Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: «Кофечилар»нинг нияти жиддий!

Битта кубок учун 32 жамоа: «Кофечилар»нинг нияти жиддий!

Фото: SmotriSport.TV

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат Колумбияга!

Лақаби: «Кофечилар».

Конфедерация: КОНМЕБОЛ.

Бош мураббий: Хосе Пекерман.

Сардор: Хамес Родригес.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Карлос Валдеррама (111).

Тўпурар: Радамел Фалкао Гарсия (26).

Уй стадиони: «Метрополитано Роберто Мелендес».

ФИФА рейтингида: 16 (2018 йил 7 июнь).

Энг юқори ўрин: 3 (2013 йил июль-август, 2014 йил сентябрь – 2015 йил март, 2016 йил июнь-июль).

Энг паст ўрин: 54 (2011 йил июнь).

Илк расмий ўйин: Мексика Колумбия 3:1 (Панама, Панама; 1938 йил 10 февраль).

Энг йирик ғалаба:  Баҳрайн – Колумбия 0:6 (ар-Риффа, Баҳрайн; 2015 йил 26 март).

Энг йирик мағлубият: Бразилия – Колумбия 9:0 (Лима, Перу; 1957 йил 24 март).

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 6 (1/4 финал: 2014 йил).

Америка кубоги: 17 марта (чемпион: 2001).

 «Элдорадо» даври

1936 йилда КОНМЕБОЛ аъзосига айланган Колумбия тўққиз йил ўтиб биринчи марта Америка кубогида иштирок этди. «Кофечилар» учун «Элдорадо» даври жуда аҳамиятли саналади. Гап шундаки, 1940-йилларнинг охирида маҳаллий лига раҳбарияти ҳамда ФИФА ўртасидаги муносабатлар ёмонлашиб, мамлакат чемпионати халқаро ташкилот назоратидан четда қолади ва клублар трансфер борасида ўз билганича иш тута бошлайди. Бахтли тасодифни қарангки, ўша пайтда футболи ривожланган қўшни Аргентинада футболчилар иш ташлаш қилишади. Марадона ватандошлари ёппасига қўшни мамлакат клубларига ўтиб кета бошлайди. Вазият шу даражага етадики, баъзи клубларнинг деярли барча ўйинчилари аргентиналиклар эди. Масалан, ўша пайтдаги энг совриндор жамоа ҳисобланган «Милонариос» клубининг асосий таркибидаги 10 та (улардан бири машҳур Алфредо ди Стефано эди) футболчи аргентиналик бўлиб, шу ҳолатда бир неча бор чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишган. Шундай қилиб ФИФА Колумбия терма жамоасига бир неча йил халқаро ўйинлар ўтказишига рухсат бермади.

Тақиқнинг олиб ташланиши Колумбияга ижобий таъсир қилди ва у 1962 йилда биринчи марта жаҳон чемпионатида иштирок этди. Чилида ўтган чемпионатда ўз гуруҳида сўнгги ўринни олиб, уйга қайтган колумбияликларнинг кейинги муваффақияти 1975 йилдаги Америка кубоги бўлди. Унда «кофечилар» перуликларга финални бой беришди.

20-аср юлдузлари

1987 йилги Америка кубогида бронза медалини қўлга киритган колумбияликлар таркибида биринчилардан бўлиб Европа клубларида тўп тепган Леонел Алварес, машҳур «чаён зарбаси»нинг муаллифи, бугунги кунда «Атлетико Насионал» клуби бош мураббийи Рене Игита, кучли ҳужумчи Фалкао, миллий терма жамоанинг собиқ тўпурари Арнолдо Игуаран, шунингдек, миллий терма жамоада энг кўп ўйин ўтказган антиқа сочли Карлос Валдеррамаларни кўрсатиш мумкин.

Кейинчалик уларга Мадриднинг «Реал» клубидаги фаолияти орқали таниш бўлган Фредди Ринкон, ўша жамоа ҳимоя устуни Луис Карлос Переа, ҳужумчи Виктор Аристисабал, Либертадорес кубогининг икки карра соҳиби дарвозабон Оскар Кордоба, Колумбия терма жамоаси тарихидаги энг кучли ҳужумчилардан бири, «Парма» билан икки марта УЕФА кубогини ютиб олган Фаустино Асприля, шунингдек Италиянинг «Интер» клубида чемпионлар лигасида ғолиб чиққан илк колумбиялик Иван Кордобалар қўшилди.

«Олтин авлод»нинг муваффақиятларини бош мураббий Франсиско Матуранасиз тасаввур қилиш қийин эди. Айнан унинг бошчилигида 28 йиллик танаффусдан сўнг жаҳон чемпионатига йўлланма олган терма жамоа илк бор «плей-офф» босқичига чиқишга мушарраф бўлди. Камерунлик Роже Милланинг дубли «кофечилар»ни 1/4 финалдан мосуво қилди. Айнан шу жамоа таркибида футбол тарихидаги аянчли ҳикоя қаҳрамони Андрес Эскобар ўйнаган. Матурана билан АҚШда ўтган чемпионатга сафар қилган терма жамоага бу сафар омад кулиб боқмади.

Илк халқаро соврин

Матурананинг истеъфосидан сўнг терма жамоани Эрнан Дарио Гомес бошқарди. Янги мураббий бошчилигида жамоа 1998 йили Франциядаги чемпионатнинг гуруҳ баҳсларида Руминия, Англия ва Тунис футболчиларига қарши кураш олиб борди.

Аммо фақатгина африкалик рақибларини мағлуб этган жанубий америкаликлар гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал эта олишмади. Терма жамоа бошқарувига Матурананинг қайтиши шу кунгача энг йирик совриннинг ютиб олинишига сабаб бўлди. 2001 йили ўз уйида бўлиб ўтган Америка кубогининг финал баҳсида мексикаликларни мағлуб этган Колумбия терма жамоаси футболчилари илк халқаро совринни қўлга киритишди.

Янги жамоа

2012 йилда миллий терма жамоа устозлигига Хосе Пекерман келди. Жамоа таркибида эса Давид Оспина, Карлос Бакка ва Радамел Фалкао каби янги номлар пайдо бўлди. Сал кейинроқ улар сафига Хамес Родригес исмли юлдуз қўшилди. Бразилиядаги чемпионатда «C» гуруҳидан ўрин олган колумбияликлар «плей-офф» йўлланмасини осонгина ҳал қилишди. У ерда Уругвайни енгган Хемес жамоадошлари чорак финалда мезбонларга таслим бўлди. Терма жамоа дарвозабони Фарид Мондрагон Японияга қарши баҳсда захирадан майдонга тушиб, 43 ёшу 3 кунлигида жаҳон чемпионати тарихидаги энг ёши катта футболчи деган номни қўлга киритди.

Асосий юлдуз

Кукута шаҳрида улғайган ва ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони бўйича фақатгина Месси, Роналду ва Неймардан ортда қолаётган колумбиялик юлдуз Хемес Родригес фаолиятини «Энвигадо» клубида 15 ёшида бошлаган. Ажойиб дриблинг ва майдонни кўриш қобилияти уни Аргентинанинг «Банфилд»ига чорлади. Колумбия ёшлар термасида ҳам ўзини кўрсатган йигитча 11 ўйинда 8 голга муаллифлик қилди.

Родригес Европага келганида ҳам ҳеч ким уни яхши танимас эди. «Порту»даги фаолияти давомида у Халк билан биргаликда «аждарлар»нинг муҳим элементига айланди ва уч марта ички чемпионатда ғолиб чиқди. Хамес 20 ёшида термадаги шериги Давид Оспинанинг синглиси Даниэлага уйланди. Португалияга келгач футбол билан биргаликда ўқишни ҳам эсдан чиқармади ва «тизим муҳандиси» маълумотини олди.

«Монако» клуби томонидан 45 миллион еврога сотиб олинган колумбиялик футболчи Франция чемпионатининг барча ўйинларида иштирок этди ва 1-лиганинг энг яхши ассистенти деган номни қўлга киритди. Бразилия майдонларида деярли ҳар бир ўйинда гол киритган Хамес Европанинг кучли клублари назарига тушди. Мадриднинг «Реал» клуби унинг учун 80 миллион еврони аямади.

Анчелотти даврида Родригеснинг юлдузлик даври бошланди. Ҳатто қироллик клубининг якка юлдузи Роналду ҳам унга ҳасад қила бошлади. Аммо италиялик мураббийнинг жамоани тарк этиши колумбиялик юлдуз фаолиятига ҳам жиддий таъсир ўтказди. Зайниддин Зидан плеймейкерни асосий таркиб ўйинчилари сафида кўрмади. Бир неча ойдан сўнг француз мураббийи ва Хамес ўртасидаги низо оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзусига айланди. Устига-устак оилавий келишмовчиликлар ҳам Хемесга таъсир кўрсатмай қолмади. Вазиятни ўзгартириш учун «Бавария» таклифини қабул қилган колумбиялик футболчини Германияда собиқ устози «Карло ота» кутиб турарди. Бироқ Хемеснинг Германияда порлаши Юпп Хайнкес даврига тўғри келди. «Бобой»нинг ўзи эса уни «худонинг «Бавария»га берган совғаси» деб атади. У сўнгги 7 учрашувдаги 11 голда иштирок этди.

Саралаш баҳслари

Саралаш баҳсларини Перуга қарши ишончли ғалаба билан бошлаган Пекерман шогирдлари биринчи даврадан кейин йўлланма тақдим этувчи тўртинчи ўринда боришарди. Аммо иккинчи давра бошидаги кутилмаган дуранглар ва асосий рақиблардан бири Парагвайга имконият бой берилиши Колумбия терма жамоаси аҳволини бироз ёмонлаштирди. Сўнгги баҳс олдидан Пекерман шогирдлари перуликларни олдинга ўтказиб юбормасликлари лозим эди. Мотивациясиз қолган Бразилия термаси Чилига ютқазиши ёки Аргентинанинг Эквадор майдонида очко йўқотиши вазиятни янада чигаллаштириб юбориши мумкин эди. Аммо бундай бўлмади: Месси Китода хет-трик қайд этиб жамоасини олдинга бошлади; Бразилия керакмас ўйинда ҳам Чилини енгди! «Кофечилар»нинг ўзи эса  перуликлар билан дуранг ўйнаб, тўртинчи ўринни сақлаб қолишди.

Сўнгги бешта ўйин

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол

муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 10 ноябрь

Жанубий Корея

1:2

Сапата

Сувон, Жанубий Корея

2

2017 йил 14 ноябрь

Хитой

4:0

Пардо, Бакка, Борха 2 та

Чунцин, Хитой

3

2018 йил 24 март

Франция

3:2

Мурел, Фалкао, Кинтеро

Париж, Франция

4

2018 йил 27 март

Австралия

0:0

Лондон, Англия

5

2018 йил 2 июнь

Миср

0:0

Бергамо, Италия

Рақиблар

Ўзларига маскан сифатида Татаристоннинг тоғли базасини танлаган колумбияликлар Польшага қарши иккинчи тур ўйинини марказ – Қозонда ўтказишади. Саранскдаги илк ўйин Япония терма жамоасига қарши ўтказилса, гуруҳ ўйинларининг сўнггиси Самарадаги стадионда Сенегалга қарши бўлиб ўтади.

Поляклар билан илк марта 1972 йилдаги Мюнхен олимпиадасида куч синашган колумбияликлар 1:5 ҳисобида мағлуб бўлишган. Кейинги ўйинлар ўртоқлик мақомида бўлиб, унда кўпроқ жанубий америкаликлар устунлик қилишган. Жамоалар иштирокидаги сўнгги баҳс 2006 йилда бўлиб ўтган ва колумбиялик меҳмонлар рақибларини 2:1 ҳисобида мағлуб этишган.

Сенегал терма жамоаси билан ягона баҳс Бразилиядаги чемпионат арафасида назорат учрашуви кўринишида ўтказилиб, 2:2 ҳисобида якунига етган.

Японларга қарши дастлабки баҳс 2003 йилги Конфедерациялар кубоги доирасида ўтказилиб, унда колумбияликлар кичик ҳисобда устунлик қилишган. Сўнгги жаҳон чемпионати гуруҳ баҳсида эса Япония йирик ҳисобда мағлуб бўлган – 1:4.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг