтди.

Луис Суарес
Фото: ФК «Ливерпуль»

2012 йили «қизиллар» таркибида Англия лига кубогини қўлга киритган уругвайлик йигит 2014 йили Англия Премер лигасининг энг яхши ўйинчисига бериладиган совринни қўлга киритиб, совриннинг европалик бўлмаган дастлабки соҳибига айланди. Шу йили у Криштиану Ронуалду билан биргаликда «Олтин бутса»га ҳам эга чиқди.

Икки йил ўтиб форварднинг 81 миллион евро эвазига «Барселон»га ўтгани эълон қилинди. Суарес ўзининг илк мавсумидаёқ жамоадошлари билан «кўк-анорранглилар» сафида Испания чемпионати, кубоги ва УЕФА Чемпионлар лигасини ютиб, «олтин хет-трик»ни қайд этди. 2016 йили Суарес Испанияда йил футболчиси, Европада яна бир бор олтин бутса соҳибига айланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг