Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фаластин мураббийи: «Ўзбекистон қанотдан ҳужум қиладиган жамоа»

Фаластин мураббийи: «Ўзбекистон қанотдан ҳужум қиладиган жамоа»

Фото: Xabar.uz

Фаластин терма жамоаси бош мураббийи Нуреддин Али ЖЧ-2022 саралаши доирасида Ўзбекистонга қарши кечган баҳсдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб бериб ўтди.

— Ўзбекистон терма жамоасини ғалаба билан табриклайман. Рақиб жамоавий ўйин туфайли ғалаба қозонди. Афсуски жамоамиз таркибида жароҳатланганлар бор эди. Уларнинг ўрнига майдонга тушганлар етарли даражада ўйин намойиш эта олмади.

— Фаластин ўз даражасидан паст ўйнадими ёки Ўзбекистон ўйинида ўсиш кузатилдими?
— Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўтказган аввалги ўйинимиздаги таркиб билан ҳозиргисини таққосласак, баъзи етакчи ўйинчиларимиз йўқлигини кўрасиз. Айнан улар бизга етишмади. Шунингдек термамизга жамоавий ўйин ҳам етишмади. Шунинг учун мағлубиятга учрадик.

— Сўнгги ўн дақиқада жамоангиз ҳужум қилди, яхши ўйнади. Сиз охирги 10 дақиқага кучингизни олиб қўйганмидингиз ёки Ўзбекистон терма жамоасининг ўйини пасайиб кетдими?
— Охирги ўн дақиқа ҳақида гапирсак, Ўзбекистон 2:0 ҳисобида олдинда эди ва табиийки биз ҳужум қилишимиз шарт эди. Шунингдек захира алмаштиришларини амалга оширдик, хусусан, ярим ҳимоячи ўрнига ҳужумчи туширдик. Шу билан бирга Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иккита гол уриб олгандан сўнг анча хотиржам ҳаракат қила бошлади.

— Сиз Ўзбекистон ва Саудия Арабистонига қарши ўйнадингиз. Бу жамоалар ўртасидаги фарқ ҳақида нима дея оласиз?
— Бу икки жамоа икки хил ўйин намойиш қилади. Ўзбекистон терма жамоаси қанотлардан ўйнайди ва асосий узатмалар 14-рақамли футболчига (Элдор Шомуродов - таҳририят изоҳи) узатилади. Саудия Арабистони эса майда паслар эвазига марказдан ҳужум қилади. Мен бугунги ўйиндан олдин футболчиларимга 14-рақамдан эхтиёт бўлиш кераклигини роса тайинлаган эдим. Аммо биз уддалай олмадик.

— Гуруҳдан чиқиш имкониятини деярли йўққа чиқардингиз. Бу мағлубият кейинги баҳслар учун салбий таъсир ўтказмайдими?
— Фақат астойдил меҳнат қилиб муваффақиятга эришиш мумкин. Биз ишлашда давом этамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг