Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Чемпионларни тинч қўйишимиз керак(ми?)

Чемпионларни тинч қўйишимиз керак(ми?)

Ўшанда чемпион бўлиб келган боксчиларимиз ҳаммаёқда талаш бўлиб кетдилар.

Фото: Ўзбекистон Бокс Федерацияси

Яқинда Хитойда бўлиб ўтган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида терма жамоамиз ғалаба қозонди ва ҳаммамизни хурсанд қилди. Улар қайтишганда ярим тун ва совуқ ҳаво бўлишига қарамасдан аэропортда ва пойтахтимиз кўчаларида йигитларимизни ўн минглаб юртдошларимиз муносиб кутиб олиш учун чиқдилар. Улар орасида бош вазиримизнинг бўлгани ҳам таҳсинга сазовор.

Яна менга энг маъқул жиҳати мухлислар озгина тартибсизлик қилган бўлсалар-да, ортиқча вақт йўқотмай ярим кечада бўлса ҳам футболчиларимизни тақдирлаш маросими ўтказилгани бўлди. Тўғри-да, катта ғалабага ҳисса қўшган футболчилар ўз уйларига, ота-оналарининг олдига Президентимиз совға қилган янги «Малибу» автомашиналарида кириб бориб, уларнинг кўзларини қувонтиришларига нима етсин.

Шу ўринда бошқа нарса ўйлантираяпти. Биз шу пайтгача спортнинг қайси тури бўлса-да, қитъа ёки жаҳон даражасида ғалаба қозониб ғолиб бўлган спортчиларимизни назаримда ҳаддан ортиқ олқишлаб, кўп сарсон қилиб юборганмиз. Йўқ, мен бу ерда улар рағбатлантирилиб машиналар, квартиралар ёки бошқа совғалар олганларини назарда тутмаяпман. Улар катта ғалабаларга осонлик билан эришишмаган, совға беришга арзийди, ғолиблар шунга лойиқдирлар. Мен уларнинг тинмасдан турли тадбирларга чақирилишларини назарда тутаяпман.

Спортчилар катта ғалабага эришиб қайтганларидан кейин бизда турли керак, нокерак тадбирлар бошланиб кетади. Ҳали мактабга, коллежга, ОЎЮга, радиога, ҳали телевидениега ва ҳоказо. Уларни кўрган одам борки ёпишиб суратга тушишга киришади, судрайди, йўқ деганига қарамай қаергадир таклиф қилади, рад этса, кибрли деб хафа бўлади. Охир-оқибат ўша спортчиларда камида беш-олти ой спорт билан шуғулланиб, ўз формасини сақлаб туриш учун вақт ҳам қолмайди.

Бу масалада ҳатто кўча-кўйда «Қачон телевизорни ёқсанг чемпион бўлиб келган фалон спортчилар. Бу каналга олсанг спортчи овқат пишираётган бўлади, яна биттасига олсанг қўшиқ айтаётган бўлади, яна битта каналда эса билимдонлар билан қўшилиб саволларга жавоб топаётган бўлади. Булар спорт билан қачон шуғулланади?» деган гаплар ҳам юради. Бу гаплар ҳажвия тарзида айтилган бўлса-да, лекин айни ҳақиқат.

Узоққа бормайлик, олимпиада чемпионлари бўлиб келган боксчиларимизни эслайлик. Ўшанда чемпион бўлиб келган боксчиларимиз ҳаммаёқда талаш бўлиб кетдилар: ҳали униси билан уёқда тадбир, буниси билан буёқда тадбир. Боксчиларимиз ўшанда турли телеканалларимиздан бўлган таклифларга йўқ дея олмай телевизорга чиқиб овқат ҳам пиширдилар, рақсга ҳам тушиб бердилар, ҳатто овга чиқиб, балиқ ҳам тутиб бердилар. Ана шундай тадбир-у, кўрсатувларда улар қимматли вақтларини ва спорт формаларини қанчалик йўқотишларини ва бундай йўқотишлар спортчиларга кейинги мусобақаларда салбий таъсир қилиши мумкинлигини спортга алоқаси бўлмаган кулинария кўрсатувининг режиссёридай одамлар қаердан билсин? Тўғри-да, телевидениедаги бир кўрсатувнинг муҳаррири олимпиада чемпионини таклиф этиб кўрсатувининг рейтингини оширса бўлди, қолгани билан унинг нима иши бор?!

Машҳур боксчиларимиздан бири ҳатто бундай тадбирлардан чарчаганини ҳам очиқ айтганди. Энг ёмони бу ҳолат айримларининг спорт формасига салбий таъсир қилмай қолмади, натижалар ёмонлашди. Шундай экан, ўша беҳуда тадбирлар ва ишларни чемпион бўлган футболчиларимиз билан такрорлашмайди, деб умид қиламиз.

Майли, чемпионларимизни ўқув масканларига бориб ўқувчилар билан учрашув ўтказишсин, бу иш ёш авлодни спортга қизиқтиради, уларнинг ватанпарвар бўлиб ўсишларига туртки бўлади. Аммо шуни ҳам меъёрида қилиш керак. Энди чемпион спортчиларни турли хил бўлган, бўлмаган тадбирларга, телекўрсатувлар-у, радиоэшиттиришларга чақиравериб уларни ўзларини машғулотларидан, спорт билан вақтида шуғулланишларидан тўсиб қўймаслигимиз лозим.

Аксинча уларга ўз устларида яна қаттиқроқ ишлашларига шароит қилиб бериш керак. Ана шунда бу фуболчиларимиз ҳам олдинги қандайдир мусобақада яхши қатнашиб келган футболчиларимизга ўхшаб йўқолиб қолмай янада узоқроққа борадилар ва келажакда Ватанимиз байроғини янада юксакроққа кўтарадилар. Ҳозирда айнан шу футболчиларимиздан асосий терма жамоамиз шакллантирилиши масаласи кўрилаётган бир пайтда бу ниҳоятда муҳим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг