Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Китобда сузиш ҳавзаси, теннис, мини-футбол ва баскетбол майдони фойдаланишга топширилди

Китобда сузиш ҳавзаси, теннис, мини-футбол ва баскетбол майдони фойдаланишга топширилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018-йил 28-январ куни Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи давомида Китоб туманида янги усти ёпиқ сув иншооти, баскетбол майдончаси, сунъий қопламали футбол майдони қуриш ҳамда теннис кортини капитал таъмирлаш таклифи билдирилган эди. Кеча, 31-март куни Қашқадарё вилояти Китоб тумани Гулистон маҳалласида қурилган ушбу спорт иншоотлари фойдаланишга топширилди. Бу ҳақида жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барпо этилган обектнинг очилиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, ёшлар, журналистлар иштирок этишди.

Мазкур спорт иншоотларини қуриш учун жамғарма маблағлари ҳисобидан 6,8 миллиард сўм ажратилди. Усти ёпиқ сув иншооти таркибида 11х25 метр ўлчамдаги бассейн, мураббийлар, шуғулланувчилар учун ювиниш, кийиниш, дам олиш, тиббиёт хоналари, сувнинг таркиби, сифати назорат қилинадиган лаборатория ҳамда томошабинлар учун ўриндиқлар мавжуд.

Бундан ташқари, мавжуд теннис корти капитал реконструксия қилиниб, 22х42 ҳажмли мини-футбол майдони ва баскетбол майдончаси янгидан қуриб фойдаланишга топширилди. Бу ерда ҳам ювиниш, кийиниш, дам олиш, тиббиёт хоналари мавжуд.

Спорт мажмуаси атрофи ободонлаштирилиб, мусиқали фаввора ҳам бунёд этилди.

Китоб тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби ихтиёрига берилган мазкур иншоотда бир кунда 500 нафардан ортиқ ўғил-қиз сузиш, футбол ва баскетбол сирларини ўрганиши учун шароитлар яратилган. Эътиборлиси, болалар ва ўсмирлар спорт мактабига жамғарма томонидан 45 номдаги 400 миллион сўмлик жиҳозлар ҳам топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг