Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Европани ўзига қаратган араб йигити — Муҳаммад Салоҳ ўз ватанида нима ишлар қилмоқда?

Европани ўзига қаратган араб йигити — Муҳаммад Салоҳ ўз ватанида нима ишлар қилмоқда?

Мисрнинг икки буюк тимсоли

Фото: «Sports.ru»

Бугунги кунда «Ливерпул» футболчиси Муҳаммад Салоҳни бутун дунё яхши танийди. Топ-клублар ичида «Челси»да бироз омади юришмаган бўлса-да, кейинчалик Италия чемпионатида шуҳрат қозониб яна Англияга қайтди. Бугунги кунда унга «Реал» қизиқмоқда...

Уни кўрганлар «О-о-ооо» дейди...

Ўз ватани Мисрда Салоҳни анча йиллардан бери ҳурмат қилишади. Мамлакат терма жамоасини 28 йиллик танаффусдан сўнг Жаҳон чемпионатига олиб чиққач, у миллат қаҳрамонига айланди. Яқинда у Африканинг 2017 йилдаги энг яхши футболчиси номини олди. Англия премер лигаси ва Европа чемпионлар лигасидаги ишлари ҳам ёмон эмас – 17+6 та гол!

Фото: «Sports.ru»

«Даҳо»нинг туғилиши

Муҳаммад Салоҳнинг ёшлиги Искандария шаҳри яқинидаги Нагриг қишлоғида ўтди. Етти ёшидан футбол ўйнашни бошлаган болакай Роналдо, Тотти ва Зиданнинг ўйинларидан илҳом оларди. Афсуски, унинг ёшлиги қашшоқликда ўтиб, ўйнаш учун ҳатто футбол тўпи олишга ҳам қурби етмасди. Эски пайпоқлардан ясалган тўп эса қишлоқ болаларининг овунчоғи эди.

Муҳаммад 14 ёшида «Pepsi» томонидан ўтказилган мактаблараро турнирда қатнашади ва унинг ўйинлари Қоҳиранинг «Араб контракторс» жамоаси скаутларига ёқиб қолади. Шундай сўнг Салоҳнинг янада машаққатли ҳаёти бошланди. Ёш йигитча деярли ҳар куни машғулотларга бориш учун 3 та транспорт алмашиб, тўрт соатини йўлга сарфлар эди. Аммо, ана шундай машаққат ортидан одатда катта муваффақият келишига кўпчик ишонар эди.

Европага йўл «Базел»дан бошланди

Салоҳ 19 ёшида Миср терма жамоасига чақирилди. 2012 йилги Африка кубогига тайёрланаётган миллий жамоа бир нечта ўртоқлик учрашувларини Европада ўтказди. Шулардан бири Швейцариянинг «Базел» клубига қарши баҳс эди. «Эҳромлар юрти» вакилларининг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ўйинда қаҳрамонимиз дублга эришди. Европа жамоаси раҳбарлари эса ўша куни майдонда «рақсга тушган» мисрлик йигитчанинг ўйинидан ҳайратда қолишди ва бир оз вақт ўтгач, ўз жамоаларига қўшиб олишди...

Фото: «Sports.ru»

Олти йил ўтди. Салоҳда ҳаммаси жойида. У «Ливерпул»нинг асосий юлдузи. Ҳафтасига 100 минг фунт маош эса қашшоқликда ўсган бола учун бир оз кўплик қилади. Шунинг учун ҳам, у доимий равишда ўзи туғилиб ўсган юртга ёрдам беришдан чарчамайди. Салоҳнинг баъзи ишларини кўриб, катта қалб эгаси эканлигига ишонч ҳосил қиласиз.

Ўғрини кечирди, виллани қабул қилмади

2017 йил, ноябр. «Конго»га қарши ҳал қилувчи баҳсда дублга эришган Муҳаммад Салоҳ Миср терма жамоасининг 28 йиллик мундиалсиз ҳаётига нуқта қўйди. Аксига олиб ўша куни отасининг уйига ўғри тушиб, кўп нарсаларини ўғирлаб кетади. Икки кундан сўнг ўғри ушлангач, футболчининг отаси уни судга топширади. Бу воқеага Муҳаммад аралашиб, ўғри билан учрашади, унга пул беради ва қўшимчасига ишга киритиб ҳам қўяди.

Фото: «Sports.ru»

Мисрлик йирик тадбиркор Мамдуҳ Аббос миллий терма жамоанинг ютуғидан хурсанд бўлиб, Муҳаммад Салоҳга дабдабали вилласини совға қилмоқчи бўлади. Бироқ Муҳаммад таклифни дарҳол рад этиб, бизнесменга: «кимгадир яхшилик қилмоқчи бўлсанг, пулни камбағалларга бер ёки Нагриг қишлоғи ривожига ҳисса қўш», – деган фикрни билдиради.

Шифохона қуришга ва ёшларни никоҳлашга маблағ ажратди

Салоҳ ўз она қишлоғини жуда яхши кўради. У ерга ҳар қанча маблағ бўлса аямайди: мактаб ва усти ёпиқ футбол майдони қурдирди, спортзал учун анжомлар сотиб олди. Қишлоқ шифохонасига катта маблағ ажратиб, тез ёрдам машиналари билан таъминлади. Ёш йигит-қизларнинг тўйларини ўтказиш учун маблағ ажратди. Ҳар йили Рамазон ойида болаларга совғалар улашади. Чексиз ғамхўрлиги сабаб қишлоқдаги мактаб ва янги қурилаётган ёшлар маркази футболчининг номи билан аталади.

Миср валютасини қутқариб қолди ва фахрийларга ёрдам қўлини чўзди

2017 йилнинг охирида Салоҳ иккита катта ишга қўл урди: аввалига, давлат валютасининг инқироздан сақлаб қолинишига катта ҳисса қўшди. Кейин, фахрий футболчиларга ёрдам берди.

Фото: «Sports.ru»

Иқтисодчилар миллий валюта камомади жиддий инқирозга олиб келишини тахмин қилиб, вазиятдан чиқиб кетиш йўли сифатида хорижий валюта ёрдами зарурлигини таъкидлашди. Ана шундай пайтда Салоҳ биринчилардан бўлиб ёрдамга ошиқди ва давлатга 210 минг Англия фунтини топширди.

Салоҳ молиявий муаммоларга учраган собиқ футболчиларни доимий равишда қўллаб-қувватлайди. Яқинда у 27 минг фунтни Миср фахрий футболчилар Ассоциациясига ўтказиб берди. Футболчи ойлик даромади 400 миср фунтидан ошмайдиган (16,65 фунт-стерлингга тўғри келади) 120 та оилага доимий равишда ёрдам бериб келади.

Яқин Шарқ мамлакатларини бир мақсад атрофида бирлаштирди

«Муҳаммад Салоҳ нафақат ўз юртида, балки бутун Яқин Шарқда ўз ўрнига эга инсон», – дейди футбол кўрсатуви телебошловчиси Ҳотам Қуддус. «У шу пайтгача ҳеч қайси сиёсатчи қила олмаган ишни уддалашга эришди. Салоҳ Яқин Шарқ мамлакатларини бир мақсад атрофида бирлаштирди. Бугунги кунда Марокаш, Тунис, Саудия Арабистони, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўмон фуқаролари унинг фамилияси ёзилган футболкаларни кийиб юришади.

Хотима

Мамлакат жиддий иқтисодий муаммолар билан ўралашиб қолган. Бу ҳар лаҳзада қандайдир даҳшатли воқеа содир бўлиш хавфини англатади. Салоҳ — 90 миллионлик Миср аҳолисининг умиди. «Ливерпул» иштирокидаги ўйин бўлаётган пайтда Қоҳирадаги исталган кафега бир назар ташласангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Икки соат давомида бутун миллат бирлашади ва ҳар қандай даҳшатни эсдан чиқаради.

Фото: «Sports.ru»

Пул ва шуҳрат кўпинча одамни ўзгартиради дейишади. Бу мақолани ўқигач, балки дунёда бу нарсалар таъсир қилмайдиган камида битта одам борлигига ишонарсиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг