Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жошуанинг «сариқ чақалик» дабдабали ҳаёти

Жошуанинг «сариқ чақалик» дабдабали ҳаёти

Энтони Жошуа — замонамизнинг энг бой боксчилардан бири.

Фото:: «Sports.ru»

Бугунги кунда Энтони Жошуа профессионал бокснинг энг нуфузли супероғир вазнида асосий юлдуз ҳисобланади. Лондон олимпиадасида 23 ёшида ғолиб чиққан Энтони кейин профессионал боксчи сифатида 5 йилда 20 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида муддатидан олдин зафар қозонди ва WBA ҳамда IBFнинг чемпионлик камарларини қўлга киритди.

Владимир Кличко ва Карлос Такам устидан қозонилган сўнгги икки ғалаба унинг фаолиятининг шу кунгача бўлган чўққиси, дейиш мумкин. Украиналик ва камерунлик боксчиларни нокаутга учратгани учун жами 30 миллион фунт даромад қилган британиялик замонамизнинг энг бой боксчилардан бирига айланди.

Гарчи дабдабали ҳаёт кечирса-да, бунинг учун ёнидан сариқ чақа ҳам ишлатмайди. Бунинг сири оддий: боксчи ҳаддан ташқари иқтисодчи, яъни зиқна, қолаверса, унинг ҳаётни «люкс» даражасига олиб чиқувчи ҳомийлари етарлича. Энтонига дунёнинг машҳур «Under Armor», «JD Sports», «Beats by Dre», «StubHub», «Dafabet», «Lynx», «Audemars Piguet», «Jaguar Land Rover», «BXR», «Vodafone», «Westfield», «Lucozade» каби йирик брендлар ҳомийлик қилади.

Жошуа ҳеч қачон ўз ёнидан чиқим қилмайди
Фото: Sports.ru

Одамлар Жошуани кунлик харажатлари учун ҳаддан ташқари кўп пул ишлатади, деб ўйлашади. Тўғри, у кўп парвоз қилади, қиммат соатлар тақади, энг сўнгги русумдаги автомобилларга эга. Лекин буларнинг ҳаммасини ҳомийлар ўз бўйнига олган. Биз бирор марта ҳам хусусий самолёт ёки вертолёт буюртма қилмаганмиз. «Land Rover» Энтонини доимий равишда автомобил билан таъминлайди. У пул ишлатмайди, фақат йиғади.

Фредди Каннингем, боксчининг менежери

Каннингем – Жошуанинг «ўнг қўли». У 2015 йили ташкил этилган «AJ Boxing» менежмент агентлиги орқали Энтонига ёрдам беради.

«Мен бу ишни бошлаганимда мақсадим миллионер бўлиш эди. Энди эса, миллиардер бўлиш. Миллионер бўлиш яхши, лекин мақсадга етишиш учун янада ўсиш керак. Агар кейинги жанг учун 10 миллион фунт гонорар олсам, ундан кейингиси учун нега 10 баробар кўпроқ олмаслигим керак?! Мен ўз кучи билан миллиардер бўлган инсонларни биламан. Бу қийин иш, лекин уддаласа бўлади», — деган эди Жошуа ўз интервюсида.

Жошуанинг бриллиантлар билан безатилган, нархи 263 600 фунтга баҳоланувчи тилла ва 108 000 фунтлик кумуш соатлари бор. Табиийки, спортчи бу қимматбаҳо соатларни ўз пулига сотиб олмаган, улар Швейцариянинг «Audemars Piguet» брендидан совға қилинган.

Жошуа ва Рио Фердинанд «Burj Al Arab» биноси томида машғулот ўтказди.
Фото: Sports.ru

Жошуанинг севимли шаҳри — Дубай. Бу ҳам шартномада кўрсатилган. Ҳужжатга кўра, Энтони маҳаллий сайёҳлик фирмасининг элчиси ҳисобланади. Эвазига яхшигина гонорар олиши ҳам сир эмас. Шундай экан, боксчининг келгуси жангларидан бири Бирлашган Араб Амирликларида ўтишига ишонса бўлади.

Шу йилнинг ноябр ойида Жошуа собиқ футболчи Рио Фердинанд билан биргаликда кунлик машғулотларнинг фойдасини тарғиб қилиш учун Дубайнинг машҳур Burj Al Arab биноси томида машғулот ўтказишди. Бунинг учун осмонўпар бинонинг томидаги вертолётлар қўниш майдончасига махсус ринг ўрнатилди.

 «Энтонининг фаолияти аввалида кўпгина компанияларга ҳамкорликни таклиф қилганимда, бокс улар учун эмаслигини айтишган эди. Энди эса, ўша рад қилганларнинг қўнғироғидан телефоним портлаб кетишига сал қоляпти», — дейди Каннингем. — «Мен оддий бензин қуювчи ёки катта компания бошлиғи билан бир хилда муомала қиладиган бундай йигитни учратмаганман. У халқ ичидан чиққан. У ўзига хос инсон, такрорланмас спортчи».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг