Ўзбек мураббийлари футболчини четга сотиш, «откат» олиш, ҳакам ва мураббийларни сотиб олиш билан шуғуллангани айтилди

Ўзбек мураббийлари футболчини четга сотиш, «откат» олиш, ҳакам ва мураббийларни сотиб олиш билан шуғуллангани айтилди

Шавкат Имомов

Фото: www.the-uff.com

Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайтида Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Хитойда ўтаётган Осиё чемпионатидаги илк ўйинида қайд этган мағлубиятидан сўнг мураббийлар фаолиятига бағишланган мақола эълон қилинди.

Мақолада мағлубиятда мураббийларнинг хатоси бор экани алоҳида қайд этилган ва мамлакатимизда мураббийлар тайёрлаш тизими ҳақида сўз юритилган. Ўзбекистон футбол федерациясида янги ташкил этилаётган Мураббийлар тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Шавкат Имомов ана шу масалаларда журналист саволларига жавоб қайтарган.

«Ўзбекистонда мураббийларни тайёрлаш тизими издан чиққан десак бўлади. Кўп йиллардан бери бу тизим етарли даражада ишламаяпти. Мураббийларнинг савияси, уларнинг даражаси билан шу пайтга қадар ҳеч ким қизиқмаган. Охирги 11 йил ичида Ўзбекистон ҳудудида ўтказилган мураббийлар тайёрлаш бўйича ОФК ва ЎФФ курслари Мураббийлар ва ҳакамлар тайёрлаш республика мактаби орқали ўтказилган. Мураббийлар ўқув курсларини битиргач, уларнинг кейинги фаолияти федерация томонидан назоратга олинмаган.

Бугунги кунгача Мураббийлар ва ҳакамлар тайёрлаш республика мактабининг асосий мақсади сифатга эмас, сонга эътибор қаратиш бўлган. Чунки қанча кўп мураббий курсларда ўқиса, ушбу мактабга шунча кўп пул тушган.

Мураббийларнинг савияси доимий равишда ошириб бориш йўлга қўйилмаган. Ҳолбуки, мураббий доимий равишда ўз устида ишлаши, замонавий футбол билан ҳамнафас бўлиши керак», — дея таъкидлаган бошқарма бошлиғи.

Имомовнинг сўзларига кўра, эндиликда мураббийлар лицензияни Ўзбекистон футбол федерациясидан олишлари йўлга қўйилади. Федерациядаги мутахассислар бу борада шаффофлик ва ҳаққонийлик таъминланишига, фақат ўз касбининг усталари бўлган фидоий инсонлар мураббийлик билан шуғулланишларига масъул бўладилар.

Федерация бошқарма бошлиғи айрим мураббийлар терма жамоа натижасидан кўра ўз манфаатини манфаатини устун қўйганини қайд этган. Аммо гап айнан қайси мураббий ҳақида бораётганига аниқлик киритилмаган. ЎФФ мулозимининг айтишича, «бундай мураббийларнинг асосий мақсади терма жамоа ғалабаси эмас, балки терма жамоада тўп сураётган футболчиларни чет эл клубларига сотиб, пул ишлаб олиш» бўлиб қолган. Бундан ташқари, баъзи мураббийлар хориждан легионер олиб келиб, уларга катта ойлик белгилашган. Кейин ўша ойликнинг маълум қисмини «откат» сифатида ўзлари олиб юришган. Хориждан таклиф этилган савиясиз легионерлар бундай қинғирликларга «жон» деб рози бўлишган. Шунингдек, маҳаллий футболчиларнинг ойлик маошидан ҳам «откат» олувчи мураббийлар ҳам бўлган.

Яна бир муаммони айтиб ўтиш керак. Миллий чемпионатда иштирок этувчи аксарият клублар бошлиқлари мураббийдан ҳар қандай йўл билан бўлса-да, натижа кўрсатишни, уч очкони қўлга киритишни талаб қилишган. Бундай вазиятда мураббий ўз устида ишлаб, ҳаққоний ўйинда ғалаба қозониш ўрнига, натижага эришишнинг қинғир йўлларини излашга тушишган. Баъзи ўйинларда ҳакамлар сотиб олинган бўлса, баъзан эса рақиб жамоа мураббийлари билан келишув эвазига ўйин натижалари аввалдан ҳал қилинган. Шубҳасиз, бу каби иллатлар халқаро ўйинларда ўз салбий натижасини кўрсатиши аниқ эди.

Шавкат Имомов

Мақолада айтилишича, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун Ўзбекистон футбол федерациясидаги Техник ривожлантириш бошқармасида Мураббийлар тайёрлаш бўйича бўлимини алоҳида бошқармага айлантириш ишлари бошланди. Ушбу бошқарманинг асосий мақсади Ўзбекистонда малакали мураббийларни тайёрлаш, уларнинг сонини эмас, сифати ва савиясини оширишдан иборат бўлади. Эндиликда мураббий касбини эгалламоқчи бўлганлар олдига қўйиладиган талаблар ҳам анча қатъийлашади. Шунингдек, мураббийлар савияси мунтазам равишда ошириб борилиши йўлга қўйилади.

«Бу борадаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Жумладан, Жанубий Корея футбол ассоциацияси билан имзоланган меморандум асосида Суперлига мураббийлари малака ошириш учун Кей-лигага юборилмоқда. Улар у ерда тажрибали мураббийлар билан фикр алмашиб, янгича ишлаш услубларини ўрганиб келишади. Семинар давомида мураббийларга машғулотлар ўтказиш, футболчиларни ўйинларга тайёрлаш, янги тактикалар ишлаб чиқиш ва уларни ўйинлар давомида жорий қилиш бўйича маълумотлар бериб ўтилади. Бундай семинарларни нафақат Осиё мамлакатларида, балки футболи анча ривожланган Европа мамлакатларида ҳам ўтказиш режалаштирилган», — дейилади мақолада.