Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: «Супербургутлар» парвозга шай

Битта кубок учун 32 жамоа: «Супербургутлар» парвозга шай

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат Африка қитъасининг илк йўлланмасини қўлга киритган Нигерияга!

Лақаби: «Супербургутлар», «Африка бразилияликлари».

Конфедерация: АФК.

Бош мураббий: Гернот Рор.

Сардор: Жон Оби Микел.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Винсент Энеама (101).

Тўпурар: Рашиди Екини (37).

Стадион: «Абужа»

ФИФА рейтингида: 47 (2018-йил 17 май).

Илк расмий ўйин: Нигерия – Серра-Леоне 2:0 (Лагос, Нигерия; 1949 йил 8 октябр).

Энг йирик ғалаба: Нигерия – Дагомея (ҳозирги Бенин) 10:1 (Лагос, Нигерия; 1959 йил 28 ноябр).

Энг йирик мағлубият: Олтин қирғоқ (ҳозирги Гана) – Нигерия 7:0 (Аккра, Гана; 1955 йил 1 июн).

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 5 марта (1/8 финал, 1994, 1998, 2014).

Африка миллатлар кубогидаги иштироки: 17 марта (чемпион: 1980, 1994, 2013).

«Футбол ватани»

1960 йилда ташкил этилган Нигерияда фуқаролик урушлари ва диний зиддиятлар келиб чиқиши натижасида спортга етарлича эътибор берилмаган. Вақт ўтиши билан аҳоли ўртасида футболга қизиқиш ортиб борди. Бугунги кунда дунёдаги энг ифлос мегаполислари (Лагос ва Абужа шаҳарлари 1- ва 3-ўринда) билан машҳур мамлакат аҳолиси футболни жуда яхши кўради ва ҳатто ўз мамлакатини спортнинг мазкур турининг ватани деб билишади.

ЖЧдаги дебют ва муваффақият

Нигерияда футбол 1970-йилларга келиб ривожлана бошлади ва 1980 йилда мамлакат терма жамоаси илк бор Африка миллатлар кубогини қўлга киритди. Унгача икки марта учинчи ўринни олган «супербургутлар» 1994 йилгача яна учта кумуш ва битта бронза медалига эга чиқишди. Айнан 1994 йили Клеменс Вестерхоф мураббийлигида ўз тарихида иккинчи марта Африка миллатлар кубогини қўлга киритган жамоа АҚШда ўтган жаҳон чемпионатида нимчорак финалгача етиб борди. Гуруҳ ўйинларини ижобий натижалар билан якунлаган африкаликлар Аргентинани ортда қолдириб, нимчорак финалда Италия терма жамоасига қўшимча бўлимда имкониятни бой беришди. Ўша таркибдаги Сандей Олисе, Рашиди Екини, Жей-жей Окоча, Жорж Финиди ва Эммануел Амунеклар кейинчалик Европанинг кучли клубларида тўп суришди.

Жей-жей Окоча

1996 йилга келиб Ёҳаннес Бонфрере қўл остида нигерияликлар жаҳон миқёсидаги дастлабки йирик соврин – Атланта олимпиадаси олтин медалини қўлга киритишди. Бу борада улар Африка қитъасининг дастлабки терма жамоасига айланишди. Олимпиада баҳслари «Челси» сафида тўп сурган Селестин Бабаяро, антиқа сочи билан машҳур Тарибо Уест, «Арсенал»да юлдузли даврини ўтказган Нванкву Кану, Ҳолландияда порлаган Тижани Бабангидаларни юзага чиқарди. Уларнинг ичида энг асосий юлдуз, шубҳасиз, Германия, Франсия ва Англия стадионларида олқишларга кўмилган Жей-жей Окоча эди.

Кейинги жаҳон чемпионатлари

1998 йилги жаҳон чемпионатида мухлислар икки йил олдинги Атланта олимпиадаси ғолибларидан кўпроқ натижа кутишган эди. Бора Милутинович бошчилигидаги жамоа гуруҳ баҳсларини кўнгилдагидек якунлаган бўлса-да, нимчорак финалда Данияга йирик ҳисобда ютқазди.

Япония ва Кореяда бўлиб ўтган чемпионат олдингиларига қараганда анча омадсиз якунланди. «Ўлим гуруҳи»да Англия, Швеция ва доимий ҳамроҳ Аргентина билан баҳс олиб борган «супербургутлар»нинг парвози бу сафар гуруҳ баҳсларидаёқ якунига етди.

Шундан сўнг терма жамоа ўйинида бироз пасайиш кузатилди. Гарчи 2002, 2004, 2006 йиллардаги Африка миллатлар кубогида бронза медаллари қўлга киритилган бўлса-да, қитъадаги етакчилик бошқа терма жамоаларга бериб қўйилди. Натижада Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати йўлланмаси ҳам бой берилди. Ниҳоят 2013 йилда навбатдаги Африка миллатлар кубоги қўлга киритилди ва бир йил ўтиб Бразилияга қитъа чемпиони сифатида боришди. Натижалар ҳам ёмон эмас: гуруҳ ўйинларини муваффақиятли якунлаган «супербургутлар»ни бу сафар Франсия чорак финалдан маҳрум этди – 0:2.

2015 ва 2017 йилги қитъа биринчиликларида саралаш ўйинлари билан чекланган нигерияликлар 2016 йилги Бразилияда олимпиадаси бронза медалларини қўлга киритишди. Россияга ҳам айнан олимпидада тажриба орттирган ва халқаро ўйин амалиётига эга бўлган таркиб билан боришади.

Саралаш баҳслари

Сўнгги Африка миллатлар кубоги саралаш баҳсларидаги муваффақияцизликлар нигерияликларни руҳан синдирмади. Иккинчи босқичдан иштирокини бошлаган Санди Олисе шогирдлари Свазилендни икки ўйин натижасига кўра 2:0 ҳисобида таслим этишди ва якуний босқичда Камерун, Жазоир ва Замбия каби анчагина кучли рақибларга дуч келишди. Африка терма жамоаларидаги фаолияти билан машҳур бўлган германиялик мураббий Гернот Рор бошчилигида ўтган сўнгги босқичда супер ўйин кўрсатган «супербургутлар» якунда 14 очко билан гуруҳ ғолибига айланди ва Африка қитъасидан биринчи бўлиб жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Сўнгги бешта ўйин

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол

муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 7 октябр

Замбия

1:0

Ивоби

Уё, Нигерия

2

2017 йил 10 ноябр

Жазоир

1:1

Огу

Константина, Жазоир

3

2017 йил 14 ноябр

Аргентина

4:2

Ихеаначо, Ивоби 2 та, Идову

Краснодар, Россия

4

2018 йил 23 март

Полша

1:0

Мозес

Вроцлав, Полша

5

2018 йил 27 март

Сербия

0:2

Лондон, Англия

Асосий юлдуз

Асосий юлдуз сифатида терма жамоа сардори Жон Оби Микел, ёш ҳужумчи Калечи Ихеаначо ёки тиниб-тинсимас Аҳмад Мусоларни ҳам кўрсатиш мумкин. Аммо уларнинг «асосий» бўлиш омили «Челси» аъзоси Виктор Мозесникидан камроқ. Микелнинг ёши ўтган, Калечи жуда ёш, Аҳмад эса кучли клубларда ўзини кўрсатганича йўқ. Мозес гарчи клуби сафида етакчи бўлмаса-да, терма жамоа сафидаги обрўси баланд.

Виктор Мозес

Викторнинг ҳаётини бир текис ўтган деб бўлмайди. Мамлакатда юз берган фуқаролар уруши туфайли 11 ёшидаёқ ота-онасидан етим қолган ўсмирни асраб олган оила Англияга олиб кетади. Ўша ерда футбол сирларини ўрганишни бошлаган Виктор икки йўлдан бирини танлаши керак эди: ё инглиз руҳонийси бўлган марҳум отасининг хотираси учун черков хизматига ўзини бағишлаш ёки севган машғулоти футбол билан шуғулланиш! Натижа нима бўлгани ҳаммамизга маълум.

Унинг иқтидорини биринчи бўлиб сезган клуб «Кристал Пелас» бўлди. Ёшлар жамоасидаги дебют мавсумидаёқ рақиблар дарвозасини 50 бор ишғол қилган Виктор 17 ёшидаёқ асосий таркиб аъзосига айланди. Роберто Мартинеснинг «Уиган»и орқали «Челси»га келгач мураббийлар Рафаел Бенитес ҳам, Жозе Моурино ҳам унга ишонч билдиришмади. Футболчини ижарага беришди, ҳатто бир муддат «Ливерпул»га сотишни ҳам мўлжаллашди. Қизиқ томони, ижарада ҳам ўзини яхши томондан кўрсата олмаган футболчи ҳатто терма жамоага ҳам чақирилмай қўйди. Барчаси Антонио Конте келгач ўзгариб кетди. Уч ҳимоячи билан ўйнайдиган Контега Мозес сингари футболчи керак эди. Уларнинг ҳамкорлиги кутилганидан яхшироқ натижа берди. Конте пас беришни хуш кўрмайдиган вингердан ҳимоядан ҳужумга ўтадиган ўнг қанот ҳимоячисини ясади.

Бу тажриба Рор мураббийлигида қанчалик натижа бериши даргумон. У жамоасини 3-5-2 схемсида ўйнатиши ҳам қийин масала. Аммо тажрибали ва халқаро майдонда ўзини йўқотиб қўймайдиган Мозесга асосий таркибдан жой бериши аниқ. Ўз вақтида асл ватанини деб Англия терма жамоасида ўйнаш имкониятидан воз кечган Мозес ҳам «супербургутлар» либосида жаҳон чемпионатида майдонга тушишга қарши бўлмаса керак.

Рақиблар

Нигерия терма жамоаси Россия майдонларида анча тер тўкишига тўғри келади. Сабаби улар билан бир гуруҳда анъанавий рақиблари – Аргентина, Модрич ва Ракитичнинг Хорватияси ва исландиялик викинглар ўрин олган.

Ессентукидаги «Источник» сиҳатгоҳини ўзларига база сифатида танлаган африкаликлар гуруҳ ўйинларидаги стадионларга бориш учун анча йўл босишларига тўғри келади. Аргентинага қарши ўйин сўнгги турда ўтказилиши уларга фойда бериши мумкин. Сўнгги тур аҳамияциз бўлиши учун Аргентина ҳам дастлабки икки турни ўз фойдасига ҳал қилиши керак албатта.

Лотин Америкасининг мазкур жамоаси билан нигерияликлар кўп бора тўқнаш келишган. Ўзаро ўйинлар тарихини бошлаб берган 1994 йилги жаҳон чемпионатида аргентиналиклар ҳужумчиси Клаудио Канижанинг дубли ўйин тақдирини ҳал этган. Бир йил ўтиб Конфедерациялар кубогидаги ўйин дуранг бўлган бўлса, 2002 йилги жаҳон чемпионатида Габриел Батистутанинг голи ягоналигича қолган. ЖАРдаги чемпионат ҳам Марадона шогирдларининг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунига етган. Сўнгги жаҳон чемпионатида бир гуруҳдан ўрин олган рақиблар баҳси анча қизиқарли кечиб, унда бўлажак финалчилар ғолиб бўлишган. Мазкур жамоалар иштирокидаги ўртоқлик ўйинлари ҳам жуда қизиқарли кечади. Сўнгги ўйин Краснодарда ўтказилиб, унда африкаликларнинг қўли баланд келган – 4:2.

Хорватия ва Исландия терма жамоалари билан бўлажак жанглар «супербургутлар» учун илк тарихий-расмий ўйинлар бўлиши кутилмоқда. Узоқ 1981 йилда «викинглар»га қарши бўлиб ўтган ўртоқлик ўйини шимолликларнинг ғалабаси билан якунланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг