Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: «Қизил фурия»

Битта кубок учун 32 жамоа: «Қизил фурия»

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат Испанияга!

Лақаби: «La Furia Roja» («Қизил фурия»).

Конфедерация: УЕФА.

Бош мураббий: Хулен Лопетеги.

Сардор: Серхио Рамос.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Икер Касиляс (167).

Тўпурар: Давид Виля (59).

ФИФА рейтингида: 8 (2018 йил 12 апрель).

Энг юқори ўрин: 1 (2008 йил июл; 2009 йил июнь; 2010 йил июль; 2011 йил июль; 2011 йил октябрь-2014 йил июль).

Энг паст ўрин: 25 (1998 йил март).

Илк расмий ўйин: Испания – Дания 1:0 (Антверпен, Белгия; 1920 йил 28 август).

Энг йирик ғалаба: Испания – Болгария 13:0 (Мардид, Испания; 1933 йил 21 май).

Энг йирик мағлубият: Италия – Испания 7:1 (Амстердам, Нидерландия; 1928 йил 4 июнь). Англия – Испания 7:1 (Лондон, Англия; 1931 йил 9 декабрь)

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 14 марта (чемпион: 2010).

Европа чемпионатидаги иштироки: 10 марта (чемпион: 1964, 2008, 2012).

Илк таассурот

Испания примераси дунёнинг энг кучли лигаси ҳисобланади. Унда «Барселона», «Атлетико», «Реал» каби дунёнинг энг зўр жамоалари иштирок этади. Аммо, тан олиш керак, мамлакат миллий терма жамоаси ютуқларни қўлга киритиш борасида клублар даражасида эмас. Бунинг кўпгина сабаблари бор. Улардан бири 20-аср бошидаги Испания терма жамоасининг сиёсий можаролар туфайли кўпинча дунё миқёсидаги турнирлардан четда қолганидир. Ҳатто 1960 йилги Европа чемпионатида ҳам кучли таркибга эга жамоа сиёсий келишмовчиликлар қурбонига айланган. Аммо ана шу муаммолар ҳам испанларнинг тўрт йил ўтиб Европанинг биринчи жамоасига айланишига тўсқинлик қилмаган.

Кейинчалик...

«Евро-84»да финалгача етиб борган испанлар Мишел Платини бошчилигидаги Францияга имкониятни бой беришади. 1990-йиллари Испания гуруҳ ўйинларида яхши натижа кўрсатиб, «плэй-офф» босқичида мағлубиятга учрашни одат қилиб олди. Ҳар гал чемпионлик учун асосий даъвогар сифатида тилга олинадиган ва одатда чорак финалда қоқилган жамоа таркибида Фернандо Йерро, Раул Гонсалес, Гаиска Мендета каби зўр футболчилар бор эди.

Туб бурилиш

2008 йилга келиб испан футболида туб бурилиш содир бўлди. Бош мураббий Луис Арагонес таркиб танлашда ўз билганидан қолмади ва ўша машҳур Раулни якуний таркибга киритмасликка ўзида куч топди. Якунда унинг бу қарори ўзини оқлади ва қитъа биринчилигида «қизил фурия» бош совринни қўлга киритди. Германияга қарши кечган финал баҳсида Фернандо Торреснинг ягона голи испанларга ғалаба келтирди.

Дел Боске давом эттирди...

Арагонеснинг мустаҳкам пойдевори устига муҳташам бино қурган мураббий Висенте дел Боске бўлди. У 2010 йилдаги жаҳон ва 2012 йилдаги Европа чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Илк бор Африка қитъасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати финалига Испания ва Нидерландия йўл олди. Кескин, драматик руҳдаги финал баҳсининг асосий таймларида ҳисоб очилмади. Қўшимча вақтда эса испанлар ирода намойиш этишди: Андрес Инестанинг голи ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

Арагонеснинг кейинги «миссия»си ҳам анча муваффақиятли чиқди. Украина ва Полшада бўлиб ўтган Европа чемпионатининг илк ва сўнгги учрашувида италияликлар билан куч синашган Испания терма жамоаси гуруҳ баҳсида дуранг ўйнаган бўлса, финалда йирик ҳисобда енгди – 4:0! Қисқа вақт ичида учта йирик турнирда ғалаба қозонган Испания терма жамоаси ютуқлари мамлакатнинг етакчи клублари «Барселона» ва «Реал» муваффақиятига уланиб, испан футболини юксак чўққига кўтарди. Бир неча йил давомида Хави, Инеста, Торрес, Касиляс, Виля ва Пуйол каби футболчилар жаҳон юлдузлари даражасидан тушмай келишди.

 Пасайиш

Чемпионликка эришишдан уни ушлаб туриш қийинроқ дейишади. Испания терма жамоаси Европада чемпионлик унвонини бир марта ҳимоя қилишга кучи етди. Аммо жаҳон чемпионатида яна бир бор зафар қучиш унга насиб этмади. Бразилиядаги чемпионат улар учун анча омадсиз якунланди. Нидерландия, Чили ва Австралия каби терма жамоаларга дуч келган испанлар гуруҳ баҳсларидаёқ омадсизликка учради.

Бугунги Испания таркибида жаҳон ва Европа чемпионлари кўп эмас. Аммо ғалабага чанқоқ ёш иқтидорлар етарли. Улар Россия майдонларида охирги катта мусобақалардаги муваффақиятсизликлар тасодиф эканлигини исботлашга ҳаракат қилишади.

 Саралаш баҳслари

Саралаш ўйинларига қуръа ташланганидаёқ тўғридан-тўғри йўлланма учун испанларнинг асосий рақиби маълум бўлган эди. Италиядаги ўйинда очко йўқотган «қизил фурия» қолган баҳсларни ўз фойдаларига ҳал этди. Устига-устак олти марта рақиблар йирик ҳисобда мағлуб этилди. Лихтенштейн терма жамоаси эса ҳар икки ўйинда ўз дарвозасидан саккизтадан тўп олиб чиқди. Испанлар ўнта ўйинда ўз дарбозасидан бор-йўғи учта гол ўтказиб юборди.

 Сўнгги бешта ўйин 

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол

муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 5 сентябрь

Лихтенштейн

8:0

Рамос,

Мората 2 та, Иско, Д.Силва, Аспас 2 та, Геппел (автогол)

Вадуц, Лихтенштейн

2

2017 йил 6 октябрь

Албания

3:0

Родриго, Иско, Т.Алкантара

Аликанте

3

2017 йил 9 ноябрь

Исроил

1:0

Илярраменди

Қуддус, Исроил

4

2018 йил 23 март

Германия

1:1

Родриго

Дюсселдорф, Германия

5

2018 йил 27 март

Аргентина

6:1

Коста,

Иско 3 та, Т.Алкантара, Аспас

Мадрид

Асосий юлдуз

Испания терма жамоасидан алоҳида юлдузни ажратиб кўрсатиш жуда қийин масала. Терма жамоада рақобат шу даражада кучлики, бош мураббий нафақат асосий таркиб ўйинчиларини аниқлашда, балки Россияга олиб борадиган 23 футболчини танлаб олишда ҳам катта қийинчиликларга дуч келиши шубҳасиз. Иско, Педро, Асенсио, Васкес, Коста, Мората, Аспас, Алкасер, Фабрегас, Силва, Калехон, Деулофеу, Адуриц, Торрес, Виля, Нолито, Сусо, Витоло... Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Аммо рўйхатдаги барча юлдузлар ҳам Россияга келиш имкониятига эга эмас. Биз кимнидир танлаб олишимиз керак экан, шартли равишда «Реал» билан чемпионлар лигасининг ғолиби бўлишга яқин турган Марко Асенсиони танлаймиз.

Рус мутахассиси Валерий Карпин қўл остида бир муддат шуғулланган Марко «Реал» мураббийларининг назарига тушди. «Малорка»нинг асосий таркибида бир мавсум тўп сурган ёш футболчи «қироллик клуби» томонидан сотиб олинди ва дарҳол «Эспаньол»га ижарага берилди. Барселонадаги илк мавсум кутилганидан аъло даражада ўтди. Ёш йигит учун мавсумнинг 34 та ўйинида майдонга тушиш катта ютуқ эди. Унинг «Реал»га қайтишини шахсан бош мураббий Зидан хоҳлади. Асенсионинг мадридликлар сафидаги дебюти муваффақиятли чиқди. Тронхеймдаги Европа суперкубоги баҳсининг 21-дақиқасидаёқ «Реал»даги илк голини киритган ёш футболчи кейинги бир ярим йил давомида бир неча совринларни қўлга киритди. Сўнгги пайтларда даҳшатли рақобат Асенсиога «Реал»нинг асосий таркибга киришига халал бермоқда. Бу нарса Испания термасида ҳам давом этиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳамма гап бош мураббий Лопетеги ва унинг чемпионатдаги тактикасига боғлиқ.

Рақиблар

Тақдир уч қўшни давлатни битта гуруҳга бирлаштирди. Қуръа натижасига кўра минтақа жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган Португалия, Испания ва Марокашга Осиёдан Эрон қўшиладиган бўлди. Биринчи турда гуруҳнинг энг қизиқарли ўйини бўлиши кутилмоқда. 15 июнь куни Сочи қуёши остида ўтадиган испан-португал баҳси балки гуруҳ ғолибини аниқлаб берар?.. Гуруҳдаги кейинги ўйинлар Қозонда Эрон билан ва Калининград шаҳрида Марокаш билан бўлиб ўтади.

Испания ва Португалия терма жамоалари бир-бири билан 36 марта расмий ўйинларда учрашган. Уларнинг 19 тасида «қизил фурия»нинг қўли баланд келган. Жаҳон чемпионати доирасидаги ягона учрашув 2010 йилда бўлиб ўтган. Унда бўлажак чемпионлар кичик ҳисобда ғалаба қозонган.

Бугунги қаҳрамонларимиз Эрон ва Марокаш терма жамоалари билан ҳеч қачон учрашмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг