Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Ҳеч кимга керак бўлмаган чемпионлар

Ҳеч кимга керак бўлмаган чемпионлар

Фото: «Xabar.uz»

Кеча, 4 феврал куни Самарқанд шаҳридаги «Сўғдиёна» спорт мажмуасида маҳаллий «Шердор» футбол жамоаси билан заиф эшитувчилар ўртасида жаҳон чемпиони бўлиб келган терма жамоа ўртасида ўртоқлик ўйини бўлиб ўтди. Бу терма жамоани Самарқандга таклиф қилиш режаси «Шердор» жамоаси бошлиғи О. Сатторов ва жамоа бош мураббийи Б.Сатторовдан чиққан экан. Улар шу ўйин сабаб ушбу терма жамоани имкон даражасида рағбатлантириш ва уларга бошқаларнинг эътиборини тортишни ният қилишган экан.

Фото: «Xabar.uz»

Ўйинни кўриб, бу терма жамоа ўтган йил ноябрь-декабрь ойларида Тайландда бўлиб ўтган заиф эшитувчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бежиз ғолиб чиқмаганини билдим. Болалар ҳақиқатан кучли ўйнашар экан. Айниқса, ҳужумчи Ж.Қаршиев ва дарвозабон А.Шокиржонов жудаям маҳоратли экан. Шунинг учун ҳам жаҳон чемпионатида Қаршиев «Энг яхши тўпурар», А.Шокиржонов эса «Энг яхши дарвозабон» совринини қўлга киритишган. Жамоада умумий ҳисобда 18 нафар бола бор. Улар турли вилоятлардан йиғилишган.

Фото: «Xabar.uz»

Ўйин 2:1 ҳисобида терма жамоа ғалабаси билан тугади. Ўйиндан сўнг ушбу тадбирда қатнашган Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.Раҳматуллаев, Самарқанд вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев, Самарқанд вилояти ногиронлар жамияти раҳбари Д.Пардаев, Самарқанд вилояти спорт фахрийси Х.Рафиев ҳар иккала жамоага омад тилаб, футболчиларга ўз совғаларини топширишди. Шунингдек «Орият Доно» радиоси бошловчилари Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожонов ҳам тадбирда қатнашиб, футболчиларни табриклашди.

Фото: «Xabar.uz»

Ўйинни томоша қилишга борар эканман, бу терма жамоанинг бунчалик маҳорат билан тўп суришини ҳам, спорт мажмуаси футбол мухлислари билан тўлиб, жой етмай қолишини ҳам кутмаган эдим. Тадбир аъло даражада ташкиллаштирилди. Тадбир ҳам, футбол ўйини ҳам ажойиб тарзда ўтди. Футболчилар майдонда бор маҳоратини кўрсатиб, жон-жаҳдлари билан ўйнашди.

Ўйиндан сўнг терма жамоа бошлиғи Элёр Мухторов билан гаплашганимда жамоаси ҳақидаги сўзларини эшитиб ҳайрон қолдим. Унинг айтишича, улар жаҳон чемпионатида ғолиб бўлиб қайтганларида биронта ташкилот вакиллари чиқиб кутиб олмабди. Аэропортга фақатгина болаларнинг ота-оналари чиқишибди холос. Бундан ташқари, қайтганларидан кейин бир неча неча кун ўтиб ҳам уларга ҳеч қайси ташкилот эътибор бермаган. Рағбатлантириш, мукофот бериш хақида эса умуман гап бўлмаган.

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

— Ўшанда болаларнинг ҳам, уларнинг ота-оналарининг ҳам кўзларига қарай олмадик. Охири, бир неча кун кутганимизга қарамай ҳеч ким эътибор бермагандан кейин, ота-оналар Президент виртуал қабулхонасига ёзишди. Биз эса ЎФФга мурожат қилдик. Яна натижа бўлмади. Футболчилар номидан биз ҳам порталга ёзишга мажбур бўлдик. Шундан сўнг, 15 декабрга келиб ЎФФ тор доирада тақдирлаш маросими ўтказди ва болаларнинг ҳар бирига 2 миллион сўмдан пул ва эсдалик совғалари беришди, — дейди Элёр Мухторов.

— 2 миллион сўм болаларнинг Тайландга бориб-келишига сарфлаган пулларини ҳам қопламайди-ку? — дейман Мухторовга.

— Сўраманг, очиғи, ўзимиз ҳам буни кутмаган эдик. Олимпия ва паралимпия ўйинларида ғалаба қозонган спортчилар катта-катта мукофотлар билан тақдирланди. Мана яқинда 23 ёшгача бўлган терма жамоамиз ғолиб бўлиб қайтганда уларнинг қандай тақдирланганини ҳаммамиз кўрдик. Президентимиз томонидан «Малибу» автомашиналари берилди. Яна камига уларнинг айримларига қайсидир вилоят ҳокимлари яна автомашиналар совға қилишди. Умуман олганда, соғлом спортчиларнинг ғалабалари учун ҳеч нарсани аяшмаяпти, беришаяпти. Биз ногиронларга келганда ҳамма жим. На ЎФФ тан олади, на бошқаси. Биз ҳозир аросатда юргандай ҳеч кимга кераксиз ҳолда юрибмиз. Йўқ, биз автомашина ҳақида ўйлаганимиз ҳам йўқ. Майли, ЎФФдагилар айтгандай биз ғолиб чиққан мусобақа ФИФА ва ОФК тасарруфида ўтказилмагандир. Аммо нима бўлганда хам биз юртимиз байроғини баланд кўтариб, ёруғ юз билан қайтдик-ку. Наҳотки ҳисобида нечадир миллиард сўм маблағи бўлган ЎФФ бизни тузукроқ рағбатлантира олмаса? Шуғулланиб туришимиз учун битта спорт залини эплаб бера олмаса?

Фото: «Xabar.uz»

Ишонсангиз, яқинда Франциядан бир турнирга таклиф этишди. Буни бир нечта ташкилотга билдирдик. Аммо ҳеч биридан садо чиқмади. Шундан сўнг маблағ муаммоси туфайли бора олмадик ва таклифга рад жавобини бердик. Биз кўп нарса талаб қилмаяпмиз. Озгина эътибор беришса бўлди эди. Аммо ўша эътибор ҳозирча ҳеч кимда топилмаяпти.

Элёр Мухторовнинг гапларини эшитар эканман, бироз олдин ўйин давомида эътибор берганим бир ҳолат кўз ўнгимдан кетмас эди. Ўйинчилардан бирининг оёғидаги пойабзали оддий ва эски эди. Менга айтишларича, ўша бола жаҳон чемпионатида ҳам шу эски оёқкийими билан майдонда тўп тепган.

Очиғи, тадбирга борарканман, бу терма жамоа ҳақида мақола ёзиш хаёлимда ҳам йўқ эди. «Сайтга уч-тўртта расм ва кичик бир хабар ёзиб бераман, бўлди» деб ўйлаган эдим. Аммо жамоанинг ўйинини кўриб, ўйиндан кейин жамоа бошлиғининг гапларини эшитиб, бу терма жамоа ҳақида шунчаки кичик бир хабар бериш билан чекланиб бўлмаслигини, уларнинг муаммоларини иложи борича кенгроқ ёритиш кераклигини тушундим.

Элёр Мухторовнинг гапларини эшитиб шу хулосага келдимки, бу жамоанинг ютуғи муносиб баҳоланмабди. Жамоанинг ютуғини мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш керак эди деб ўйлайман. Ҳалиям кеч эмас. Чунки ҳаммамиз кўриб турибмиз, жамиятимизда энг қийналаётган қатлам ногиронлардир. Энди ана шу терма жамоанинг ютуқларини тарғиб қилиб, уларни муносиб тақдирлаб, бошқа ногиронлар ўртасида спортни оммалаштирсак мақсадга мувофиқ бўлмайдими? Наҳотки ҳеч қайси ташкилот шу терма жамоага бироз маблағ ва эътибор бера олмаса?

Яна Элёр Мухторовнинг айтишича, заиф эшитувчи болалар ўртасида бу болалардан ташқари футболни қойиллатиб ўйнайдиган яна кўплаб иқтидорли болалар бор. Маблағ ва имконият йўқлиги учун уларни бир жойга йиғиб шуғуллантириш имкони бўлмаяпти.

— Агар, — дейди у, — бизда ҳам бошқа кўпгина давлатлардагидай футбол бўйича алоҳида сурдофедерация очилганда эди, ҳатто ҳар бир вилоятдан биттадан жамоа тузиб, йилда бир-икки марта йиғилиб, заиф эшитувчилар ўртасида мамлакат чемпионати ва кубоги мусобақаларини ҳам бемалол ўтказсак бўлар эди. Лекин ҳозир сурдофедерация тузиш уёқда турсин, жаҳон чемпиони бўлиб келган болаларни терма жамоа сифатида сақлаб қолишнинг ўзи муаммо бўлмоқда.

Элёр Мухторов билан анча суҳбатлашдик. Агар мутасадди ташкилотлар эътибор берамиз, оталиққа оламиз дейишса, уларнинг муаммоси кўп ҳам эмас, катта ҳам эмас. Гап чет элларда кимларнингдир кўзига кичик ва арзимас бўлиб кўринаётган мусобақада ғолиб чиқиб, юрт байроғини баланд кўтариб қайтган ногиронлар ҳақида кетаяпти. Соғломлар эплай олмаган ишни шулар уддалашибдими, демак, булар икки ҳисса эътиборга ва рағбатлантиришга лойиқдирлар.

Биз мутасадди ташкилотлар бу терма жамоага яқин орада эътибор берадилар деб умид қилиб қоламиз. Зеро, уларни бу йил иккита нуфузли мусобақа кутмоқда. Бири заиф эшитувчилар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати. Иккинчиси эса йилнинг охирроғида ўтказилиши мўлжалланган навбатдаги жаҳон чемпионати. Бу иккала мусобақада ҳам уларнинг ғолиб чиқишини истаб қоламиз.

P.S: Элёр Мухторов билан гаплашганимда у кўп муаммоларини гапирди. Мен бу ерда ўша гапларнинг озгинасини келтирдим холос. Бироқ бу мавзуга ҳали яна қайтамиз.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг