Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарҳод Норбўтаев

Ақлли бўлишинг мумкин, аммо бу муаммолардан йироқсан дегани эмас...

ЎФФ қаерга қараб кетяпти?

ЎФФ қаерга қараб кетяпти?

Умид Аҳмаджонов — ЎФФ президенти

Foto: «Gazeta.uz»

«Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади»
Шавкат Мирзиёев

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилгани, шу асосда йил давомида олиб борилган тизимли ишлари самарасида давлат идораларининг халққа эътибори кучайди. Умри бино бўлиб амалдор деганда ўз идорасидан чиқмайдиган, мажлислардан бўшамайдиган, ёзда чанг, қишда лой кўчаларга оёқ босмайдиган олиймақом бир зот бўлиб қолганлар бугун оддий халқнинг дардини тингламоқда.

Катта-кичик раҳбарлар «пастга» тушиб, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганмоқда. Одамлар билан мулоқотга киришиб, уларни тингламоқда. Бугун мансабдор бўлиш — оддий одамлар билан бирга яшаш, бирга ишлаш, халқни рози қилишдан иборатлигини барча раҳбарлар тушуниб етди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак-да!

Ўзбекистон футбол федерациясига янги президентнинг сайланиши мамлакатимизда миллионлар ўйинида ҳам туб бурилиш бўлишига умид учқунини очганди. Айниқса, тизимда узоқ йиллар давомида керак бўлган янги қонни Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги янгиланган федерация ходимлари амалга оширишини кўпчилик интизорлик билан кутишганди. Очиғи, кўпчилик қатори мен ҳам федерациянинг илк иши офисда ўриндиққа михланиб қолган амалдорларнинг курсисини қимирлатиб, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида футболнинг асл ҳолатини ўрганиб, зарур чора-тадбирлар қилишини ўйлагандим.

Эсингиздами, Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг илк ишини вилоятлардаги ҳолатларни ўрганиш билан бошлаган эди. Жойлардаги муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш зарурлиги бўйича кўрсатмалар бериб, ижросини қаттиқ назорат остига олганди.

Умид Аҳмаджонов ҳам ЎФФ президенти бўлганидан сўнг ишни худди шу талқинда бошлаб, вилоятлардаги футбол мактаблари, умуман футболга ихтисослашган соҳанинг муаммоларини ўрганиш билан бошлашига шахсан мен умид қилгандим. Афсуски, ундай бўлмади. Сафар хориждан бошланди. Футболимизнинг асл касаллигига давони ўзимиздан эмас, хориждан излади. Натижада йиллар давомида илдизи чириб кетган болалар футболидаги муаммолар яна четга сурилди. Бугун ҳамма ўз кабинетидан ташқарига чиқиб, оддий халқнинг дардини тинглаётган бир вақтда футболга тўғридан-тўғри алоқадор федерациянинг ходимлари мамлакатда бўлаётган ислоҳотлардан, Президент сиёсатидан бехабар эканликларини яна бир бор кўрсатиб қўйишди.

Афсуски, ЎФФнинг дастлабки қарориданоқ кўпчиликнинг умидлари саробга айланди. Янги раҳбарият ҳам ҳақиқий аҳволни ўрганиш ўрнига, илгаригидек, қоғозлардаги оддий хаспўшлашдан нарига ўтмади. Нега дейсизми? Буни асослаш учун узоққа бориш шарт эмас. Ўзбекистон футбол федерацияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари жойларда клубларнинг ҳолатини ўрганиш жараёнининг ўзи ҳаммасини кўрсатиб қўйди. ЎФФ ишонган ишчи гуруҳи ҳам шунчаки хўжакўрсинга ишламоқда. Қайси ташкилот бир неча соатда муаммони ўрганиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда бир кун битта вилоятнинг муаммосини ўрганганида ҳам бошқа гап эди.

Келиб фақат ҳужжатларга-ю қоғозларга қараб баҳо бериш яна ўзимизни ўзимиз алдашимиздан далолат бермайдими? Нега профессионалликка интилаётган ЎФФ ўз ишига чин дилдан ёндашмаяпти? Шуми федерациянинг футболни ривожлантириш лойиҳаси?! Шуми футбол стратегиясига муносабат?! Наҳотки, ЎФФ ва ПФЛ мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг туб моҳиятини тушунмаётган бўлса. Ахир қоғозларда битилган ёлғонлар қисқа вақт ичида бўй кўрсатаётганлигини бугун ҳамма билаяпти-ку?

Вилоятларда футбол клубларининг аҳволини ўрганиб юрган «ишчи гуруҳ»нинг бирорта аъзоси асл ҳолатни кўргани йўқ. Ҳаммаси фақат қоғозларга ўралашиб қолган. Асл муаммо эса ўша қоғозлар ортида ётибди. Федерациянинг бирор-бир мутасадди ходими оммавий ахборот воситалари орқали кўрган муаммоси хусусида сўз юритмаяпти. Сабаби нимада? Чунки уларни фақат қоғозбозлик қизиқтиради. Улар кабинетда ўтириб ишлашга ўрганган. Давлатнинг энг катта ташкилотлари раҳбарларига ўхшаб 15-20 кунлаб вилоятларга юриш федерациядаги ходимлар учун эриш туюлади. Улар туфлисига чанг тушишини истамайди. Хўш, нега бутун бошли ЎФФ ўзининг вилоятлардаги ўрганишларини бирор-бир оммавий ахборот воситаларида кўрсатишни ўзига эп билмади? Нега ўзининг иш жараёнини сир сақлашга ҳаракат қиляпти? Бундай йўл тутишдан мақсад нима? Нега ўз стратегиясини ишлаб чиққан ташкилот ўзининг стратегиясига амал қилмаяпти? Аслида ЎФФ оммавий ахборот воситаларига суяниши керак эмасмиди?

«Ҳақиқатнинг юзи ёруғ, қўли узун бўлади». Бу мақолни бежизга эсламадик. Сўнгги пайтларда ЎФФнинг чиқарган антиқа қарорлари кўпчиликни ёқа ушлашга мажбур қиляпти. Уларни санаб яна асабингизни бузиш ниятимиз йўқ. Ўзи шундоқ ҳам эътирозлар керагидан ортиқ билдирилди. Керагидан кўп муҳокама этилди. Аммо Вадим Абрамов борасида чиқарилган қарор ҳаммасидан ошиб тушди. ЎФФнинг норматив тестлар ҳақидаги қарорларига ўз норозилигини билдирган Абрамовнинг номуайян муддатга футболдан четлатилиши ОАВнинг оғзини ёпиш учун ташланган илк катта қадам эмасми?! Нега дейсизми? Ўзбек футболидаги муаммоларни очиқ ва ошкора санаб ўтадиган кам сонли мутахассислардан бирига нисбатан чиқарилган бундай қарор бошқаларни жим юришга мажбур қилади. Хўш айтингчи, бу «фикрни бўғиш», «оғизни ёпиш», «сўз эркинлигига» тўсиқ қўйиш эмасми? Бу Президентнинг очиқ ва ошкоралик сиёсатига қарши юриш эмасми? Ёки федерациядагилар ўзга сайёраликларми?

Абрамовнинг номуайян муддатга кетишини ЎФФ томонидан ОАВнинг «оғзини ёпиш» иши сифатида бекорга қарамадик. Сабабини қуйироқда айтамиз. Ундан аввал бир гапни эшитинг. Журналистлар томонидан федерация ва профессионал лига қанчалик танқид қилинмасин, 12 сентябрга қадар ҳали бирорта ходимнинг журналистга босим ўтказганини эслай олмайман.

Ҳатто Бабаян кескин танқид қилинганда ҳам бирорта журналистга тазйиқ бўлганини йўқ. Аммо ЎФФга янги қон бўлиб келган ходимларнинг оммавий ахборот воситалари ходимларига бўлган муносабати ташкилот уч ойнинг ичида қай даражага келиб қолганлигини кўрсатиб қўйди. Савол туғилади: янгиланган ЎФФ ва ПФЛ ходимлари айрим ҳолларда нега бунчалик қуюшқондан чиқиб кетяпти? Чиқарилаётган қарорлар учун ўз фикрини билдирган мутахассисга номуайян чеклов қўйган ташкилот ходимлари федерация чиқарган қарорлари учун ўзининг фикрини билдирган журналистга очиқчасига таҳдид қилишини қандай тушуниш мумкин. Ёки ЎФФ янги ходимларини «разборчи»лар билан тўлдиряптими. Бугун журналистларнинг танқидини кўтаролмаётган федерация ходимидан эртага қандай ижобий ишни кутиш мумкин. Балки бу мақоладан сўнг мен ҳам футболдан номуайян муддатга четлатиларман. Аммо нега ҳали ҳеч нимани қойиллатмаган федерация ходимига чоралар кўрилмайди?

Журналистларни «қишлоқи» деб ҳақорат қилган ЎФФ вакилини ишдан олиб, унинг ўрнига масалани биратўла «ҳал» қилиб қўядиган бошқа бир «Эгамбердиевлар» олиняптими? Алининг ўрнига Валининг келишидан нима наф. Бу ёмғирдан қочиб дўлга йўлиққанимизни билдирмаяптими?

«Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади». Бу бугун Президентимиз томонидан ҳар бир учрашувда айтилаётган гап. Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда ҳар бир инсонга бахтли бўлиб, ҳаётдан рози яшаш учун тенг имконият яратилмоқда. Шу боис ҳам турли бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда. Афсуски, футбол соҳасида ишлаётган айрим ходимлар инсонларга ёрдам бериш ўрнига уларни сарсон қилишмоқда. Аниқроғи, уларнинг устидан очиқчасига кулишмоқда. Шуми биз орзу қилган янги федерациянинг шаффофлиги. Федерациянинг виждони қаерда қолди? Ёки виждон 12 сентябрда алмашиб кетдими?

Нима деганимни тушунган бўлсангиз керак. «Ориат доно» радиосида Бобур Акмалов, Хайрулла Ҳамидов ва Жамолиддин Бобожонов биргаликда заиф эшитувчилар ва сўзлашда нуқсони бўлган ногиронлар жамоаси мураббийи Рустам Бердиев билан ўтказган интервюни яна бир бор тинглаб кўринг. Бу борада кўп оғир гапларни ёзмоқчи эдим. Аммо бугун, давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларга ёрдам кўрсатилаётган бир вақтда, ногиронларнинг устидан очиқчасига кулган ЎФФ ходими учун бир инсон бисотидаги энг номақбул сўзларни ишлатишни ҳам ҳайф деб билдим.

 ЎФФ қарорларини танқид қилган мутахассисга номуайян чеклов қўйган федерация олдига ёрдам сўраб борган ногиронларни «аёллар формаси билан» аҳмоқ қилган ходимига наҳотки чора кўролмаса? Ёки ночорларнинг устидан кулиш улар учун шарафми? Аслида шундай номақбул ишни қилиб мамлакат шаънини бутун дунё олдида оёқ ости қилаётган одамнинг кимлигини аниқлаб, футболдан номуайян муддатга эмас, балки аниқ қилиб бир умрга четлатиш керак эмасми? Йил давомида барча ҳаракатлар инсон манфаати учун деган даъватларга бўлган муносабати шуми ЎФФнинг?

 Суҳбат давомида минг азобда Таиландга бориб Жаҳон чемпиони бўлиб келган ва якунда Жаҳон чемпиони бўлган ногиронлар жамоаси мураббийи Рустам Бердиев журналист Бобур Акмаловнинг «Тила тилагингни» деган маънода берган саволига оддийгина қилиб деди: «Тренировка қилиб туришимиз учун зал ажратиб беришларини илтимос қиламан» ...

Тўғриси, йиғлагим келди. Миллионлаб маблағни кўкка совураётган, тўрт мучаси соғ бўлган турли ёшдаги терма жамоа вакилларига мусобақаларда гуруҳдан чиққани учун қўша-қўша мошина беришни билган федерация ҳатто тақдирлаш маросимига чақирмагани учун ерга кириб кетса бўлмасмиди.

Адолатнинг катта-кичиги бўлмас экан, тоифаси бўларкан. Манфаатлиси бўларкан. Лобановнинг ҳаракати учун «Насаф»ни жазолаган, камчилигини айтган мутахассисни «номуайян» қилган федерациядан бундан ортиғини кутишнинг ўзи кулгили.

Ўйлайманки, кимдир ўша ногиронларнинг ютуғини албатта Президентимиз Шавкат Мирзиёевга етказади. ЎФФ бермаган эътирофни албатта давлатимиз раҳбари кўрсатади. Аслида улар шунга муносиб. Соғломлари уддалай олмаган ишни улар бажаришди. Хўш, айтингчи, қани Ёшлар иттифоқи. «Келажак бунёдкори» медали Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва шон-шуҳратини юксалтиришга муносиб ҳисса кўшаётган йигитларга берилиш керак эмасми? Қани спорт қўмитаси. Шу йигитларга ҳеч бўлмаса машғулот учун текинга спорт зал қилиб бера олмайдими? Қани параолимпия қўмитаси. Президентимизнинг Жаҳон чемпионларини рағбатлантириш қарорига мувофиқ доимий тўловни амалга оширмайдими? Ёки бунинг учун ҳам таниш-билишчилик керакми? Қани ЎФФ?! Айтингчи, қаерда қолди виждон? Шу масалани ҳам порталга ёзиш керакми энди?

Тўрт мучаси соғ одамларга тўп тарқатиб, стадионда ит-мушук бўлишни Япониядан ўрганиб келгандан кўра ногиронларга шароит қилиб берса бўлмасмиди ПФЛ? «Насаф»дан, «Бухоро»дан тушган пулларга лоақал ўн дона тўп берса бўларди-ку! Ахир улар учун бегона бўлган Таиланд қила олди-ку бу ишни. Наҳотки Шавкат Мирзиёев ногиронларни уй-жой билан таъминлаётган бир вақтда Ўзбекистон футбол федерациясидек нуфузли ташкилот ногиронлигига қарамай Жаҳон чемпиони бўлган 11 нафар ўғлонга тузукроқ совға бера олмаса. Бугунги жамиятдан, бугунги давлат сиёсатидан узилиб бораётган федерация ҳам қачонлардир Президентга ҳисобот берадику. Ахир шаҳар бедарвоза эмаску?. Миллионлаб халқнинг қарғиши бир кун уришига наҳот ақли етмаса буларнинг.

Театрлаштирилган тақдимот маросимига асл чемпионларни чақиришни ўзига эп билмаган федерациядан яна нима кутиш мумкин?!

Бугун ҳар биримиз, бутун халқимиз кўраётган ва сезаётган ҳақиқат шуки, мамлакатимизда давлат идоралари одамлар билан очиқ мулоқот қилишга киришмоқда. Аммо ЎФФ эмас. Халқ талаб ва истаклари асосида ишлаш принциплари ҳаётимизда чуқур жорий қилинмоқда. Аммо ЎФФнинг иши эмас. Бу мамлакатимизнинг стратегик мақсадларига, юксак марраларга фақат ва фақат халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш орқалигина эришиш мумкин эканини такрор ва такрор исботлаб бермоқда. Аммо ЎФФ эмас.

Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимизнинг юрагидан чуқур жой олган, барча бўғиндаги раҳбарлар учун ҳаёт қоидасига, фаолиятнинг бош мезонига айланиши лозим бўлган қуйидаги сўзларни яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман:

«Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак — одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак — аввало халқимиз билан.

Шунда халқимиз биздан рози бўлади.

Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади.

Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади».

Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Сўнгги сўз ўрнида ижтимоий тармоқда ёзилган бир фикрга эътиборингизни қаратмоқчиман. «Давлат федерация ишига аралашса, ФИФА жамоаларни барча мусобақалардан четлатади-я?! Агар шундай бўлса, мен розиман!!! Аммо тепадан аралашув бўлмаса, бу кетишда (тууууут, тууууууут тууууут, туууууууууууут)...!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг