Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бу сафар Мадридда драма. «Ювентус»нинг мўъжизасига бир баҳя қолди (видео)

Бу сафар Мадридда драма. «Ювентус»нинг мўъжизасига бир баҳя қолди (видео)

Фото: «Uefa.com»

Чемпионлар Лигаси 1/4 финали дастлабки учрашувларидан кейин барча жуфтликларда интрига ўлди, деган фикрлар кўп янграганди. Кеча бу қарашларни «Рома» чиппакка чиқарган бўлса, бугун «Ювентус» маълум муддат футбол оламини шокка тушириб қўйди.

Римликларнинг қаҳрамонлиги сабаб Италиянинг бошқа бир жамоасига ишонч ва куч кирдими ёки «Барса»нинг бошига тушган ҳол «Реал»ни чўчитиб қўйдими, ҳарқалай мадридликлар сўнгги сонияларгача тиғ устида ўтиргандек бўлдилар.

Ўйин Мадриддаги «Сантьяго Бернабеу» стадионида кечган бўлишига қарамай, туринликлар аввалига тезкор гол, биринчи тайм охирларида кучларига ишонч қўшадиган гол, иккинчи бўлимда эса умумий ҳисобни тенглаштирадиган гол ура олишди. «Реал» ўз мухлислари кўз ўнгида бирин кетин ўз дарвозасидан гол олиб чиқаверди. 

Аммо «Ювентус»нинг қаҳрамонлиги ҳакам томонидан қўшилган дақиқаларда йўққа чиқди. Қўшимча таймлар кутилаётган бир вақтда ўйинни бошқарган бош ҳакам Майкл Оливер туринликлар дарвозаси томон пенальти белгилади. Бенатия тўп учун курашда Васкесга қўполлик ишлатди деб топди. Бу қарордан ғазабга келган Жанлуиджи Буффон ҳакам билан баҳсга киришди ва ўз қаршисида қизил карточкани кўрди. Игуаин ўрнига майдонга тушиб, дарвозани эгаллаган Шченсни эса Роналдунинг 11-метрлик жаримадан йўллаган зарбасини қайтара олмади - 1:3.

Икки учрашув натижасига кўра, «Реал» ЕЧЛ ярим финалига йўл олди.

Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Жавоб ўйинлари

Реал – Ювентус 1:3 (0:2)

Голлар: 0:1 – 2 Манджукич, 0:2 – 37 Манджукич, 0:3 – 60 Матюиди, 1:3 – 90, пенальти Роналду.

Реал Мадрид – Навас, Варан, Марсело, Карвахаль, Вальехо, Иско, Каземиро (Васкес, 46), Кроос, Модрич (Ковачич, 75), Бэйл (Асенсио, 46), Роналду.

Ювентус – Буффон, Бенатия, Алекс Сандро, Де Шильо (Лихтштайнер, 17), Кьеллини, Пьянич, Хедира, Матюиди, Дуглас Коста, Манджукич, Игуаин (Шченсни, 90).

Огоҳлантиришлар: Пьянич (17), Карвахаль (22), Манджукич (29), Лихтштайнер (36), Алекс Сандро (67), Дуглас Коста (73), Марсело (81), Бенатия (90).

Четлатиш: Буффон (90).

Биринчи ўйин: 3:0

ЕЧЛ 1/4 финалининг бошқа ўйинида нурсиз дуранг қайд этилди ва «Бавария» кейинги босқичга чиқди.

Бавария Германия – Севилья Испания 0:0

Бавария – Ульрайх, Хуммельс, Боатенг, Рафинья (Зюле, 87), Мартинес, Роббен, Киммих, Хамес, Рибери (Алькантара, 71), Левандовски (Вагнер, 77), Мюллер.

Севилья – Сория, Лангле, Меркадо, Эскудеро, Навас, Банега, Нзонзи, Васкес (Нолито, 81), Сарабия (Сандро Рамирес, 70), Корреа, Бен-Йеддер (Муриэль, 65).

Огоҳлантиришлар: Меркадо (2), Нзонзи (11), Банега (81), Вагнер (90).

Четлатиш: Корреа (90).

Дастлабки ўйин 2:1

Шу тарзда ярим финалга Европанинг тўрт мамлакатидан биттадан жамоа – «Ливерпуль», «Рома», «Реал» ва «Бавария» йўл олди. Ярим финал ўйинларига қуръа ташлаш маросими 13 апрель куни ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг