Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бир қарғиш тарихи. Кекса мураббийини ранжитган «Бенфика» нега евросовринлар ютолмаётгани ҳақида

Бир қарғиш тарихи. Кекса мураббийини ранжитган «Бенфика» нега евросовринлар ютолмаётгани ҳақида

Фото: «Football-over.ucoz.ru»

Агарда футболда мистика борлигига ишонмасангиз, «Бенфика»га боқинг! Собиқ мураббийи 1962 йили лаънатлаб кетганидан бери жамоа ўзини ўнглай олгани йўқ. Эллик етти йилдирки «бургутлар» Европадаги барча ҳал қилувчи ўйинларни бой бериб келишяпти! Бу ақл бовар қилмас воқеалар ҳақида «Aif.ru» ёзмоқда.

Бела Гуттманнинг бир хусусияти бор эди — жамоасини тез-тез алмаштириб турарди. Биринчи клуби 1932 йили Венанинг «Хакоах»и бўлган, фаолиятини эса 1974 йили Португалиянинг «Порту»сида тугатган. Шу икки клуб орасида Гуттманнинг Австрия, Голландия, Венгрия, Руминия, Италия, Кипр, Швейцария, Греция, Бразилия ва Уругвайдаги яна 20 та жамоаси бор...

Бела Гуттманн «Бенфика»даги совринлари билан

Гуттманн фаолияти чўққисига 60-йилларда айнан «Бенфика» билан кўтарилган. Унинг қўл остида афсонавий Эйсебио ва бошқа португал юлдузлари тўп тепишарди. Ҳеч муболағасиз, Гуттманн ўз давридаги жаҳоннинг энг кучли клубини шакллантирганди. «Бенфика» 1959/60 мавсумида мамлакат чемпиони бўлди, кейинги мавсум муваффақиятини яна такрорлаб, камига Европанинг энг асосий клублар турнири — Чемпионлар кубогини қўлга киритди. Финалда кимсан «Барселона» устидан ғалаба қозонилди. «Бургутлар» бу иши билан қаторасига беш карра турнирни ютган «Реал» гегемониясига нуқта қўйишганди.

Кейинги 1961/62 мавсумида ҳам Гуттманн жамоаси Чемпионлар кубогида зафар қозонди: бу сафар «Реал» 5:3 ҳисобида доғда қолдирилди. Кейинги воқеалар эса мистикадан ўзга нарса эмас...

Тавқи лаънат

Жамоасининг устма-уст ғалабаларидан еттинчи осмонда юрган Бела Гуттманн «Бенфика» раҳбарияти ҳузурига маошини оширишни сўраб киришнинг айни мавриди деб билди. Кетма-кет қўлга киритилган Чемпионлар кубоги учун мукофот ҳамда маошига қўшимча ундирмоқчийди. Аммо раҳбарнинг хонасидан мукофот пули билан эмас, тарвузи қўлтиғидан тушиб чиқди. Менежер юзинг кўзинг деб ўтирмади: «Эйсебио ва Колунадек футболчиларим бор экан, сендек мураббий керакмас...».

«Бенфика» афсонаси — Эйсебио

Воқелар ривожи бунчалик ўзгариб кетишини кутмаган бечора мураббий қаттиқ ранжиди. Аммо кетишидан олдин раҳбариятни боплаб сўзбўрон қилди ва деди: «Бенфика» менсиз юз йил биронта Европа кубогини ютолмасин!». Ва эшикни қайтмайдиган қилиб қаттиқ ёпди.

Оқибат

Турган гапки, қайсар ва жиззаки Гуттманнинг гаплари ўшанда «Бенфика» раҳбарларининг парвойига ҳам келмайди. Аммо... Қарғиш ёмон...

Гуттманн «Бенфика» эшикларини қаттиқ ёпиб кетганидан то ҳанузгача лиссабонликлар Европа турнирлари финалига 8 маротаба чиқишиб, бирон марта ҳам кубокни бошлари узра кўтаришмаган! Саккиз финал — саккиз мағлубият! Бундан ҳам аламлиси бўладими?!

1963 йил. «Бенфика» энг зўр ўйинчиларини сақлаб қолганди, улар орасида клуб президенти мураббийсиз ҳам ўйнай олишига ишонган Эйсебио ва Колуна ҳам бор эди. Бироқ Чемпионлар кубогининг финалида «бургутлар»ни «Милан» 1:2 ҳисобида қон қақшатди. Бу ҳали бошланиши эди!

1965 йил. «Бенфика» яна Европа чемпионлари кубоги финалида — бу сафар лиссабонликларни Миланнинг бошқа клуби хафа қилди: «Интер» — «Бенфика» — 1:0.

1968 йил. Орадан уч йил ўтиб, «Бенфика» катта умидлар билан Чемпионлар кубоги финалигача етиб келди. Бу сафарги рақиб — «Манчестер Юнайтед». Ўйиннинг асосий вақти дуранг билан тугади, аммо қўшимча вақтда учта гол урган «қизил иблислар» кубокни Англияга олиб кетишди.

1983 йил. Португаллар кейинги финални нақ 15 йил кутишди. Бу УЕФА кубогидаги «Андерлехт»га қарши иккита ҳал қилувчи ўйин эди. Қарама-қаршиликда яққол фаворит саналган португаллар аввалига меҳмонда «камтар» мезбонлардан енгилиб қайтишди (1:0), кейинги ўйин эса 1:1 ҳисобида тугаб, улоқ бельгияликларда кетди.

Ана ўша ўйиндан сўнг 1962 йилдаги кўнгилсиз воқеа мухлислар ва журналистлар хотирасида уйғонди, ҳамма «Гуттманн қарғиши» ҳақида сўзлай бошлади. Айтмоқчи, Гуттманн бу ўйин натижалари ва гап-сўзлардан бебаҳра қолди, негаки икки йил аввал 81 ёшида бу дунё билан хайрлашиб бўлганди.

1988 йил. «Бенфика» яна Европа чемпионлари кубоги финалида. Рақиб унча қўрққулик ҳам эмас — ҳамма учун кутилмаганда «тепалаб кетган» «ПСВ» (Голландия). «Бенфика» эса бу пайтга келиб яна бир «олтин давр»ни бошдан кечираётган, миллий чемпионат ва Европа доирасидаги ўйинларда португаллар ҳаммани қақшатаётган эди. Хуллас, португал-голланд финалининг асосий вақти қуруқ 0:0 ҳисобида тугади, ўн бир метрликлар сериясида «Бенфика»нинг энг яхши ўйинчиларидан бири Антониу Велозунинг хатоси ҳаммасини чиппакка чиқарди. Португаллар бешинчи марта еврокубоклардан мосуво бўлишди.

1990 йил. «Бенфика» яна финалда. Бу сафар тайёргарлик ўзгача эди: улар Гуттманнинг сўзларига ишонишди, тавқи лаънатни олиб ташлашга уринишди — 1962 йили ноҳақ ҳайдалган Гуттманн олдидаги гуноҳларини ювишга аҳд қилишди. Финал ибтидосида Гуттманн қабрига ҳурмат бажо қилиш учун Эйсебио жўнатиб юборилди. Қизиғи, Гуттманн «Милан»га қарши куч синашиладиган Вена шаҳрида абадий қўним топганди. Бунда ҳам бир рамзийлик кўришди. Бироқ клуб юлдузининг аччиқ кўз ёшлари-ю мадад сўраб ёлворишларидан наф чиқмади. Франк Райкаарднинг ягона голи ҳаммасига нуқта қўйди.

2013 йил. Орадан 23 йил ўтди, янги даврлар бошланди. «Бенфика» янги турнир — Европа лигаси финалига қадар етиб келди. Орадан шунча сувлар оқиб кетганига қарамай, Гуттманни ҳеч ким унутмаганди, анчайин кексайиб қолган Эйсебио яна Венага йўл олди. Аммо бундан нима наф! Лондоннинг «Челси» клуби ўйиннинг сўнгги дақиқаларида (!) ғалабани илиб кетди: 2:1.

Гуттманнга қўйилган ҳайкал

2014 йил. Европа лигасининг навбатдаги финали, рақиб — унчалик ҳам зўр бўлмаган «Севилья». «Бенфика» эса ҳатто «Ювентус»ни ўз йўлидан олиб ташлаганди. Ўша йил январида Эйсебио вафот этгани учун Гуттманн ҳузурига кимни жўнатишни ҳам билишмади. Ўзларича ақллилик қилишди — стадион олдида мураббийга атаб ҳайкал ўрнатишди. Ким билсин, чиқмаган жондан умид дейишганда...

«Севилья»га қарши ўйин куни Гуттманнинг ҳайкали гулларга кўмилди, мухлислар мўъжиза юз беришига ишонишарди. Аммо испанлар бу мўъжизани тортиб олишди — асосий вақтда муроса кўчаси танланганидан кейин пенальтилар сериясида лиссабонликлардан омад юз ўгирди. «Бенфика» саккизинчи маротаба Европа кубогисиз қолди. Худди Гуттманн васият қилганидек!

«Севилья» — Европа лигаси-2014 ғолиби

Гуттманнинг тавқи лаънати 57 йилдирки, «Бенфика»ни йиғлатади. Агар ҳаммаси «Гуттманн қарғиши»га чамбарчас боғлиқ бўлса, лиссабонликлар Европа турнирларида яна 43 йил қатнашмай қўйишса ҳам бўлаверади. Эссиз... Ҳаммаси арзимас маош-у, клубнинг хасис раҳбарларидан бошланганига ишонгинг келмайди.

Дарвоқе, бугун, 13 март Бела Гуттманн таваллуд топган кун (1900 йил, Будапешт).


P.S.: Европа лигаси 1/8 финалида «Бенфика» меҳмонда «Динамо» (Загреб)дан 1:0 ҳисобида енгилиб қайтди. Жавоб ўйини 15 март куни Лиссабонда бўлиб ўтади. Ўтказиб юборманг!..

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг