Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Профессор шахматнинг ватани Ўзбекистон эканини айтди

Профессор шахматнинг ватани Ўзбекистон эканини айтди

Фото: ЎзА

«Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети профессори, археолог Юрий Буряков шахмат тарихида янгилик яратди. Археолог 1990 йил Самарқанд яқинидаги шаҳарнинг қадимий қисми Афросиёбда олиб борилган қазишма давомида фил суягидан ясалган 7 дона шахмат ҳайкалини топган. Бу шу давргача дунё миқёсида энг тўлиқ тўпламдаги топилма ҳисобланади», — деб иқтисод фанлари доктори, профессор Баҳодир Умурзоқов. Унинг мақоласи ЎзАда эълон қилинди.

Мақолада айтилишича, 1996 йилда япониялик археологлар мамлакатимиз жанубидаги қадимий Далварзинтепа ҳудудида Кушон империяси даврига оид иккита ноёб шахмат ҳайкалчасини топган. Бу милоддан аввалги II асрда қадимий Ўзбекистонда шахмат ўйини бўлганини англатади.

Ўзбекистон жанубидаги ушбу тарихий топилма шахмат ўйини тарихига бўлган қарашни ўзгартирди. Ўзбекистонда шахмат ҳайкалчалари ҳунармандлар яшаган уйлар, ҳаммомлар харобаларида олиб борилган қазишмалардан топилгани шахмат кенг аҳоли қатлами орасида ҳам машҳур бўлганини яққол тасдиқлайди.

Шахматнинг Ўзбекистонда пайдо бўлганини исботловчи яна бир мисоллардан бири – унинг номланишидир.

Тарихдан маълумки, Ҳиндистонда II асрдан XVI асргача шоҳ ва подшоҳлар бўлмаган. Буюк Бобурийлар сулоласига қадар Ҳиндистонда ражлар ҳукмдор саналган. Шу боис, шахмат номининг келиб чиқиши ҳинд тилига тааллуқли бўлиши бироз шубҳали. Сўзнинг иккинчи бўғини бўлмиш «мот» сўзи ҳам ўзбек тилида «чорасиз ҳолат» деган маънони англатади.

Археолог Юрий Буряков Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Тошкентда шахмат ўйини кенг тарқалганини, бу Буюк ипак йўли бўйлаб туялар карвони юрган йўналишларга тўғри келишини қайд этган.

Археолог шахмат ўйинининг мумтоз тарихи бўйича, шахматни буддизм роҳиблари эмас, қадимги Самарқанд шаҳрининг савдогарлари тарқатган, деб ҳисоблайди. Улар Шарқда ўз ваколатхоналарига асос солган бўлиб, бу ҳудуд Сибирнинг жануби ва Хитойни, Ғарбда Мисргача бўлган ерларни қамраб олган.

Юрий Буряковнинг фикрича, бу ўйин Европага араблар орқали эмас, булғорлар томонидан етказилган. Уларнинг дастлабки ватани Волгабўйи бўлиб, тарихдан Самарқанд ва Бухоро бу ўлка билан юз йиллар давомида яқин иқтисодий алоқаларни ўрнатгани маълум. Қадимги булғорларнинг X асрга оид «Кормчията» китобида муаллиф шарқий тилларга оид «шахмат» – «шоҳга ўлим» иборасини қўллагани бунга яққол мисолдир. Демак, шахмат Волгабўйи орқали Қадимий Русга етиб борган.

Манбаларга кўра, қадимда ҳинд ва араб шахмат ўйинида қора ва қизил рангли тошлар ўйнаган. Ушбу ўйин Ғарбга кўчгач, ўйинчилар оқ ва қизил рангли ҳайкалчалар билан ўйнай бошлайди. XIII асрда дин таъсири остида ҳамда Аристотель назарияси бўйича бу ранглар оқ ва қорага ўзгаради. Шахмат майдони ҳақида сўз юритилганда эса, бошида қизил-қора ёки қизил-оқ рангли катакчалардан иборат шахмат тахтаси бўлган, деган тахмин ҳам мавжуд. Ҳатто бу ўйин учун махсус тахта ўйлаб топилмасдан аввал тошга бўр ёки ерга қўл ёрдамида вертикал ва горизонтал чизиқлар чизиб ҳам шахмат ўйналгани ҳақида айтилади.

Бундан ташқари, ўйинга бўлган ёндашувдан ҳам шахматнинг ватани Шарқ эканини англаш қийин эмас. Маълумки, мусулмон ва насронийлар жангда турли юришларни қўллаган. Ўрта аср насронийлари учун жанг кичик гуруҳлар ўртасидаги адоғи йўқ тортишувлар, тўхтовсиз ҳужумлар, тасодифий босқинчиликларни ифодалаган. Улар учун ғалаба эмас, жанг жараёни муҳим саналган. Шу боис ҳам, шахмат ўйини, унинг якуний қисми – рақиб шоҳни «мот қилиши», уни устидан ғалаба қозониши ва уни «ағдариши» уларни ажаблантирган. Мусулмон анъаналарига кўра эса, шоҳни асирга олиш шарт бўлган стратегияга асосланган якуний натижа аҳамиятли саналган. Шунингдек, улар реалликка мос қилиб, яъни шоҳ, отлиқ, пиёда кабилар тушунарли бўлиши учун шахмат ҳайкалчаларини ҳам ўйлаб топган. Бироқ пиёдаларнинг тахта бўйлаб юриши чоғида малика бўла олиши мумкинлиги мусулмонлардан фарқли ўлароқ насронийларда, янги қийинчиликни юзага келтирган. Чунки, қирол бир неча хотинга эмас, маслаҳатчига эга бўлиши мумкин бўлган. Шу боис ҳам, улар бутун майдон юриб ўтган пиёдаларни «дамка» деб атаган ва фақат битта – қирол билан жуфт бўлган ҳайкалча, қиролича бўлган. Шунингдек, одатда граф, байроқдор, епископ ёки масхарабозга ҳам айлана оладиган филнинг ўрни ўзгариб борган.

Буларнинг барчаси шахмат Шарқда пайдо бўлгани ва энг аввало, ўзбек халқи аждодлари шахмат ривожига салмоқли ҳисса қўшганини англатади. Шу тариқа шахмат ўйини Европада XVI асрга келибоқ «замонавий қиёфа» касб этди.

Аҳоли, айниқса, ёшларнинг шахматга бўлган қизиқиши ва муҳаббати туфайли 1996 йил март ойида Ўзбекистон миллий шахмат федерацияси ташкил этилди. Ушбу ташкилот Халқаро федерация, Осиё шахмат федерацияси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Бугунги кунда 168 минг нафардан ортиқ юртдошимиз федерация аъзоси ҳисобланади.

Ўзбек шахматчиси, халқаро гроссмейстер Рустам Қосимжонов Халқаро шахмат федерацияси йўналишида 2004 йилда жаҳон чемпиони бўлди. Ҳозирда у дунёнинг энг кучли шахматчилари сафида.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 22 нафар халқаро гроссмейстер, жумладан, дунёнинг энг ёш халқаро гроссмейстери, 12 ёшли Нодирбек Абдусатторов, 4 нафар аёл гроссмейстер, Халқаро шахмат федерациясининг 24 нафар халқаро шахмат устаси мавжуд. Ўзбекистон халқаро гроссмейстерларнинг аҳоли жон бошига улуши бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди.

Ўзбек халқининг қадимий шахмат анъаналарига кўра, асосан мактабгача ёшдаги ва бошланғич синф ўқувчилари ушбу спорт турига тобора кенг жалб этилмоқда. Шу боис, улар ўз ёш тоифаси бўйича жаҳон чемпионлари бўлмоқда.

ФИДЕ (Халқаро шахмат федерацияси) президенти К.Илюмжинов Ўзбекистон шахмат федерациясининг жорий йил 8 июндаги конференциясида замонавий шахматнинг ватани аслида Ўзбекистон экани, мамлакатимиз ушбу қадимий интеллектуал ўйиннинг дунё ва Марказий Осиёда янада оммалашувига катта ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг