Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олимпиаданинг асосий юлдузлари

Олимпиаданинг асосий юлдузлари

Фото: «sport.rbc.ru»

КХДР дунёдаги энг «ёпиқ» мамлакатлардан саналади. Шу боис шимолий кореялик мухлисаларнинг Жанубий Кореяга келиши, юриш-туриши, овқатланиши-ю ўзига хос тарзда ишқибозлик қилиши ҳақидаги маълумотлар кўпчиликни қизиқтирса керак.

Пхёнчхан олимпиадасидаги энг фаол ишқибозлар гуруҳи шубҳасиз Шимолий Кореядан келди. Улар ҳатто мусобақаларда иштирок этган мамлакат спортчиларига қараганда ҳам анча ёрқинроқ кўринишди.

Даставвал спортчиларининг олимпиадада қатнашиши ҳам аниқ эмас эди. Ўйинлар бошланишига оз вақт қолганида КХДР ҳукуматининг қарори қабул қилинди ва қисқа фурсатда 22 нафар спортчи Пхёнчхан олимпиадасида қатнашиш учун олиб кетилди. Ташкилотчилар ажратган махсус квота орқали тўрт йилликнинг йирик спорт анжуманида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган атлетларни қўллаб-қувватлаш учун нақ 229 кишилик мухлисалар гуруҳи жалб этилди. Махсус топшириқ орқали келган, асосан ёш қизлардан иборат гуруҳ спортчиларни мусобақалар давомида ёлғизлатиб қўймасликлари лозим эди.

Қўллаб-қувватловчилар гуруҳига ёши 25 дан ошмаган, бўйи 160 сантиметрдан паст бўлмаган қизлар қатъий талаблар асосида танлаб олинган. Қизларнинг кўпчилиги Шимолий Кореядаги обрўли оилаларнинг фарзандлари эканлиги айтилмоқда. Бир пайтлар ана шундай гуруҳларда мамлакатнинг бўлажак биринчи хоними Ли Сол Чжу ҳам бошқа мамлакатларга боргани кўпчиликка маълум.

16 йил олдин Шимолий Кореядан қочиб келган Хан Су Жи «NY Times» нашри мухбири билан суҳбатда бир пайтлар у ҳам ана шундай гуруҳда бўлгани, гуруҳга кириш истагида бўлган номзодлар бир неча қатъий мезонлар асосида танлаб олиниши, энг аввало тузумга хайрихоҳ бўлиши, кейин КХДР хавфсизлик хизмати департаменти билан доимий ҳамкорлиги, оилавий «тоза» бўлиши, ҳатто ташқи кўринишига ҳам эътибор берилгани ҳақида айтади.

Шимоллик қизлар Пхёнчханда қатъий тартиб асосида яшамоқда. Улар олимпиада ўтаётган объектларга ярим соатлик масофада жойлашган «Inje Speedium» автодроми яқинидаги курортга жойлашишган. 30 кишилик саф орқали нонушта, тушлик ва кечки овқатга келадиган гуруҳларини катта ёшли қўриқчи эркаклар олиб юради. Ошхонага худди боғча болаларидек иккиталик саф орқали кириб, яна шундай ҳолатда чиқиб кетишади.

«People» нашрининг маълумотига кўра олимпия шаҳарчаси ва бошқа жойларда умуман кўриниш бермайдиган шимоллик қизлар мусобақаларга махсус автобусларда полиция ҳамроҳлигида келишади. Қўриқчи эркаклар қизларни бир дақиқа ҳам назоратдан четда қолдиришмайди. Бегоналар билан гаплашиши тақиқланган мухлисалар махсус рухсат орқали «салом» ёки «сизни кўрганимдан хурсандман» сўзларини корейс тилида айтишлари мумкин.

КХДР мухлисаларини трибуналардан топиб олиш анча осон. Улар бир хил рангдаги либосларда бошқалардан яққол ажралиб туришади. Ишқибозлик қилиш ҳам олдиндан келишилган бир хил кўринишда: Корея яримороли тасвири туширилган байроқлар ҳилпиратилади, жўр овозда ҳайқиришади, қарсак чалишади, биргаликда қўшиқ айтиб, рақсга тушишади. Ҳаракатларни масъул ўргатувчи дирижёр каби бошқариб туради. Ана шундай тартибли мухлисалар кўпчиликнинг тилига тушди, олимпиадага келган оммавий ахборот воситалари уларни «Олимпиаданинг асосий юлдузлари» деб таърифлашди.

Хоккей, фигурали учиш каби мусобақалардаги муваффақиятсиз чиқишлардан кейин КХДР юлдузлари энди шорт-трек иштирокчиси Чо Ун Сонни олқишлашлари мумкин. Ундан сўнг Жанубий Кореяни тарк этишади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг