Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: форс шаҳзодалари!

Битта кубок учун 32 жамоа: форс шаҳзодалари!

Фото: «Eurosport»

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолалар эълон қилишда давом этамиз. Мезбон Россия ва илк йўлланма соҳиби Бразилиядан сўнг жаҳон чемпионатига бориши аниқ бўлган 3-терма жамоа – Эрон ҳақида ҳикоя қиламиз.

Лақаблари: «тими мелли» «форс леопардлари», «Эрон шерлари», «форс шаҳзодалари».

Конфедерация: ОФК.

Бош мураббий: Карлос Кейруш.

Сардор: Ашкан Дежага.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Жавод Некунам (151).

Тўпурар: Али Дайи (109).

Уй стадиони: «Озодий».

ФИФА рейтингида: 36-ўрин (2018 йил 12 апрель).

Энг юқори ўрин: 15-ўрин (2005 йил август).

Энг паст ўрин: 122-ўрин (1996 йил май).

Илк ўйин: Афғонистон – Эрон 0:0 (Кобул, Афғонистон; 1945 йил 25 август).

Энг йирик ғалаба: Эрон – Гуам 19:0 (Табриз, Эрон; 2000 йил 24 ноябрь).

Энг йирик мағлубият: Туркия – Эрон 6:1 (Истанбул, Туркия; 1950 йил 28 май), Жанубий Корея – Эрон 5:0 (Токио, Япония; 1958 йил 28 май).

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 4 марта.

Осиё кубоги ғолиби: 8 марта.

Илк таассурот

Эронда дастлабки футбол жамоалари 1900-йилларнинг бошида тузилиб, 1920 йилда расман мамлакат футбол федерацияси ташкил этилган. 1945 йилдан ФИФА, 1954 йилдан ОФК аъзоси ҳисобланади. Асосий ўйинларини ўз бағрига 80 минг мухлисни сиғдира оладиган муҳташам «Озодий» ўйингоҳида ўтказади.

Натижалар

Эрон нисбатан ёпиқ мамлакат бўлганлиги сабабли жаҳон чемпионатлари саралаш ва финал баҳсларидан бир неча бор четда қолган. Бир гал четлатилган бўлса, бошқа сафар бош тортган ёки умуман қатнашмай қўяқолган. Финал қисмидаги 4 та иштирокда гуруҳ баҳслари билан чекланган.

Аргентинада бўлиб ўтган 1978 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ баҳсларида Шотландия терма жамоаси билан дуранг (1:1) ўйнаб,  Нидерландия ва Перу терма жамоаларига ютқазган Эрон уйга қайтишга мажбур бўлган эди. Йигирма йил ўтиб, Францияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига чиқишга муяссар бўлган эронликларни сиёсий жиҳатдан ноқулай рақиб АҚШ кутиб турарди. Айнан ана шу ўйиндаги муваффақият Эрон терма жамоаси учун жаҳон чемпионати финал босқичидаги илк ва ҳозирча ягона ғалаба сифатида тарихга кирган – 2:1! Улкан ғалабада Эроннинг ўша пайтдаги юлдузлари – Али Дайи, Меҳди Меҳдавикия, Карим Багерий, Худойдод Азизий, Ҳамид Эстилиларнинг ҳиссаси катта бўлган.

Кейруш даври

2011 йил 4 апрелда Эрон футбол федерацияси португалиялик мураббий Карлуш Кейруш билан шартнома имзолади. Айтиш мумкинки, ўша пайтда авлодлар алмашинувини бошдан ўтказаётган терма жамоа ўйинида пасайиш кузатилаётган ва федерация вазиятдан чиқиш мақсадида тажрибали Кейрушни олиб келганди. Бу қарор тўлиғича ўзини оқлади десак, муболаға бўлмайди. Икки бора оғир саралаш гуруҳидан жаҳон чемпионатига чиқиш масаласини ҳал этган Кейрушнинг терма жамоа учун қилган яна бир иши келиб чиқиши эронлик бўлган ва бошқа мамлакатларда туғилиб ўсган футболчиларни терма жамоага таклиф этиши бўлди. Унинг биринчи танлови — Германия ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасида майдонга тушишга улгурган, бугунги кунда терма жамоа сардорига айланган Ашкан Дежага илк ўйиндаёқ дублга эришган эди. «Немислашган» яна бир футболчи дарвозабон Даниэл Доварий, Ҳолландия фуқароси Ризо Ғунчаннажод, Швециядан Умид Назарий ва Сомон Қуддус, америкалик Стивен Бейташурлар ҳам худди Дежага каби терма жамоага жалб этилишди.

Асосий юлдуз

Карлуш Кейруш жаҳон чемпионатига рақобатбардош жамоани олиб бормоқда. Муҳаммадий ва Иззатуллоҳи Россия чемпионатида «пишаётган» бўлса, Жаҳонбахш Ҳолландиянинг «АЗ»ида етакчига айланди. Аммо барчанинг эътибори барибир асосий юлдуз – Сардор Азмунга қаратилган. 23 ёшли футболчининг «Instagram»даги саҳифасида 2,3 млн обуначиси бор. У «Рубин»да порлаб, «Ростов» сафида еврокубокларда ажойиб ўйин кўрсатди. Терма жамоада унинг истеъдоди тинимсиз наф келтирмоқда. Ёшлар жамоаси таркибидаги 29 ўйинда 30 та гол урган Сардор асосий жамоада 30 ўйинда 22 марта рақибларини хафа қилди.

Саралаш ва тайёргарлик

Саралаш баҳсларида «А» гуруҳида қатнашган Эрон худди тўрт йил олдин бўлгани каби Ўзбекистон, Жанубий Корея ва Қатар билан бир гуруҳдан ўрин олди ва худди тўрт йил олдингидек биринчи ўрин билан жаҳон чемпионати финал босиқичига йўлланмани қўлга киритди.

Чемпионатга тайёргарлик кўриш мақсадида Эрон терма жамоаси бир неча учрашувда иштирок этди. Аввалига Африка вакили Того мағлуб этилди – 2:0. Россия билан «Қозон арена»даги дурангдан сўнг Панама ва Венесуэла терма жамоаларини ютди. Эронликлар жорий йилда ҳозирча фақат Африка вакиллари билан куч синашишди. Икки ғалаба, бир мағлубият. Жаҳон чемпионати бошлангунга қадар Эрон термаси яна бир нечта ўртоқлик ўйинларида майдонга тушади. Улардан бири Ўзбекистон терма жамоаси.

Сўнгги бешта ўйин

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 9 ноябрь

Панама

2:1

Дежага, Қуддус

Грац, Австрия

2

2017 йил 13 ноябрь

Венесуэла

1:0

Жаҳонбахш

Неймеген, Голландия

3

2018 йил 17 март

Сьерра-Леоне

4:0

Ҳолизода 2 та, Хонзода, Ризоий

Теҳрон

4

2018 йил 23 март

Тунис

0:1

Муҳаммадий (автогол)

Тунис

5

2018 йил 27 март

Жазоир

2:1

Азмун, Тареми

Грац, Австрия

Рақиблар

Эронликлар жаҳон чемпионатида анчагина кучли рақиблар билан бир гуруҳдан жой олган. Европа грандлари Португалия ва Испания терма жамоаларининг ўзиёқ «Эрон шерлари»ни қийин аҳволга солиб қўйиши шубҳасиз. Африка вакили Марокашни эса кучсиз жамоа деб бўлмайди. Чемпионатдаги илк ўйин ҳам айнан африкаликларга қарши 15 июнь куни бўлиб ўтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг