Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: пентакампеонлар

Битта кубок учун 32 жамоа: пентакампеонлар

Фото: «Eurosport»

Аввал хабар берганимиздек футбол бўйича жаҳон чемпионати бошлангунга қадар унинг иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилмоқчимиз. Илк мақола мусобақа мезбонлари Россия ҳақида бўлган эди. Навбат саралаш ўйинлари орқали жаҳон чемпионатининг илк йўлланмаси соҳиби бўлган Бразилия терма жамоасига!

Лақаби: «пентакампеонлар», «танланганлар», «сариқ-яшиллар».

Конфедерация: КОНМЕБОЛ.

Бош мураббий: Тите.

Сардор: Миранда.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Кафу (142).

Тўпурар: Пеле (77).

Уй стадиони: «Маракана».

ФИФА рейтингида: 2-ўрин (2018 йил 12 апрел).

Энг юқори ўрин: 1-ўрин (151 марта).

Энг паст ўрин: 22-ўрин (2013 йил июн).

Илк ўйин: Аргентина Бразилия 3:0 (Буэнос-Айрес, Аргентина; 1914 йил 20 август).

Энг йирик ғалаба: Бразилия – Никарагуа 14:0 (Мехико, Мексика; 1975 йил 17 октябр).

Энг йирик мағлубият: Уругвай – Бразилия 6:0 (Виня-дел-Мар, Чили; 1920 йил 18 сентябр), Бразилия – Германия 1:7 (Белу-Оризонти, Бразилия; 2014 йил 8 июл).

Жаҳон чемпионати ғолиби: 5 марта.

Америка кубоги ғолиби: 8 марта.

Конфедерациялар кубоги ғолиби: 4 марта.

Ютуқлар

Бразилия футбол конфедерацияси 1916 йилдан КОНМЕБОЛ, 1923 йилдан ФИФА аъзоси. Ушбу терма жамоа жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиш бўйича дунёда тенгсиз ҳисобланади. 1958, 1962, 1970, 1994 ва 2002 йилларда ғолибликни қўлга киритган пентакампеонлар (беш карра чемпионлар) барча жаҳон чемпионатларида иштирок этган ягона жамоадир. Бразилияликлар шунингдек, 3 та қитъа (Америка, Европа ва Осиё) ва 3 та материкда (Шимолий ва Жанубий Америка, Евросиё) ғалаба қозонган илк жамоа сифатида тарихга кирган. Жамоа 4 бора конфедерациялар кубогида, 8 марта Америка кубогида ғолиб чиққан. Бу борада улар фақат Уругвай ва Аргентинадан кейин туришади.

Фото: football-pitch.ru

Олтин авлод

Бразилия терма жамоасининг асосий ютуқлари ўтган асрнинг 50-йилларидан кейин қўлга киритилган. Пеле, Гарринча, Загало каби футбол юлдузлари билан учта жаҳон чемпионатини ютиб олган бразилияликлар Жюл Риме кубогини ўзларида сақлаш ҳуқуқини қўлга киритишган. 17 ёшида Швецияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида терма жамоадаги дебютини нишонлаган Пеле 3 карра жаҳон чемпиони бўлган ягона футболчи сифатида тарихга кирган.

Қайта туғилиш

1990-йилларнинг охири — 2000-йилларнинг бошини Бразилия терма жамоасининг қайта туғилиш даври десак муболаға бўлмайди. Шу йилларда Роналдо, Роналдиньо, Кафу, Роберто Карлос, Ривалдо каби жаҳон юлдузлари етишиб чиқди ва яна икки бор (1994 ва 2002) жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарди.

Муваффақиятсизлик

Фото: «Интерфакс»

Сўнгги жаҳон чемпионати Бразилияда ўтиши аниқ бўлгач, кўпчилик мезбонларни асосий фаворит сифатида эътироф этишди. Лекин Белу-Оризонтида бўлиб ўтган ярим финал баҳсида Бразилия терма жамоаси биринчи таймнинг 30 дақиқасида Германиядан 5 тўп ўтказиб юборди. Якуний ҳисоб эса 1:7! Даҳшатли якундан сўнг мамлакат шок ҳолатига тушиб қолди, терма жамоа иштирокчилари анчагача ўзига кела олишмади. Бу Бразилиянинг шу вақтгача бўлган энг йирик мағлубияти эди. Ўша куни пентакампеонларнинг 39 йиллик ўз майдонидаги мағлубиятсиз сериясига чек қўйилган эди.

Асосий юлдуз

Бразилия футбол юлдузлари мамлакати. Терма жамоадаги исталган футболчини асосий қаҳрамон сифатида қўрсатса бўлади. Аммо бугунги кундаги зўрлар ичида зўри барибир Неймар эканлигини биламиз. Жаҳон чемпионатидан кейинги ўйинларда асосий қаҳрамон сифатида айнан «ПСЖ» ҳужумчисини кўрсатиш мумкин. Янги мураббий Дунга унга сардорликни берди ва 10 та ўртоқлик учрашуви ғалаба билан якунланди. Тўплар нисбати ҳам ҳавас қилгудек – 21:2!

2015 йилги Америка кубогида чорак финалга етиб келган бразилияликлар Парагвайга қарши Неймарсиз ўйнашлари лозим эди. Муросасиз кечган баҳсда парагвайликлар пеналтилар сериясига кўра ғолиб бўлишди.

Неймар Бразилия терма жамоаси тўпурарлари рўйхатида Пеле, Роналдо ва Ромариодан кейин тўртинчи ўринда туради.

Тайёргарлик

Пентакампеонлар жаҳон чемпионати саралаш баҳсларини кутилганидан ҳам аъло даражада ўтказишди. Асосий рақиб Аргентинанинг бироз оқсаши уларни янада илҳомлантирган чоғи, бирин-кетин барча жамоаларни мағлуб эта бошлашди. Якуний натижага кўра иккинчи ўриндаги Уругвайдан 10 (!) очко илгарилаб кетишди. Ҳатто ўзлари учун аҳамиятли бўлмаган ўйинда Чилини жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятидан маҳрум этишди.

Саралашдан сўнг жаҳон чемпионатига тайёргарликни кўнгилдагидек ўтказган жамоа ўз ўйинлари билан мусобақанинг асосий фаворити эканлигини яна бир бор эслатиб қўйди. Москвада бўлиб ўтган баҳсда русларни йирик ҳисобда мағлубиятга учратган сариқ-яшиллар сўнгги ўртоқлик учрашувини амалдаги жаҳон чемпиони Германияга қарши ўтказишди. Кичик ҳисобдаги ғалаба бугунги кунда қайси жамоа кучлироқ эканини кўрсатиб берди.

Сўнгги бешта ўйин

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 11 октябрь

Чили

3:0

Паулино,

Жезус 2 та

Белу-Оризонти

2

2017 йил 10 ноябрь

Япония

3:0

Неймар, Марсело, Жезус

Лилл

3

2017 йил 14 ноябр

Англия

0:0

Лондон

4

2018 йил 23 март

Россия

3:0

Миранда, Коутино, Паулино

Москва

5

2018 йил 27 март

Баразилия

1:0

Жезус

Мюнхен

Йўқотишлар

Асосий йўқотиш шубҳасиз Неймар билан боғлиқ. Феврал ойида Франция чемпионати доирасидаги «Марсел»га қарши ўйин унинг учун омадсиз якунланди. Аввалига уч ҳафтага сафдан чиққани эълон қилинган ҳужумчининг чап оёғидаги жароҳат жиддий бўлиб чиқди ва у операция қилинди. Ҳозир тикланиш жараёнида бўлган Неймарнинг оёққа туриб кетишини нафақат бразилияликлар, балки бутун дунёдаги мухлислари кутишмоқда.

Фото: «Спорт-Экспресс»

Рақиблар

Қуръа натижаларига кўра бразилияликлар гуруҳ баҳсларида Европанинг икки жамоаси Швейцария ва Сербия, шунингдек КОНКАКАФ етакчиси Коста-Рика терма жамоалари билан куч синашади. Кўринишидан унчалик кучли бўлмаган рақиблар ичида сўнгги жаҳон чемпионати иштирокчилари Швейцария ҳамда Коста-Риканинг Бразилиядаги чемпионатда нималар қилгани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг