Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президентнинг спортга оид имзолайдиган қарори ижросини Бош прокуратура назорат қилади

Президентнинг спортга оид имзолайдиган қарори ижросини Бош прокуратура назорат қилади

Фото: ЎФА расмий сайти

Кеча пойтахтимиздаги Ўзбекистон миллий академик драма театрида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан спорт федерация ва ассоциациялар, олимпия захиралари спорт коллежлари, ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари тизимларида фаолият олиб бораётган мутахассислар ўртасида учрашув, ўзига хос очиқ мулоқот ташкил қилинди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов, Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари Бекзод Мавлянов, миллий олимпия қўмитаси президенти ва мамлакат футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроиловлар иштирок этишди.

Шахсан Президент топшириғига биноан ташкил этилган учрашувда соҳа мутахассислари ўз таклифлари билан чиқиш қилишди. Мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими хақида сўз борди. Шунингдек, айни пайтда яратилган шароитлардан самарали фойдаланмаслик, бунинг оқибатида натижаларнинг пасайиб кетиши, селекция ишларининг тўғри йўналишда олиб борилмаслиги, ёш ва иқтидорли спортчиларнинг четда қолиб кетаётганлиги энг катта камчилик эканлиги таъкидланди.

Олимпия захиралари коллежлари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари фаолияти ислоҳотларга муҳтож эканлиги, малакали кадрлар етишмаслиги, мактабгача таълим муассасалари ҳамда ўрта мактабларда жисмоний тарбия фани ва спорт тўгараклари талаб даражасида ўтилмаслиги каби муаммолар кўтарилди.

Фото: ЎФА расмий сайти

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов ҳам сўзга чиққан.

Яқин кунлар ичида муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан имзоланадиган қарорда Сиз - соҳа мутахассисларнинг фикри ҳам инобатга олиниши керак. Албатта, ҳақли савол тузилиши табиий. Нима учун Бош прокурор спорт масаласидаги йиғилишга келди? Чунки, янги қарор ижроси айнан Бош прокуратура томонидан назорат қилинади. Бунинг учун катта ишчи гуруҳи тузилган. Шу сабабли ҳам, мамлакат раҳбарининг топшириғи билан бу ерга келдим. Спорт тизимини тубдан ислоҳ қилиш, қайта кўриб чиқиш учун нималар қилишимиз лозим? Янги қарор учун қандай қўшимчалар киритсак самарадорликка эришишимиз мумкин бўлади? Марҳамат, ўз фикрингиз билан ўртоқлашинг.

Отабек Муродов

Шунингдек, Умид Аҳмаджонов ҳам йиғилганлардан тортинмай ўз таклифини беришларини, мазкур тарихий қарорда яна нималарга аҳамият берилиши лозимлигини сўради:

Бугунги мулоқот орқали муаммоларни ҳал қилиб, камчиликларни бартараф этишимиз керак. Айнан Сиз ва бизнинг фикримиз кутилаётган қарорда ўз аксини топади. Соҳада муаммолар етарли, бугун биз уларни аниқлашимиз, уларни бартараф этиш чораларини кўришимиз ва янги қарор самарали ишлаши учун тегишли бандларни киритишимиз зарур. Шунингдек, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларни мақсадли сарфланишини назорат қилишимиз, бу борада тизимни қайтадан кўриб чиқишимиз зарур.

Умид Аҳмаджонов

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари вакиллари, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши мутасаддилари, Олимпия захиралари коллежлари, иқтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари раҳбарлари сўзга чиқиб, ўз таклифларини билдиришди. Спорт соҳасида тўпланиб қолган муаммолар, уларни бартараф этиш учун нималар қилиш лозимлиги ҳақида гапирдилар.

Йиғилиш иштирокчилари таълим тизимидаги жисмоний тарбия ўқитувчилари билан узвий боғлиқликни йўлга қўйиш, селекционер мураббийлар ролини кучайтириш, спорт мажмуаларини сифатли жиҳозлар билан таъминлаш, улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида янги қарор учун лозим бўлган ўз фикр ва мулоҳазаларини маълум қилишди. Яқин кунларда эълон қилиниши кутилаётган қарорда ушбу таклифлар албатта эътиборга олиниши қайд этиб ўтилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг