Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: «Самурайлар» жангга тайёр

Битта кубок учун 32 жамоа: «Самурайлар» жангга тайёр

Фото: «РИА НОВОСТИ»

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат «япон самурайлари»га!

Лақаби: «кўклар», «самурайлар».

Конфедерация: ОФК.

Бош мураббий: Акира Нисино.

Сардор: Макото Хасэбэ.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Ясухито Эндо (152).

Тўпурар: Кунисигэ Камамото (80).

ФИФА рейтингида: 60-ўрин (2018 йил 12 апрель).

Илк ўйин: Япония – Хитой 0:5 (Токио, Япония; 1917 йил 9 май).

Энг йирик ғалаба: Япония – Филиппин 15:0 (Токио, Япония; 1967 йил 27 сентябрь).

Энг йирик мағлубият: Япония – Филиппин 2:15 (Токио, Япония; 1917 йил 10 сентябрь).

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 5 марта.

Осиё кубоги ғолиби: 4 марта.

Конфедерациялар кубоги: 1 та кумуш.

Танишув

Япония терма жамоасини одатда «Сакка Ниппон Дайхё», «Ниппон Дайхё» ёки оддийгина «Дайхё» деб аташади. Гарчи терма жамоанинг расмий лақаби бўлмаса-да, уни бош мураббий номи билан қўшиб айтиш одат тусига кирган. Масалан, Такэси Окада бошчилигидаги Япония «Okada Japan» (Окаданинг Японияси) ёки Заккерони даврида «Zaccheroni Japan» (Заккеронининг Японияси) деб аталган. Сўнгги пайтларда кўпроқ «кўк самурайлар» дейиш урфга кирди. Япония Осиёдаги энг унвонли жамоалардан бири саналади. Улар қитъанинг 4 карра чемпионидир. Самурайлар икки марта жаҳон чемпионати 1/8 финалига чиқишган. Шунингдек кунчиқар юрт вакиллари 2001 йилда бўлиб ўтган Конфедерациялар кубогининг финалчиси ҳисобланади.

Илк ютуқ ва яна 30 йил

Япония ўзининг илк ютуғига 1968 йилда Мексикадаги олимпиадада эришган. Ўшанда кутилмаганда бронза медалларига эга чиққан жамоа кўпчиликнинг ҳайратига сабабчи бўлган. Ҳаттоки ана шу ютуқдан кейин ҳам мамлакатда профессинал лига ташкил этилмади. Маҳаллий лигасиз эса ривожланиб бўлмасди. Шунинг учун ҳам жаҳон чемпионатига чиқиш масаласи яна 30 йил кейинга қолдирилди.

1991 йилга келиб мамлакатда биринчи марта профессионал лига ташкил этилди. Жей лига япон футболининг шиддат билан ривожланишига туртки бўлди. Аҳоли орасида футболга қизиқиш кескин равишда ошиб кетди. Бироқ жаҳон чемпионатига чиқиш дастлабки уринишда амалга ошмади.

 ЖЧдаги иштирок

1994 йилги жаҳон чемпионатида Япония Ироқ тўсиғидан ўта олмай, АҚШга боролмади. 1998 йил Франция майдонларидаги чемпионатда японлар гарчи бирорта очко жамғара олмай, гуруҳ баҳсларидан сўнг уйга қайтган бўлсалар-да, катта танқидга учрашмади. Зеро, Аргентина ва ўша пайтдаги Хорватия билан тенгма-тенг беллашишнинг ўзи осон эмас эди.

Тўрт йилдан сўнг жаҳон чемпионати Япония Жанубий Корея майдонларида ўтказилди. Гуруҳ баҳсларидаги икки ғалаба «самурайлар»ни «плей-офф» босқичига олиб чиқди. Нимчорак финалда бўлажак бронза медал совриндорлари – Туркия терма жамоасига имконият бой берилди.

Япония терма жамоаси 2002 йилги мундиалда Россия термаси устидан қозонилган ғалабани нишонламоқда

Германияда бўлиб ўтган чемпионат японлар учун анча омадсиз бўлди. Яна ўша Хорватия билан бир гуруҳга тушган самурайлар бу сафар дурангга имзо чекишди. Аммо қолган икки баҳс мағлубият билан тугади.

2010 йилги жаҳон чемпионатининг мезбон ЖАРдан кейинги илк иштирокчиси айнан Япония бўлди. Эсингизда бўлса, ўшанда улар Ўзбекистондаги ғалабадан кейин жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишган эди. Африка сафари кунчиқар юрт вакиллари учун анча омадли келди. Гуруҳ баҳсларида Камерун ва Данияни мағлуб этган самурайлар нимчорак финалда Парагвайга пеналтилар сериясида мағлуб бўлишди.

Бразилияда ўтган чемпионатда бор-йўғи бир очкони қўлга киритган Япония терма жамоаси гуруҳ баҳсларидан кейин уйга қайтди. Бу сафар уларнинг йўлига Греция ва Колумбия вакиллари тўғаноқ бўлишди.

Асосий юлдуз

Айнан Оказаки Япония терма жамоаси либосида уч марта «хет-трик»ка эришган ягона футболчи саналади.

Бугунги кунда Япония терма жамоасида Шунсуке Накамура ёки Хидетоши Наката сингари юлдузлар йўқ. Улар Европа жамоаларида доимий ўйин амалиёти ва етакчилиги орқали кўпчиликнинг назарига тушган эди. Юта Нагатомо ва Шинжи Кагаванинг доимий ўйин амалиётига эга бўлмаётгани бошқа бир юлдузни юзага чиқарди. Гап «Лестер» аъзоси Шинжи Оказаки ҳақида кетмоқда. У сўнгги пайтларда ўзининг етакчилиги билан япон ҳужумчиларига ўрнак бўлаётгани бор гап. Бир пайтлар Такеши Окаданинг ёшлар жамоасида порлаган йигит терма жамоадаги илк йилидаёқ рақиблар дарвозасига 15 та гол киритишга муваффақ бўлган эди. Айнан Оказаки Япония терма жамоаси либосида уч марта «хет-трик»ка эришган ягона футболчи саналади. Шинжининг «Лестер» сафидаги ўйинлари жамоа Англия чемпиони бўлганлиги учун ҳам тезда кўзга кўринди. У даҳшатли чемпионлик йўлида Раньери «машинасининг» Варди, Маҳрез ва Канте каби ажралмас қисмларидан бирига айланди.

Сўнгги бешта ўйин  

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол

муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 10 октябрь

Гаити

3:3

Курата,

Сугимото,

Кагава

Йокогама

2

2017 йил 10 ноябрь

Бразилия

1:3

Макино

Лилл, Франция

3

2017 йил 14 ноябрь

Белгия

0:1

Брюгге, Белгия

4

2018 йил 23 март

Мали

1:1

Наказима

Льеж, Белгия

5

2018 йил 27 март

Украина

1:2

Макино

Льеж, Белгия

Рақиблар

Қуръа натижасига кўра японлар худди тўрт йил олдин бўлгани каби тенг жамоалар гуруҳига тушди. Бу ерда яққол етакчи йўқ. Гуруҳда «самурайлар»га жиддий қаршилик кўрсатиш учун Жанубий Америкадан келган Фалкао бошчилигидаги Колумбия, Европа саралашининг кутилмаган лидери Польша ва Африка вакили Сенегал мавжуд. Уларнинг қай бири гуруҳ ғолиби бўлишини тахмин қилиш жуда қийин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг