Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Чемпионлар қайтишмоқда! Улар қайси кўчалардан ўтишади? Тантанали кутиб олиш маросими қаерда бўлади?

Чемпионлар қайтишмоқда! Улар қайси кўчалардан ўтишади? Тантанали кутиб олиш маросими қаерда бўлади?

Фото: «The-uff.com»

Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб бўлган Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бугун Тошкент вақти билан 23:50да пойтахтимизга етиб келишини маълум қилган эдик.

«Xabar.uz» портали таҳририятига футболчиларимизнинг қайси йўналиш бўйлаб ҳаракатланиши борасида кўплаб сўровлар бўлди.

«Xabar.uz» манбасининг маълум қилишича, чемпион футболчиларимиз жойлашган автобус бугун соат 00.00да Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан (терминал-3, маҳаллий) йўлга чиқади ва пойтахтимизнинг Бобур, Нукус, Афросиёб, Ш.Рашидов, Навоий, А.Темур кўчалари бўйлаб «Ўзбекистон» меҳмонхонасига қадар ҳаракатланади.

Соат 00.30да футболчиларни «Ўзбекистон» меҳмонхонаси олдида тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтади. Айтишларича, тадбир очиқ бўлиб, унда барча хоҳловчилар қатнашишлари мумкин.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, эл ардоғидаги санъаткорлар,  ОАВ воситалари, футболчиларнинг яқинлари, Ёшлар иттифоқи фаоллари иштирок этишади.

Маълумотларга кўра, футболчиларни кутиб олишга мингга яқин футбол ишқибозлари чиқишади.  Жараён «Ўзбекистон24» телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилади.

Демак, сизда ҳам юқорида берилган йўналиш бўйича қаҳрамонларимизни қутлаш имкони бор. Барча футбол мухлисларини Осиё чемпионларини муносиб равишда кутиб олишга чақирамиз.

Эслатиб ўтамиз, Хитойда бўлиб ўтган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг финалида Ўзбекистон олимпиячилари вьетнамлик тенгдошлари устидан ғалаба қозониб, ўз тарихида илк марта Осиё чемпионлигига сазовор бўлган эди. Футболчиларимизни ушбу ғалаби билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов қутлаган ва Осиё чемпионати ғолибларига табрик йўллашган эди.

Шунингдек, Осиё Футбол Конефедерацияси Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси U-23 Осиё чемпионатида ғалаба қозониб, чемпионликка эришгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни табриклаган эди.

«Championat.asia» нашри маълум қилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан бугуннинг ўзида «Ўзбекистон» меҳмонхонасида  футболчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Осиё чемпионлари биттадан Chevrolet Malibu автомобиллари билан тақдирланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг