Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Жамоавий-оилавий можаро»: Нега «Интер» Мауро Икардини сардорлик боғичидан маҳрум қилди?

«Жамоавий-оилавий можаро»: Нега «Интер» Мауро Икардини сардорлик боғичидан маҳрум қилди?

Фото: «Hdtranslation»

Мауро Икардининг «нерадзурри»лар раҳбарияти билан муносабатлари шунчалик ёмонлашдики, у нафақат сардорлик боғичисиз, балки «Интер»сиз ҳам қолиши эҳтимолга яқин. Жамоа раҳбарияти унинг шартномасини узайтиришга шошилмаяпти, шундай экан ёзги трансфер ойнасида Икарди «эркин агент» мақомида кетса ажабланмаймиз.

Яқинда Мауро Икардининг хотини ва агенти — Ванда Нара навбатдаги маротаба клубдан футболчининг маошини оширишни талаб қилгани ўлганнинг устига тепган бўлди.

Мауро Икарди ва Ванда Нара 

Ванда биринчи марта одоб доирасидан чиқаётгани йўқ. Блогида ёзадики, «Мауро Икардини ўз сафида кўришни хоҳлаётган клублар» жуда кўп, аммо қайси клублигини айтмаган. Бу билан агент хоним «Интер» Икардини сақлаб қолиш учун ҳаракатини қилиши керак (яъни маошини оширсин) демоқчилигини англаб олиш қийинмас.

Ванданинг шамаларини клуб раҳбарияти нотўғри тушунган шекилли, Икардининг сардорлик боғичини олиб қўйди. Энди Самир Ханданович миланликларга бош бўлади.

Мауронинг «Интер»даги шартномаси ва келгуси тақдири нима бўлиши ҳақида ОАВ да ҳар хил тахминлар урчимоқда.

«Corriere dello Sport» ёзишича, йилига 6 миллион евролик маошни кўзда тутувчи янги — 2023 йилгача шартнома аллақачон тузиб қўйилган. «La Gazzetta dello Sport» эса аксинча фикрда: «Интер» раҳбарияти бонусларни ҳисобга олмаганда йилига 7,5 миллион евро маош сўраётган Ванда Нарани эшигидан ҳам киритмаяпти ва Икардидан агентини алмаштиришни сўрамоқда, Мауро эса бунга кескин рад жавобини берган.

«Интер» бош мураббийи Лучано Спаллетти Мауро Икардининг етти ўйиндан бери гол ура олмаётганини айнан янги шартнома масаласи «осилиб ётгани» билан изоҳлади.

Икарди «Интер» шарафини 2013 йилдан бери ҳимоя қилиб келади. Аргентиналик ҳужумчи 179 ўйин ўтказиб, 109 та гол урган. Миландаги жамоавий-оилавий можарони Мадридда «Реал» ва «Атлетико» ҳам диққат билан кузатмоқда — Мауро уларга ҳам керак бўлиб қолиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг