Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳайит муносабати билан 5 нафар футболчи афв этилди

Ҳайит муносабати билан 5 нафар футболчи афв этилди

Фото: ЎФА

2018 йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ижроқўм бюросининг қарори билан беш нафар футболчи футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилганди. Муборак Рамазон ойи якуни ҳамда Ҳайит айёми арафасида ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз айбини тушуниб етган бу футболчиларга яна бир бор имконият бериш мақсадида Ижроқўмга ташкилот уставининг 65-модда 1.2-бандига асосан айбдор деб топилганлар масаласини қайтадан кўриб чиқиш таклифини берди.

ЎФА раҳбарияти футболдаги энг ёмон иллатлардан бири — футболчилар ёшини кичиклаштириш масаласи юзасидан айбдорлиги аниқлангач, Нодирбек Тешабоев, Муҳаммаджон Абдуллаев, Нуриддин Ҳасанов, Дилшод Аҳмадалиев, Бурхон Ҳасанов каби футболчилар Ижроқўм қарори асосида футболдан четлаштирилган эди. Ўтган давр мобайнида улардан аксари ўз айбини тушуниб етди, ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларни тўғрилади. Шунингдек, ташкилотга бир неча бор хат билан чиқиб, қилган ишидан пушаймон эканини билдирди.

Тез орада ЎФА Ижроқўми бу масалани атрофлича ўрганиб чиқади ҳамда узоқ вақт давомида бошқа исм-шариф билан «ном қозонган» йигитларга, ўзларининг ҳақиқий исм-шарифлари билан фаолиятларини давом эттириш имкониятини беради. Бу ҳақда ЎФА ахборот хизмати хабар берди.

ЎФА, шунингдек, футбол соҳасидаги барча мураббийларни, мутахассисларни жиддий равишда огоҳлантирди. Бундан буён бу каби ишларга қарши кураш янада жиддий бўлиб, айниқса, ёш болаларни ва уларнинг ота-онасини йўлдан урмоқчи бўлган ёки аллақачон уларнинг хаёлини айнитган мураббийлар кечирилмайди. Бундай инсонлар футболга қайта яқинлаштирилмайди. Шунингдек, фарзанди катта эканини билиб туриб, унинг кичик болаларга қарши тўп суришига шунчаки томошабин бўлиб турган ота-оналар ҳам жазодан четда қолмайди. Боласининг ҳужжатини сохталаштираётган ота-оналар қонун олдида жавоб беришларига тўғри келади. Яъни, ЎФА бу масала юзасидан тегишли органлар билан ҳамкорликда ишлайди.

Ташкилот фақатгина жазо қўллаш ишлари билан банд бўлмайди ва бундай иллатни йўқ қилиш йўлида амалий усуллардан ҳам фойдаланади. 2019 йилдан бошлаб болалар футбол клублари тарбияланувчиларини яхлит электрон базага босқичма-босқич киритиб бориш бошланади. Яъни, мактаб ёшидаги футболчи ҳақида барча маълумотлар, шу футболчи то миллионлар ўйини билан хайрлашмагунига қадар янгиланиб туради. Бу эса 14—15 ёшли янги футболчининг бирдан «пайдо бўлиб қолиши» ҳолатларини камайтиради. Яъни, назорат мактаб ёшиданоқ бошланади.

Яхлит электрон базадан исталган одам Суперлига, Про-Лига, 2-лига, болалар лигалари футболчиларини топиши мумкин бўлади. Шу ҳолатдан кейин ҳам футболчилар ёшини кичиклаштиришга ҳаракат давом этса, бунинг ортида турган кишиларга шафқат қилинмайди, дейилади хабарда.

ЎФА Ижроқўмининг қарори тез орада эълон қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг