Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон терма жамоаси Тожикистон билан ўртоқлик ўйини ўтказади

Ўзбекистон терма жамоаси Тожикистон билан ўртоқлик ўйини ўтказади

Фото: www.the-uff.com

Бугун Умид Аҳмаджонов ЎФА биринчи вице-президенти сифатида Тожикистон футбол федерацияси президенти Рустам Эмомали билан учрашди.

ЎФА расмий сайтида ёзилишича, учрашувдан кўзланган мақсад — қўшни республика футболи қитъада ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши учун ўзаро ҳамкорлик қилишдан иборат. Маълумки, Тожикистон миллий терма жамоаси 2019 йил БАА мезбонлик қиладиган Осиё Кубогига йўлланмани қўлга кирита олмади. Шунга қарамай, маҳаллий футбол мухлислари яқин келажакдаги катта ғалабалардан умидвор.

Бу йўлда икки қўшни мамлакат футбол уюшмаларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши мумкин. Келишувга кўра, Тожикистон футбол клублари ўзининг ўқув-йиғин машғулотларини олиб бориши учун Ўзбекистонда имкониятлар кенгайтириб берилади.

Бир неча йиллардан буён кузатилмаётган клублар ва терма жамоалар миқёсидаги ўзаро ўртоқлик ўйинларини тиклаш устида иш олиб борилади. Бу борада МОҚ ҳамда ЎФА тожикистонлик спортчиларни кутиб олишга доим тайёр туради.

«Қайд этиш керак, Умид Аҳмаджонов CAFA (Марказий Осиё, Эрон, Афғонистон футбол ассоциациялари) президенти ҳам ҳисобланади. Тожикистон ҳам унга аъзо эканидан келиб чиқилса, энди қўшни мамлакат футбол федерацияси ҳам мазкур ассоциациянинг фаол аъзосига айланади ҳамда ўзаро ўртоқлик ўйинлари масаласига эътибор қаратади. Ўзбекистон спорти эса фақатгина шу билан тўхтаб қолмайди ва қолган қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш масалалари устида ҳам иш олиб боради», — дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг