Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ЎФА «Навбаҳор» ва «Бунёдкор»га қўллаган 500 миллион жарима юзасидан баёнот берди

ЎФА «Навбаҳор» ва «Бунёдкор»га қўллаган 500 миллион жарима юзасидан баёнот берди

Фото: www.the-uff.com

Кеча Ўзбекистон футбол ассоциацияси ижроия қўмитаси бюроси қарори асосида (қарор қабул қилинган пайтда Ўзбекистон футбол федерацияси) «Навбаҳор-Лочинлари» клуби футболчиси Ойбек Қиличев бир йилга ва «Бунёдкор» клуби футболчиси Дилшод Аҳмадалиев бутунлай футболдан четлатилганлигига қарамай, клублари таркибида ўртоқлик ўйинида майдонга тушганлиги, бу билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси ижроия қўмитаси бюроси қарорларини бузганлиги учун ижроқўм бюросининг 2018 йил 21 февралдаги 6-сонли қарорига кўра «Навбаҳор-Лочинлари» ҳамда «Бунёдкор» футбол клубларининг ҳар бирига 500 миллион сўм миқдорида жарима солинганлиги ҳақида хабар чиққан эди.

ЎФАнинг мазкур қарори кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ижроия қўмитаси бюросининг 2018 йил 21 февралдаги 6-сонли қарори амалдаги Ўзбекистон футбол ассоциацияси низомининг 14-моддаси ҳамда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси регламентининг 3.2 банди, интизом кодексининг 5.22-бандига биноан қабул қилинган.

Регламентнинг 3-моддасида футбол клубларига алоҳида талаблар белгиланган бўлиб, унинг 3.2-бандида футболга оид ҳар қандай масалаларда ЎФА ва ЎзПФЛ қарорларига бўйсуниши алоҳида белгилаб қўйилган. Шунингдек, ЎФА интизом кодексининг 5.22 бандида талабларни бажармаслик учун интизомий чора сифатида жарима қўлланилиши белгиланган. Қўлланиладиган жарима миқдори эса 500 миллион сўмгача кўрсатилган.

Низомнинг 14-моддасида ассоциацияси аъзолари унинг қарорларига тўла мувофиқликда ҳаракатланиши белгиланган. Мажбуриятларнинг ҳар қандай аъзолар томонидан бузилиши эса санкциялар қўлланишига олиб келиши мумкин.

«Тан олиш лозим, белгиланган жарима миқдори катта, ҳар қандай клуб ғазнасига таъсир эта олади. Аммо бугунги кун талабидан келиб чиқиладиган бўлса, ҳар қандай соҳада ишчанлик руҳи ҳукм сураётган, адолат қарор топаётган, ҳар бир шахс Ватан фарзанди сифатида юрт ривожи учун куйиб-ёнаётган даврда масъулиятсизликка, эътиборсизликка, ишга кўр-кўрона ёндашишга йўл қўйиб бўлмаслигини ҳар биримиз ҳис қилишимиз керак», дейилади хабарда.

Қабул қилинаётган расмий ҳужжатлар ҳаётга татбиқ қилинсагина, виждонан бажарилсагина унум бўлади. Ваҳоланки, «Навбаҳор» клуби ҳам, «Бунёдкор» клуби ҳам ўзи бўйсинувчи ташкилотнинг ҳужжатларига панжа ортидан қарадилар, «ким кўрибди, ким билибди» қабилида иш тутдилар. Қўлланилган жазо эса бошқаларга ўрнак мисолида, ҳушёрликни ошириш, масъулиятни ҳис қилиш сифатида қабул қилиниши инобатга олинган.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакатимизда футболни мувофиқлаштириш бўйича юқори ташкилот ҳисобланади. Шундай экан, унга бўйсунувчи аъзолар, шу жумладан, футбол клублари унинг қарорларини сўзсиз бажариши ва ҳурмат қилиши лозим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг