Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Машҳур футболчиларнинг қандай бизнеси бор?

Машҳур футболчиларнинг қандай бизнеси бор?

Фото: «Sports.ru»

Бу футболчилар фақатгина футбол билан ўралашиб қолмаган. Улар спортдаги фаолиятини якунлаганидан сўнг ҳар эҳтимолга қарши ўзлари учун «захира аэродроми» тайёрлаб қўйишган.

Матье Фламини: нефт ўрнини босувчи биоёқилғи

«Арсенал»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Матье Фламини кексаликдаги қийинчиликлар ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Агар футбол унга миллионларни олиб келган бўлса, «GF Biochemicals» компанияси келажакда миллиардлаб маблағ келтириши мумкин.

Фото: «Sports.ru»

Матье саккиз йил олдин биоёқилғи ишлаб чиқаришнинг янги технологияси учун инвестиция киритган эди. Бизнесмен Паскуал Гранат билан биргаликда левулин кислотаси ишлаб чиқарувчи компания очишган. Унинг асосида ҳосил бўладиган экологик тоза ёқилғи яқин келажакда нефтни ёқилғи бозоридан сиқиб чиқариши мумкин.

Андрес Инеста: мусаллас ишлаб чиқариш

«Барселона» сардори Андрес Инеста нафақат Испаниянинг энг машҳур футболчиси, балки яхшигина мусаллас ишлаб чиқарувчи ҳам ҳисобланади. Бир неча йил олдин у тахминан 10 млн доллар маблағни ўзи туғилиб ўсган Фуэнтеальбиля шаҳарчаси яқинидан узумзор ва мусаллас ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонага сарфлаган эди. Кастилия-Ла-Манча автоном округига қарашли бу масканда энг сара мусалласлар тайёрланувчи турли навдаги узумлар етиштирилади.

Фото: «Sports.ru»

Спортчи худди футболдаги каби мусаллас етиштиришга ҳам ўта жиддий муносабатда бўлади. Унинг корхонаси ҳар йили «Bodega Iniesta» бренди остида 700 минг шишадан кўпроқ қизил, оқ ва пушти мусалласларни ишлаб чиқаради. Дарвоқе, мусаллас турларидан бирига у ўзининг севимли қизи Валерининг номини берган. Маҳсулотлар Испаниядан ташқари Германия ва Буюк Британияда ҳам сотилади. Ҳозирча унинг бу бизнеси билан отаси Хосе Антонио шуғулланиб келмоқда.

Стивен Жерард: хипстерлар учун ресторан

«Ливерпул» футболчиси жамғармасини ресторан бизнесига тиккан. У бундай қарорга 6 йил олдин, мерсисайдликлар сафида ўйнаётганида келган. Ўшанда Стивен Саутпорт шаҳридаги бир пайтлар ўзи учун севимли бўлган «Warehouse Brasserie» ресторанини бизнесмен шериги Пол Адамс билан биргаликда сотиб олган эди.

«МЮ» юлдузлари: «Футбол» меҳмонхонаси

«МЮ» юлдузлари – Райан Гиггз, Гари ва Фил Невилл, Ники Бат ва Пол Скоулз биргаликда ўзлари учун бегона бўлмаган «Олд траффорд» стадиони яқинида меҳмонхона очишди. Янги отелга ном беришда йигитлар унчалик қийналишмади: «Футбол»! Бизнес-лойиҳа 30 миллион доллардан ошиқроққа тушди. Меҳмонхона стадионда футбол мусобақаси ўтказилган кунлари тўлиб-тошади.

Фото: «Sports.ru»

Унинг емакхонаси 800 кишини сиғдира олса, турли классдаги хоналари сони 113 та. Хоҳловчилар меҳмонхона томида жойлашган майдонда футбол ўйнашлари ҳам мумкин.

Женнаро Гаттузо: балиқ ҳақида орзу

«Милан»нинг собиқ футболчиси, ҳозир бош мураббийлик қилаётган Женнаро Гаттузо ёшлигида балиқни жуда хуш кўрган ва катта бўлса балиқ сотишни орзу қилган экан.

Фото: «Sports.ru»

У катта бўлди, орзусини ҳам эсдан чиқармади. 2010 йилдан бошлаб Италия жанубидаги «Гаттузо ва Бьянки» номли балиқ дўконига эгалик қила бошлади. Дўкон расталарида нафақат балиқ, балки бошқа турдаги денгиз маҳсулотларини ҳам учратиш мумкин. Унинг бизнес шериги қандолатчи Андреа Бьянкидир.

Кладуо Писарро: немисча лақабли отлар

«Бавария» клубидаги фаолияти орқали кўпчиликка яхши таниш бўлган перулик ҳужумчи Клаудио Писарро ватанида унча катта бўлмаган «El Catorce» деб номланган йилқичилик фермасига эгалик қилади.

Фото: «Sports.ru»

Испанчадан таржима қилинганда «Ўн тўртинчи» (футболчи асосан шу рақамда ўйнаган) деган маънони англатувчи фермада етиштирилган отлар Аргентинага экспорт қилинади. Шунингдек, Писарронинг фермасида немисча лақабга эга чопқир, пойгачи отлар ҳам бор. Масалан, Клаудионинг Альянц-арена (Мюнхендаги стадион), Карл-Хайнц («Бавария» директорлар кенгаши раиси), Мариенплац («Бавария» бундеслига чемпионлигини нишонлайдиган Мюнхендаги марказий майдон) лақабли отлари мавжуд.

Тео Уолкотт: ўзи ҳақидаги китоблар

«Арсенал»нинг эндиликда собиқ футболчиси Тео Уолкотт бойлик ортидан қувмайди. Гарчи уни Англия премер-лигасининг энг тезкор футболчиларидан бири дейишса-да, аслида табиатан ижодкор одам. Ўйинлар оралиғида у турли мавзудаги саргузашт китоблар ёзади.

Фото: «Sports.ru»

Уларнинг баъзилари аллақачон чоп этилган. Бу романларнинг бош қаҳрамони – TJни Тео ўзидан келиб чиқиб ўйлаб топган. Бир пайтлар «Парквю» футбол жамоасида ўқиш пайтида дўстлари уни шундай деб чақиришар эди.

Фабиан Болл: погонли футболчи

Болл футболчилик фаолиятини якунлаган. Энди у полиция участкасига бориб, ўз вақтини севимли ишига ажратса ҳам бўлади. У Германиянинг «Санкт-Паули» жамоасида ўйнаб юрган кезларидёқ полиция нозири эди. Фабиан Ҳамбург полициясининг 17-участкасида ишлар, майдонга ҳам 17-рақамда тушар эди. Дарвоқе, у жамоадаги ягона профессионал бўлмаган футболчи саналган. Болл дам олиш кунлари севимли жамоаси учун майдонга тушар, бошқа кунлари тушгача патрул хизмати билан шуғулланса, тушдан кейин футбол майдонига бориб машғулот ўтказар эди. Қанчалик ажабланарли туюлмасин, Фабиан полициячиликни асосий иши, футболни эса хобби сифатида тан оларди.

Роналду ички кийим, Пике гўшт сотади

«Реал» ҳужумчиси Роналду ички кийимлар ишлаб чиқарувчи шахсий «CR7» брендига эгалиги кўпчиликка маълум. У шунингдек ўзи туғилиб ўсган Медейрада музей очгани ҳам сир эмас.

Фото: «Sports.ru»

«Барселона» ҳимочиси Пике онлайн-видео ўйинлар ишлаб чиқарувчи «Kerad» компаниясига асос солган ва Ҳамбургдаги гўшт концернининг 27 фоиз акциясига эгалик қилади.

Компани, Агуэро, Алвес ва бошқалар

«Манчестер Сити» футболчиси Венсан Компани лимузинларни ижарага берувчи компания соҳибларидан бири саналади. Шунингдек у Брюсселдаги қўриқлаш фирмаси ва спорт-барнинг хўжайини ҳамдир.

Фото: «Sports.ru»

«Манчестер Сити» ҳужумчиси Серхио Агуэро «Aguero Competition» пойга жамоасига эгалик қилса, «ПСЖ»нинг бразилиялик ҳимоячиси Дани Алвес Каталония пойтахтидаги дўконларни урфга кирган кийимлар билан таъминлайди.

«Бавария»нинг испаниялик яримҳимоячиси Хави Мартинес ўзи туғилиб ўсган Дурбан шаҳарчасида ер ижараси билан шуғулланади.

Фото: «Sports.ru»
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг