Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Миллатинг ва исмингни ўзгартирсанг, Олимпиадаги борасан!» Ҳеч ким танимайдиган баскетбол юлдузи ҳақида ҳикоя

«Миллатинг ва исмингни ўзгартирсанг, Олимпиадаги борасан!» Ҳеч ким танимайдиган баскетбол юлдузи ҳақида ҳикоя

Вася турган жойида ҳимоячидан тўпни қабул қилиб олиб, уни бўйи пастроқ шерикларига узатар ёки ўзи катта-катта қадамлари билан рақиб саватига ташлаб келарди.

Фото: «Сhechnyatoday.com»

Уни кўпчилик Увайс деб чақирмасди. Ишқибозлар учун у Вася эди – Вася чечен! Бўйи – 2 метр-у 32 сантиметр, оғирлиги – 190 килограмм! Ўзининг антропометрик хусусиятлари билан Увайс Ахтаев баскетбол майдонида ҳам, ҳаётда ҳам бошқалардан яққол ажралиб турарди. Спортчи ўз фаолияти давомида айтарли ютуқларни қўлга киритмаган бўлса-да, ўз даврининг энг кучли ва албатта, энг бўйи баланд баскетболчиларидан бири эди.

Тўртта «шпал»

1944 йилнинг феврал ойида 14 ёшли Увайс Ахтаев юз минглаб чечен ва ингушлар қаторида ўз ватанидан Қозоғистонга кўчириб юборилди. Марказий Осиёга жўнатилган эшелонларда одамлар совуқ, очлик ва терламадан азият чекишди, минглаб болалар йўл-йўлакай нобуд бўлди. Қолганлар уларни қисқа тўхташ жойларида қор тагига кўмишарди. Бўйи баланд, бақувват ўсмирни оиласи билан бирга Қарағанда шаҳрига олиб келишганида маҳаллий аҳоли келгиндиларни яхши қабул қилмади. Уларга на ер, на иш ва на озиқ-овқат беришди. Натижада яшаш учун кураш бошланди. Янгилар ўтин ва егуликларни ўғирлашни ўзларига касб қилиб олишди. Ана шундай жиноят устида милиция ходими икки метрлик ўсмирни тўртта шпал (темир йўлда релслар тагига ётқизиладиган ёғоч) кўтариб кетаётган чоғида қўлга олди. Посбон ҳайратда эди. Чунки оддий одам бундай ёғочнинг биттасини зўрға кўтара оларди. Милиция ходими Увайсни жазоламади, аксинча, спорт тўгарагига боришни маслаҳат берди. Кейинги икки-уч йил давомида йигитча бокс, кураш ва енгил атлетика спорт турлари билан шуғулланди. Айнан қайси ёш таркибида шуғуллангани эса бизга қоронғу. Зеро, Ахтаев нафақат ўз тенгқурларидан, балки катта ёшли эркаклардан ҳам бўй жиҳатдан анча устун эди.

Увайснинг баскетболчи бўлишида мураббий Исаак Копелевичнинг хизмат катта. У девқомат ўспиринни Қарағандадаги спорт мусобақасида кўриб, Олмаотага кўчиб ўтишни ва диск улоқтириш майдонини баскетбол паркетига алмаштиршни таклиф этди. Ахтаев рози бўлди ва 1947 йилдаёқ маҳаллий жисмоний тарбия техникуми таркибида жисмоний тарбия институтлари ва техникумлари Бутуниттифоқ спартакиадасида иштирок этиш учун Ленинградга борди. Ана шундан кейин Вася Чечен – улкан ўйинчи сифатида бутун иттифоққа танилди. 232 сантиметрлик 17 ёшли марказий ўйинчига ҳамма қизиқа бошлади. Майдондаги ҳаракатлари, кийиниши, умуман ҳаёти билан қизиқувчилар унинг ортидан эргашиб юраверди. Кўнгилчан ва дилкаш Вася эса омма назарида бассейнда чўмилар, паркетга чиқар ва бир ўзи рақибларни алдаб ўтарди.

Тўпни Ахтаевга от!

Марказ ўйинчисининг энг катта устунлиги – унинг бўйи эди. Вася турган жойида ҳимоячидан тўпни қабул қилиб олиб, уни бўйи пастроқ шерикларига узатар ёки ўзи катта-катта қадамлари билан рақиб саватига ташлаб келарди. Юқоридан узатилган тўплар ҳам Ахтаевнинг қўлига бориб тушар ва саватчадан ўрин оларди.

Улкан гавда тез чопиш ва чаққон бурилишга имкон бермасди. Ахир оёқлар сал кам 200 килограмм юкни кўтариши лозим эди-да. Одатда у ўйиннинг охиригача чидолмасди. Бунга ноқулай пойабзал ҳам таъсир кўрсатар, 58 ўлчамдаги буюртама асосида тикилган оёқ кийим оғирлик таъсирида кўпга чидамас эди.

«Увайс тўп билан жуда юмшоқ муомалада бўларди. Албатта, бўйдаги устунликдан фойдаланиб, тўпни қабул қилиш ва саватга туширишга ҳаракат қиларди. У жаримадан ҳам яхши фойдаланар, ҳимояда ундан ўтиш мушкул эди. Ахтаев баскетболни яхши тушунадиган ва ҳис қиладиган ақлли, зеҳни ўткир ўйинчи эди» – деб ёзади машҳур мураббий Александр Гомелский.

Ахтаев барча учун бирдек ноқулай рақиб бўлишига қарамай, фаолияти давомида айтарли ҳеч қандай унвон олмаган. У бутун фаолиятини собиқ Иттифоқ чемпионатининг ўртамиёна жамоаси «Буревестник»да ўтказган. Бироқ рақиб жамоалари учун улкан етакчига эга кичик клубни енгиш қанчалик қийин бўлганлигини тушуниш мумкин. Одатда мураббий ва ўйинчилар девдай рақибни қандай қилиб зарарсизлантириш йўлини қидиришарди. Собиқ ҳакам Эдуард Асриянц хотирлайди: «Динамо» билан ўйинда москваликлардан бири Ахтаевни қитиқлади ва у тўпни йўқотди. Айёрона ҳаракатдан ғазабланган Вася рақибининг оёғини босиб олди ва у ҳушидан кетди.

Собиқ иттифоқ терма жамоасига Увайсдек ўйинчи керак эди. Аммо унга миллий жамоа либосида ўйнаш насиб этмади. Ахир у қувғин қилинганлардан эди. Буни инкор қилиб бўлмасди.

Фото: «Championat.com»

Берия ва Олимпиада

1952 йили Ахтаевни Хелсинкида бўлиб ўтадиган Олимпиададан бир қадам ажратиб турарди. Уни мамлакат терма жамоасига чақиришди. Айтишларича ўшанда унинг иши билан 1944 йилдаги қувғин раҳбари Лаврентий Бериянинг шахсан ўзи шуғулланган.

Унинг миллатини билгач, Берия спортчидан фамилиясини ўзгартириб, миллатини яҳудий деб ёзишни талаб қилган. Копелевич деб аташларига рози бўлмаган Вася таклифни рад этиб, Олмаотага қайтган. Икки йилдан сўнг барибир терма жамоа либосида ўйнашга муваффақ бўлган Ахтаев Болгарияга учралган мағлубиятда айбдорлардан бири сифатида тилга олинган.

Умуман олганда, мутахассислар томонидан Ахтаевнинг миллий терма жамоа учун қилган ишлари эътироф этилади. Жумладан, Александр Гомелский шундай дейди: «Ахтаев ва Круминш сингари баскетболчилар сабабли ўша пайтдаги иттифоқ терма жамоаси катта ўсишга эришди, Жаҳон чемпионати ва Олимпиада ўйинларида яхши натижалар қайд этилди. Айнан уларнинг шарофати билан мураббийлар йирик жуссали баскетболчиларни қидириб топиш ёки махсус тарбиялаш ҳақида ўйлай бошладилар. Бундай ўйинчиларсиз баскетболда катта муваффақиятларга эришиш қийин».

Касаллик ва шахсий ҳайдовчи

1957 йилда шифокорлар 27 ёшли баскетболчида қандли диабетни аниқлашди. Бир оздан сўнг Ахтаев зотилжам билан оғриди. Паҳлавон соғайиб кетса-да, профессионал фаолиятини давом эттира олмади. Икки йилдан сўнг Грознийга кўчиб ўтган спортчи мураббийлик билан шуғуллана бошлади. Чеченистон пойтахтида у икки қаватли уй қурди ва жимитдек Тамара исмли аёл билан тақдирини боғлади.

Ахтаевнинг тенгини топиш қийин бўлди. Улар 1956 йилда Увайснинг онаси орқали танишишган эди. Тамара ҳам аввалига қўрқиб кетди. «Албатта, у ҳақда эшитгандим, аммо бунчалик бўйи баланд эканлигини тасаввур ҳам қилолмасдим. Кўрганимда эса ҳушимдан кетишимга оз қолди. У мендан деярли икки баробар катта эди. Тақдир экан...», — деб эслайди баскетболчининг турмуш ўртоғи.

У доимо одамларнинг диққат-марказида эди. Кундалик ҳаётда ҳам турли тўсиқлар учраб турарди. Кийим, пойабзал — барчаси буюртма асосида тикилар, тунда эса 3 метрлик махсус кроватда ухларди. Увайс автомобилнинг ҳайдовчи ўриндиғига сиғмаганлиги сабабли ҳаётий ҳамроҳи Тамара унга шахсий ҳайдовчилик қиларди.

Ахтаев 1973 йилгача мураббийлик билан шуғулланди. Ўша йили у мушугини босиб олишдан чўчиб, зинадан йиқилиб кетди ва болдирини синдириб олди.

Умрининг сўнгги палласида у кўплаб касалликлар билан оғриган бўлса-да, энг кўп безовта қилгани барибир ўша оёғи бўлди.

Увайс Ахтаев 48 ёшида ҳаётдан кўз юмди. У ўлими олдидан одамлар кейинчалик ҳам баланд бўйига эътибор қаратмасликлари учун қабрини катта қилмасликларини васият қилди.

44 ёшида бева қолган Тамара турмуш ўртоғини ёдга солувчи Грознийдаги ҳайҳотдек уйидан бир хонали хонадонга кўчиб ўтди. У  умрининг охиригача турмушга чиқмади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг