Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: «Теранга шерлари»нинг навбатдаги ҳамласи

Битта кубок учун 32 жамоа: «Теранга шерлари»нинг навбатдаги ҳамласи

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат Сенегалга!

Лақаби: «Теранга шерлари».

Конфедерация: АФК.

Бош мураббий: Алиу Сиссе.

Сардор: Шейху Куяте.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Анри Камара (99).

Тўпурар: Анри Камара (29).

Стадион: «Леополд Сенгор».

ФИФА рейтингида: 27 (2018 йил 7 июнь).

Энг юқори ўрин: 23 (2017 йил ноябрь).

Энг паст ўрин: 100 (1994 йил октябрь).

Илк расмий ўйин: Дагомея – Сенегал 3:2 (Кот-Дивуар; 1961 йил 31 декабрь).

Энг йирик ғалаба:  Сенегал – Маврикий 7:0 (Дакар, Сенегал; 2010 йил 9 октябрь).

Энг йирик мағлубият:  Чехословакия – Сенегал 11:0 (Прага, Чехословакия; 1966 йил 2 ноябрь).

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 1 марта (1/4 финал).

Африка миллатлар кубоги: 13 марта (вице-чемпион: 2002).

Илк таассурот

1960 йилда мустақилликка эришган Сенегал 1965 йилги Африка кубогида дебют қилди. Олти иштирокчи орасида 4-ўрин янги ташкил этилган терма жамоа учун ёмон натижа эмасди. Кейинги қитъа чемпионатини яна 18 йил кутган сенегалликлар 1980-йилларнинг иккинчи ярмига келиб аста-секин ижобий натижа кўрсата бошлашди. Бу пайтга келиб Франциянинг «Метц» клуби тўпурари, «ПСЖ»да ҳам бир муддат тўп сурган Жюл Боканде терма жамоанинг асосий футболчисига айланган эди. У билан бирга терма жамоа сафида муваффақиятли тўп сурган «Монако» ҳимоячиси Роже Менди,  Парижда ўйнаган Умар Сен ва дарвозабон Шейк Секларни кўрсатиш мумкин. Мазкур жамоа ҳам халқаро майдонларда айтарли натижага эриша олмаган бўлса-да, Сенегал термаси қитъа чемпионатининг доимий иштирокчисига айланган эди. Ютуқлар замирида мураббий Клод Ле Руанинг ҳам ҳиссаси катта. У асос солган жамоада ҳозирги «Манчестер Сити» ҳужумчиси Лерой Саненинг отаси Сулаймон ҳам бор эди. Айнан Сулаймон Сане ўз мураббийи шарафига ўғлининг исмини Лерой деб атаган.

Метсю – Сенегал қаҳрамони!

Атлантика океани қирғоқларига унгача мураббийлик соҳасида айтарли натижа кўрсатмаган франциялик Брюно Метсюнинг ташриф буюриши билан сенегалликлар кўксига шамол тегди. Унинг бошчилигида Осиёдаги жаҳон чемпионатида қатнашган жамоа катта сенсация кўрсатди ва совриндорлар қаторидан ўрин олишига оз қолди. Ўша чемпионатнинг биринчи учрашувидаёқ Африка вакиллари келиб чиқиши дакарлик бўлган Патрик Виейра ва унинг франциялик жамоадошларини енгиб ҳаммани ҳайратда қолдирди. Пап Буба Диопнинг голига амалдаги Европа ва жаҳон чемпионлари жавоб бера олишмади.

Иккинчи турда Дания билан, учинчи турда Уругвай билан дуранг қайд этган Метсю шогирдлари «плей-офф»да Анри Камаранинг ҳаракатлари эвазига Швецияни мағлуб этишди. Чорак финалнинг қўшиб берилган бўлимларида туркларга имкониятни бой берган африкаликлар бир пайтлар Валерий Непомняшийнинг Камеруни ўрнатган рекордни такрорлади.

Рекордчилар сафида Европанинг кўплаб клублари сафида тўп суриб, «Интер»дан юрагидаги муаммо туфайли кетган тезкор футболчи Халилу Фадига, жаҳон чемпионати рамзий терма жамоасига киритилган, кейинчалик «Ливерпул» сафида ўзини ҳар жиҳатдан кўрсатган Ҳожи Диуф, шунингдек, Диоп, Салиф Диао, Алиу Сиссе ва Тони Силва каби футболчилар бор эди. Сенегал француз мураббийининг иккинчи ватанига айланди, маҳаллий аёлга уйланиб ислом динини қабул қилди. Афсуски, Метсю 2013 йилда 59 ёшида саратон касаллиги туфайли ҳаётдан кўз юмди.

Порламаган «юлдузлар»

2002 йилги жаҳон чемпионатидан кейин француз мураббийи терма жамоани тарк этди. Шундан кейин ҳам жамоа таркибида кучли футболчилар етишиб чиқа бошлади. «Марсел» сафида Франция чемпионлигига эришган Мамаду Нянг ва Сулаймон Диавара ва «Ньюкасл»да қисқа муддат порлаган Демба Ба ва Папис Демба Сисселарни айтиб ўтиш мумкин.

Асосий юлдуз

«Теранга шерлари»нинг жаҳон чемпионатидаги асосий умиди Садио Мане ҳисобланади. Кўпболали оилада дунёга келган Садионинг ёшлиги жуда оғир кечган. У футболчи бўлиш мақсадида пойтахт Дакарга, «Женерасон Фут» академиясига йўл олади. Ёшлигиданоқ мураббийлар эътиборини қозонган Мане Франциянинг «Метц» клуби скаутлари назарига тушади. Лотарингиядаги фаолияти унчалик ўхшамагач, унга Австриянинг «Ред Булл» жамоаси харидор бўлади.

Садио Мане Залцбургдаги фаолияти давомида Лондон олимпиадасида қатнашади. Айнан Британиядаги турнирда бош мураббий Рожер Шмидт қанотларга имконият берувчи интенсив прессинг услубини қўллаб, Садионинг очилмаган қирраларини ҳам очиб юборади. Турнирдан кейин жуда кўплаб мураббийлар уни ўз жамоаси сафида кўришни хоҳлайди. Омадли жамоа эса Англиянинг «Саутҳемптон»и бўлди. Роналд Куман бошчилигида катта муваффақиятга эришган африкалик йигитча АПЛ тарихидаги энг тезкор «хет-трик» муаллифига айланди. Юрген Клопнинг «Ливерпул»ида янада очилган Садио мавсумнинг энг яхшиси бўлди, клублар сафидаги 100-голини киритди.

Терма жамоада Мане кўп гол киритмоқда, жуда кўп фойдаси тегади. Бироқ ўйинга ҳаддан ташқари берилиб кетиши уни антиқаҳрамонга айлантириши ҳам ҳеч гап эмас. Сўнгги Африка кубогида айнан унинг хатоси жамоасига қимматга тушди.

 Саралаш баҳслари

Сенегал терма жамоаси қитъа етакчилари қаторида саралаш баҳсларини иккинчи босқичдан бошлади. У ерда «Теранга шерлари» Мадагаскарни енгиб, кучлилар босқичига етиб келишди. Алиу Сиссе шогирдлари ягона йўлланмани қўлга киритиш учун Буркина-Фасо, Кабо-Верде ва ЖАР терма жамоаларини ортда қолдириши лозим эди.

Илк баҳсда Кабо-Верде терма жамоасини мағлубиятга учратган сенегалликлар иккинчи ўйинда ЖАРга ютқазиб, кейинги икки ўйинда дуранг қайд этишди. Нохолис ҳакамлик ва ўйиннинг қайтадан ўтказилиши Сенегал терма жамоаси учун фойда келтирди ва у ЖАРдаги мағлубиятни ғалабага айлантириб, 3 очкога эга бўлди. Айнан ана шу ғалаба ва сўнгги икки ўйинда рақибларнинг таслим этилиши «Теранга шерлари»ни 16 йилдан сўнг жаҳон чемпионати финал босқичига олиб чиқди.

Сўнгги бешта ўйин 

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол

муаллифлари

Шаҳар

1

2018 йил 23 март

Ўзбекистон

1:1

Конате Мусо

Касабланка, Марокаш

2

2018 йил 27 март

Босния ва Герцоговина

0:0

Гавр, Франция

3

2018 йил 31 май

Люксембург

0:0

Люксембург

4

2018 йил 8 июнь

Хорватия

1:2

Сарр Исмоил

Осиек, Хорватия

5

2018 йил 11 июнь

Жанубий Корея

2:0

Ким Ен Гвон (автогол), Конате Мусо

Грёдиг, Австрия

Рақиблар

Алиу Сиссе шогирдлари жаҳон чемпионати давомида Калуга шаҳридаги базага жойлашишади. Илк баҳсни Москвада Польша термасига қарши ўтказадиган африкаликлар кейинги ўйинларни ўтказиш учун Екатеринбург ва Самара шаҳарларига боришади.

Дастлабки рақиб Польша билан ҳеч қачон ўйнамаган Сенегал терма жамоаси японлар билан икки марта ўртоқлик ўйинида иштирок этган. «Олтин авлод» даврида бўлиб ўтган ҳар икки ўйинда «Теранга шерлари»нинг қўли баланд келган.

Колумбия терма жамоаси билан ҳам икки марта ўртоқлик ўйинида беллашган сенегалликлар Бразилиядаги чемпионат арафасида 2:2 ҳисобида дуранг қайд этган бўлса, уч йил олдин деярли захира таркиби билан 0:2 ҳисобида ютқазган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг