Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мундиал-2018 юлдузлари: Россия кимга омад келтиради?

Мундиал-2018 юлдузлари: Россия кимга омад келтиради?

Германия терма жамоаси — «Конфедерациялар кубоги — 2017» ғолиби

Foto: FIFA.com

Мундиал—2018 юлдузлари: Россия кимга омад келтиради?

Кейинги йили Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этиши кутилаётган юлдуз футболчиларнинг баъзилари учун рус майдонлари омадли ҳисобланади. «FIFA.com» сайти Германия, Белгия, Аргентина ва Португалиянинг Россияга ёқимли хотиралар билан ташриф буюрадиган футболчилари ҳақида ҳикоя қилди.

Юлиан Дракслер, Германия терма жамоаси ярим ҳимоячиси

Россиядаги ёқимли хотира: Чили – Германия – 0:1

Қачон: 2017 йил 2 июл.

Қаерда: Санкт-Петербург, «Санкт-Петербург» стадиони

Юлиан Дракслер жорий йилги Конфедерациялар кубогида «бундестим»нинг барча учрашувларида майдонга тушган уч футболчидан бири ҳисобланади. Чилига қарши финал баҳсида жамоа сардори ўзини ҳақиқий лидерлардек тутди. Юқори тезлик, кучли зарбалар, зарбага бўлган техника ва бирга-бир вазиятлардаги фаоллик туфайли 23 ёшли футболчининг майдон марказидаги ҳаракатлари жамоадошларига катта ёрдам берди.

Бу турнирда Дракслер Германия терма жамоаси тарихидаги энг ёш сардор бўлиш билан бир қаторда Конфедерациялар кубоғи ғолиблиги ҳамда энг яхши футболчига аталган соврин — «Adidas» олтин тўпи»га ҳам эга чиқди. Кейинги йил ёзда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати унга қанчалик омад келтиришини вақт кўрсатади.

Дракслер мазкур турнирда янги унвон олди. У майдонда ва унинг ташқарисида барча масъулиятни ўз бўйнига олиб, энг зўр сардорга айланди. У шериклари билан осон тил топишди ва жамоамизнинг миясига айланди. Бошқа футболчиларни ўз ортидан эргаштира олди. У билан ишлаш жуда ёқимли.

Йоахим Лёв,
Германия терма жамоаси бош мураббийи

 

Ромелу Лукаку, Белгия терма жамоаси ҳужумчиси

Россиядаги ёқимли хотира: Россия – Белгия – 0:2

Қачон: 2010 йил 17 ноябр

Қаерда: Воронеж, Касаба уюшмалари марказий стадиони

Жорий йилнинг сентябрь ойида «МЮ» ҳужумчиси Европа чемпионлар лигасида ЦСКАга иккита тўп киритиб, жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. Бироқ бу ҳужумчи томонидан Игорь Акинфеев дарвозасига киритилган дастлабки дубл эмас. Белгиялик 2010 йилда ҳам Воронеждаги ўртоқлик учрашувида иккита тўп киритган эди. Ўшанда, терма жамоа либосидаги илк ўйинида иштирок этаётган 17 ёшли футболчи учрашувнинг 2- дақиқасидаёқ дастлабки тўпни киритган. Мана етти йил ўтиб, унинг ҳисобида терма жамоа учун урилган 31 та гол мавжуд. Ромелу мундиалда ҳам тўпурарлик қобилиятини намойиш эта олармикан?

Ромелу Лукаку
Фото: Sportbox.ru

Иккита голли вазият — иккита гол! Аршавинни тўлиқ «зарарсизлантириб», Россия учун ҳеч қандай имконият қолдирмадик. Бугунги кунда дунёнинг энг кучли ўнталигига кирувчи Белгия терма жамоаси айнан Воронежда «дунёга келган» эди.

Жорж Ликенс,
Белгия терма жамоаси собиқ мураббийи

 

Лионел Месси, Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси

Россиядаги ёқимли хотира: «Спартак» – «Барселона» – 0:3

Қачон: 2012 йил 20 ноябр

Қаерда: Москва, «Лужники» стадиони

Месси Россияга қарши Аргентина терма жамоаси сафида икки марта, шунингдек, Чемпионлар лигаси гуруҳ ўйинларида рус жамоаларига қарши ўйнаган. Гарчи суперюлдуз жамоалари юқориги баҳсларнинг бирортасида мағлуб бўлмаган бўлса-да, Лионел уларнинг фақат биттасида – 2012 йили «Спартак»ка қарши баҳсда рақиб дарвозасига йўл топа олган. Ўша куни 68 минг мухлис билан тўлиб-тошган «Лужники»да иккита тўп киритган Мессига Жаҳон чемпионатида тўп киритиш насиб қилармикан?

Лионел Месси
Фото: Eurosport

Мен «Лужники»да «Спартак»ка қарши чемпионлар лигаси баҳсида ўйнаганман. Аммо бу умуман бошқа стадион: замонавий, катта, чиройли ва қулай

Лионел Месси
(2017 йилдаги Россия – Аргентина ўртоқлик ўйинидан сўнг)

 

Криштиану Роналду, Португалия терма жамоаси ҳужумчиси

Россиядаги ёқимли хотира: «МЮ» – «Челси» – 1:1 (пеналтилар бўйича – 6:5)

Қачон: 2008 йил 21 май

Қаерда: Москва, «Лужники» стадиони

Португалиялик юлдуз учун Россия майдонлари бегона эмас. У Конфедерациялар кубогида терма жамоа, Чемпионлар лигасида «Реал» учун бир неча голлар киритган. Аммо унинг учун энг қадрли ўйин, шубҳасиз, «МЮ» сафида 2008 йилги «Лужники»даги Чемпионлар лигаси финали ҳисобланади. Айнан Ронулду финал баҳсидаги илк голга муаллифлик қилган. Гарчи ўйиндан кейинги пеналтилар сериясида фақатгина у ўн бир метрлик жаримани амалга ошира олмаган бўлса-да, ўша куни омад «МЮ»  тарафида эди.

Криштиану Роналду — ЕЧЛдаги илк ғалабасини Россияда қўлга киритган
Фото: Футбол24

Россияда бир неча бор майдонга тушганман. Чемпионлар лигасидаги илк ғалабага ҳам айнан Москвада эришганман. Россия менга омад келтирган. Конфедерациялар кубогини юта олмаган бўлсак-да, у биз учун қизиқарли ва фойдали бўлди.

Криштиану Роналду

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг