Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: «Танланганлар жамоаси»

Битта кубок учун 32 жамоа: «Танланганлар жамоаси»

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат амалдаги Европа чемпиони Португалияга!

Лақаби: «Танланганлар жамоаси».

Конфедерация: УЕФА.

Бош мураббий: Фернанду Сантуш.

Сардор: Криштиану Роналду.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Криштиану Роналду (149).

Тўпурар: Криштиану Роналду (81).

Уй стадиони: Миллий стадион.

ФИФА рейтингида: 4 (2018 йил 17 май).

Энг юқори ўрин: 3 (2010 йил май-июнь; 2012 йил октябрь; 2014 йил апрель-июнь; 2017 йил сентябрь - 2018 йил январь).

Энг паст ўрин: 43 (1998 йил август).

Илк расмий ўйин: Испания Португалия 3:1 (Мардид, Испания; 1921 йил 18 декабрь).

Энг йирик ғалаба: Португалия – Лихтенштейн 8:0 (Лиссабон, Португалия; 1994 йил 18 ноябрь); Португалия – Лихтенштейн 8:0 (Коимбра, Португалия; 1999 йил 9 июнь); Португалия – Кувайт 8:0 (Лейрия, Португалия; 2003 йил 19 ноябрь).

Энг йирик мағлубият: Португалия – Англия 0:10 (Лиссабон, Португалия; 1947 йил 25 май).

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 6 марта (3-ўрин: 1966 йил).

Европа чемпионатидаги иштироки: 7 марта (чемпион: 2016 йил).

 Жаҳон чемпионатидаги илк иштироки

Португалия терма жамоаси жаҳон чемпионати финал қисмига биринчи марта 1966 йилда чиққан. Эйсебио бошчилигида гуруҳ баҳсларини кўнгилдагидек ўтказиб, «плей-офф»нинг дастлабки ўйинида ўз йўлидан шимолий кореялик рақибларини олиб ташлашди. Бўлажак чемпион инглизларга қарши ўйин эса муваффақиятсиз якунланди. Учинчи ўрин учун баҳсда Совет иттифоқини енгиб, жаҳон чемпионатининг бронза медалларини қўлга киритди. Бу португалияликлар учун ҳозиргача жаҳон чемпионатларидаги энг яхши натижа бўлиб турибди.

Олтин авлод

1990-йилларда Португалия терма жамоасининг олтин авлоди етишиб чиқа бошлади. Луиш Фигу, Руй Кошта, Витор Байя, Фернанду Коуту каби футболчилар икки марта кетма-кет ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиблигини қўлга киритди. Айнан ўша авлоддан кейин бугунги кунгача мамлакат терма жамоаси деярли барча йирик турнирларнинг доимий иштирокчисига айланиб келмоқда. Фақатгина саралаш баҳсларидаёқ якунига етган Франциядаги жаҳон чемпионати бундан мустасно.

 Ушалмаган орзу

2004 йилда Португалия ўз уйида Европа чемпионатини ўтказди ва финалга қадар етиб борди. Аммо Луис Фелипе Сколари бошчилигидаги терма жамоа ҳимоявий тактикага асосланган грекларга имкониятни бой берди. Ёш Криштианунинг кўз ёшлари «Да Луж» стадиони чимларини «ювиши» олтин авлод орзулари рўёбга чиқмаганидан далолат берарди.

Орзулар рўёби

Вақт ўтиши билан орзулар рўёбга чиқди. 2016 йили Франция майдонларидаги қитъа чемпионати португалияликларнинг ғалабаси билан якунланди. Мазкур турнирнинг бошланиши Роналду ва унинг жамоадошлари учун осон кечмади. Гуруҳ ўйинларининг бирортасида ғалаба қозона олмаган португаллар учта дуранг орқали, 3-ўрин билан «плей-офф» босқичига йўл олишди. Хорватларга қарши нимчорак финалдаги баҳс тақдири «овертайм»да киритилган гол эвазига ҳал бўлди. Кейинги рақиблар, ўзига хос сенсация соҳиблари – Польша ва Уэльс терма жамоалари бирин-кетин мағлуб этилгач, финалда мусобақа мезбонларига қарши қийин учрашув кутиб турарди. Бу ўйин Криштиану Роналдунинг жароҳати, ёш истеъдод Ренату Саншешнинг ажойиб ўйини ва албатта ҳеч кимга таниш бўлмаган Эдер исмли йигитнинг қўшимча бўлимда гол уриб, жамоасига ғалаба келтириши билан ёдда қолди.

Чемпион сифатида...

Жаҳон чемпионати олтин медали «селесао» учун орзулигича қолмоқда. 2006 йилдаги ярим финал баҳсида Зайниддин Зидан пеналтидан урган гол Пиреней яримороли вакилларини финал йўлланмасидан маҳрум қилган бўлса, учинчи ўрин учун баҳс мусобақа мезбонлари Германияга бой берилган. Европанинг амалдаги чемпиони Португалия терма жамоаси Фернанду Сантуш бошчилигида Россияга худди испанлар сингари қитъа кубогидан кейин жаҳон кубогини қўлга киритиш мақсадида катта иштиёқ билан бормоқда.

Асосий юлдуз

Кимлар учундир у даҳшатли машина, кумир, тўпурар, юлдуз; яна кимларгадир у «пеналду», муғомбир, худбин ва кибрли бир йигит. Аммо не бўлганда ҳам у иккитанинг бири, ҳеч ким эплай олмаган ишни уддалаган «ўзга сайёралик», зўр ҳужумчи ва лидер. Гап Криштиану Роналду ҳақида эканлигини билиб олдингиз.

Ёш Криштианунинг фаолияти отаси ишлайдиган ҳаваскорлар жамоасидан бошланди. 12 ёшидаёқ ўзининг илк шартномасини Лиссабоннинг «Спортинг» жамоаси билан тузган йигитча интилувчанлиги сабаб катта ютуқларга эришди. «Қизил иблислар» сафига бориб қўшилганда дарвозабон ван дер Сардан машғулотлардан кейин бирга ишлашни илтимос қиларди. Тинимсиз машғулотлар уни Фергюсон жамоасининг муҳим элементи ва суперюлдуз даражасига кўтарди. Уч марта АПЛ ва бир марта Европа чемпионлар лигасида ғолиб чиққач, янги имкониятлар ва мақсадлар ҳақида ўйлай бошлади. Португалиялик юлдузнинг «Реал»га ўтиши Мадрид жамоаси учун ҳам янги даврни бошлаб берди. Роналдунинг жамоавий ва шахсий совринларининг катта қисми айнан қироллик клуби билан қўлга киритилди. Бугунги кунда Криштиану қизиққон, йиғлоқи ва худбин йигитча эмас. У терма жамоанинг сардори, майдонда ҳам, кийиниш хонасида ҳам етакчи; кўп жиҳатдан терма жамоанинг муваффақияти унинг ўйинига боғлиқ.

Саралаш баҳслари

Саралаш баҳслари қуръаси португалияликлар учун унчалик осон гуруҳни тақдим этмади. Аввалига Швейцария ва Венгрия терма жамоалари жаҳон чемионати йўлида Португалия йўлига тўғаноқ бўлиши кутилган эди. Аммо амалда фақатгина Швейцария биринчи ўйиндаёқ 2:0 ҳисобида мағлуб этиб Роналду жамоадошларига тўғридан-тўғри йўлланма учун ким муносиб эканлигини эслатмоқчи бўлди. Шундан сўнг Португалия кучсизроқ жамоаларни йирик ҳисобда мағлубиятга учратиш билан, Криштиану эса шахсий рекордини янгилаш билан овора бўлди. «Банкирлар» термасига қарши ҳал қилувчи жавоб ўйини олдидан битта савол кўндаланг турарди: ким ўтиш ўйинида иштирок этади-ю, ким асосий йўлланмани қўлга киритади? Фаворитлар баҳсида Журу ўз дарвозасини, Андре Силва эса рақиб дарвозасини нишонга олиши барчасига ойдинлик киритди: Португалия жаҳон чемпионатида!

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол

муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 10 ноябрь

Саудия

Арабистони

3:0

Мануэл Фернандеш, Гонсалу Гадеш, Жоау Мариу

Визеу, Португалия

2

2017 йил 14 ноябрь

АҚШ

1:1

Антунеш

Лейрия, Португалия

3

2018 йил 23 март

Миср

2:1

Роналду 2 та

Цюрих, Швейцария

4

2018 йил 26 март

Ҳолландия

0:3

Женева, Швейцария

5

2018 йил 28 май

Тунис

2:2

Андре Силва, Жоау Мариу

Брага, Португалия

Рақиблар

Португалия терма жамоасининг рақиблари Бразилиядаги чемпионатда омади келмаган испанлар, Эрве Ренар мураббийлигидаги Марокаш ва қайсар «коач» сифатида ном қозонган  Карлуш Кейруш бошчилигидаги Эрон вакилларидир.

Кратоводаги «Сатурн» ўқув-машғулот базасига жойлашадиган Криштиану ва унинг жамоадошлари илк баҳсдаёқ гуруҳдаги асосий рақиб Испания билан тўқнаш келишади. Устига-устак ўйин ҳам пойтахтдан анча узоқда жойлашган Сочида бўлиб ўтади. Дарҳол Москвага қайтиб, Африка вакилларига қарши кураш олиб борадиган Португалия термаси гуруҳдаги сўнгги баҳсни Саранскдаги «Мордовия арена»да эронликларга қарши ўтказади.

Пиреней яримороли вакилларининг ўзаро баҳслари тарихи 1921 йилга бориб тақалади. Португалия терма жамоасининг илк расмий ўйини сифатида ўтказилган баҳс 3:1 ҳисобида испанлар фойдасига ҳал бўлган. Шундан кейин яна 35 марта турли мусобақаларда рўбарў келган жамоаларнинг сўнгги ўйинларида испанлар кўпроқ ғалаба қозонишган. 2010 йили ЖАРда ўтказилган жаҳон чемпионатининг нимчорак финалида ва 2012 йилги қитъа чемпионати ярим финалида Испания рақибларига нисбатан кучлироқ кўринган бўлса, 2004 йилдаги ўйинда португаллар рақибларини «плей-офф»сиз қолдиришган.

Марокашга қарши ягона учрашувни бош мураббий Фернанду Сантуш ҳамон эсдан чиқармаган бўлса керак. 1986 йилги жаҳон чемпионатининг гуруҳ учрашувида африкаликлар ажойиб ғалабага эришган эди – 3:1.

Эрон билан 2006 йили Германиядаги жаҳон чемпионатида беллашган португаллар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг